Тожикистон: футболдан ким завқланди, ким таёқ еб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тожикистон футбол терма командаси жаҳон чемпионатининг навбатдаги саралаш ўйинини одатдагидай Душанбеда эмас, мамлакат шимолидаги Хўжанд шаҳрида ўтказди. Шимолий Қурия билан ўтказилган бу ўйин 1:1 ҳисобида тугади.

Ўзбекистон дохил «С» гуруҳида тўп сурган тожикистонлик футболчилар шу тарзда дастлабки очкони қўлга киритишди.

Ҳужумчи Аҳтам Ҳамроқулов киритган тўп эса, Тожикистон футбол терма командасининг 2014 йилги саралаш ўйинларидаги дастлабки голи бўлди.

Бунгача Тожикистон барча ўйинларни бой бериб, ўз дарвозасига 18 тўп ўтказиб юборганди.

Аслида тожикистонлик футболчилар бундан олдин жаҳон биринчилиги йўлланмасидан маҳрум бўлишганди.

Лекин босниялик янги бош мураббий Кемал Алиспахич ўз қўл остидагиларнинг фақатгина мағлубият учун ўйнамаётганларини исботлашга эришди.

Кемал Алиспахич ўйиндан олдин «Иншооллоҳ, биз ғалаба қиламиз», деганди.

Ўйин бўлиб ўтган Хўжанддаги 25 минг томошабинга мўлжалланган «Истиқлол 20 йиллиги» ўйингоҳи ишқибозлар билан тўлиб-тошиб кетди.

Аввалига футбол ўйини ташкилотчилари стадионни тўлдириш учун Тожикистоннинг таниқли санъаткорлари иштирокида консерт уюштиришди.

Ютуғига енгил машина қўйилган лоторея ташкил этилди.

Нархи 10 сомоний ( 2 АҚШ долларидан бироз кўпроқ) турадиган билет ўйиндан олдин 50 сомонийга чиқиб кетди.

Аммо

Футбол бошланишидан икки соат олдин ўйингоҳга яқинлашиш амримаҳол бўлиб қолди.

Ҳали эрта тонгданоқ Хўжанд шахрининг ўнг ва чап соҳил қисмларини боғловчи асосий кўприк ёпиб қўйилди.

Юзлаб одамлар ишга, бозор-ўчарга яёв келишга мажбур бўлишган.

Ўйингоҳ эса ҳали футбол ўйини бошланишига бир-бир ярим соат қолганда лиқ тўлган. Қўлида чиптаси бўлган минглаб одамлар ташқарида қолиб кетишган. Олибсотарлар бир кун илгари 50 сомонийдан сотилаётган чипта нархини ўн баравар туширишса-да, ҳеч ким қарамаган.

Ўйингоҳ атрофида ҳақиқий олатасир юз берган. Ниқобли «Омон»чилар қўлларидаги сўйил билан одамларни туртиб, нари суришган.

«Ўйингоҳга фақат битта дарвозадан кириш мумкин эди. Мен минглаб ишқибозлар қаторида қўлимда чиптам бўла туриб, ичкари кира олмадим. Дарвоза олдида милиция ходимлари мухлисларни итараб-суриб ташлашди, уришди. Бунга чидаёлмаган айрим ишқибозлар жавоб қилишди», дейди футбол ишқибозларидан бири.

Бошқа бир ишқибознинг айтишича, оломон милиция ходимларини суриб, дарвоза томон интилгач, ўт ўчириш машинасидан одамлар устига совуқ сув сепилган.

Футбол кўриш умидида борган фақат хўжандликлар эмас, Шимолий Тожикистоннинг узоқ-яқин туманларидан келган минглаб одамлар чипта пулларига куйиб, беҳуда кетган вақтларига ачиниб, юзлаб милиция ходимларининг ҳақорат ва турткиларидан кайфиятлари бузилиб уйларига қайтишди», дейди кузатувчилардан бири.

Бу мавзуда батафсилроқ