Вадим Абрамов: 'Бугунги ғалаба учун тер тўкиб қўйгандик' - эксклюзив

2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувида тўрт карра Осиё чемпиони япониялик рақибларини сафарда 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Нақ учрашув ортидан, Би-би-си Ўзбек Хизмати жамоа бош мураббийси Вадим Абрамов билан Япониянинг Нагойя шаҳридаги "Тойота" стадионининг ўзидан боғланди:

Вадим Абрамов: Японияга қарши ғалаба биз учун кутилмаган бўлди, деб айтмаган бўлардим. Чунки биз бу ғалаба учун тер тўкиб қўйгандик. Биз учун жуда одатий бир ҳол бу. Буни ҳали Тошкентда қилишимиз керак эди. Тошкентда қилолмаган ишимизни Япониянинг ўзида қилдик. Биз учун бунинг бирор бир ғайриодатий ери йўқ.

Би-би-си: Бугун шогирдларингизнинг Японияга қарши кўрсатган ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?

Вадим Абрамов: Ўйинларидан буткул қониқиш ҳосил қилдим деб айтолмасман. Аммо ўзбекистонлик футболчилар ўйин учун қанчалик жонларини жабборга беришлари билан ҳақиқий футболчи эканликларини намойиш этишди. Бу - албатта, қувонарли.

Би-би-си: Вадим ака, агар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг японларга қарши ўйинидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ФИФАнинг қарори билан дисквалификация қилинган бешта етакчи футболчингизсиз ҳам тўртинчи босқич беллашувларининг дастлабки учрашувини бемалол ўтказа оласиз? Шундайми?

Вадим Абрамов: Қийин бўлмайди, деб айтолмайману, аммо беш футболчимизнинг ўринларини боса оладиган муносиб ўйинчиларимиз борлигини кўрсатдик.

Би-би-си: Демак, бугунги ўйин буни амалда исботлади?

Вадим Абрамов: Умид қиламанки, ҳа. Менимча, энди улар ҳам қарорларининг биз учун у қадар катта аҳамиятга эга эмаслигини англаб етишди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг оламшумул ютуғи Ўзбекистонда қандай қарши олинди. Тошкентдан Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов билан суҳбат:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Александр Шадрин учрашувнинг 54-дақиқасида Япония дарвозасига киритилган ягона тўпнинг муаллифига айланди. Ҳакам ўйин қоидаси бузилганини айтиб, ўйиннинг 36-дақиқасида ўзбекистонликлар дарвозасига урилган тўпни инобатга олмади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Японияга қарши ўтган йил сентябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки учрашувини 1:1 дуранг ҳисоби билан якунлаган. Учинчи босқич саралаш учрашувларини 1 та дуранг ва беш ғалаба билан тугатган Ўзбекистон миллий терма жамоаси "С" гуруҳида 16 очко билан пешқадам мавқеини сақлаб қолди. Бу қитъанинг энг кучлилари саналган япониялик футболчилар жамлаган жаъми очколардан 6 тага кўпдир. Тожикистон ва Шимолий Корея орасидаги ўйин эса, 1:1, дуранг ҳисоби билан якунланди.

Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашув тафсилотлари билан танишиш учун мана шу линкни босинг.

Тарихча ўрнида...

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳар икки терма жамоа кейинги, тўртинчи босқич саралаш беллашувларига муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритиб бўлишган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси “С” гуруҳида ўтказган учрашувларини бир дуранг ва тўртта ғалаба билан якунлаган.

Беш ўйиндан 13 очко тўплашга муваффақ бўлган ўзбекистонлик футболчилар жорий пайтда, ҳатто, Японияни ортга суриб, ўз гуруҳларида етакчилик қилиб туришибди.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳали ўз тарихларида бирор марта ҳам Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлишмаган.

Аммо ўзбекистонлик кўзга кўринган футбол шарҳловчилари Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу гал жуда яхши имкониятга эга эканини башорат қилишаётганди.

Лекин

Шу йилнинг 17 феврал куни Халқаро Футбол Уюшмаси (ФИФА) Тартиб-интизом қўмитаси тожикистонлик рақибларига қарши сўнгги учрашувларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Футбол Уюшмаси ва миллий терма жамоа беш нафар сара ўйинчисини жазолашга қарор қилди.

Уларнинг орасида жамоа сардори, икки карра “Осиёнинг энг зўр футболчиси” Сервер Жепаров ҳам бор.

ФИФА қарорига мувофиқ, бешовлон халқаро ташкилотга жарима тўлаш билан бирга, эрта ва тўртинчи саралаш босқич беллашувларининг биринчи тур учрашувида ҳам майдонга туша олишмайди.

Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон Футбол Уюшмасининг 20 феврал куни йўллаган аппелляция мактуби ҳам бугун халқаро ташкилот томонидан рад этилган.

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси, “жазо чораларининг ҳаддан ташқари кескин эканини айтиб, беш нафар футболчисининг дисквалификация қилинишига доир қарорни қайта кўриб чиқишни сўраганди”.

Сервер Жепаровдан ташқари, уларнинг орасида яна Шавкатжон Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев ва Вагиз Галиулинлар ҳам бор эди.

Расмий раддиядан аён бўлишича, ФИФА, “огоҳлантириш, ҳайфсан, икки ой муддат ичида 3 тадан кам бўлган ўйинга дисквалификация қилинганлик, тартиб-интизом кодексининг 64–бандидан келиб чиқиб чиқарилган қарорлар юзасидан ёзилган аппелляцияларга эътибор қаратмайди”.

Саралаш босқич беллашувларида қатнашиш истагини билдириб эса, Осиё қитъасидан жаъми 43 давлат ариза топширганди.

Шуларнинг орасидан Марказий Осиё минтақасини ҳозирги босқичда фақат Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари намоён этишмоқда.

Улар “омон қолган” 20 миллий терма жамоа қаторида 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та ўрин учун кураш олиб боришмоқда.

Шундай экан, Японияга қарши сўнгги учрашув олдидан ўзбекистонлик мураббий ва футболчиларнинг кайфиятлари қандай? Мен ушбу савол билан Токиодан Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Вадим Абрамовга боғландим:

Вадим Абрамов: Футболчиларимизнинг кайфиятлари яхши. Уларнинг ўринларини боса оладиган ўйинчиларимиз етарли. Марҳамат, яна истаган қарорларини қабул қилишсин, биз ўз кучимизга ишонамиз.

Би-би-си: Агар сўнгги хабарларга қарайдиган бўлсак, ФИФА Ўзбекистон Футбол Уюшмасининг аппелляция мактубига рад жавобини берибди. Халқаро ташкилотнинг раддиясига сизнинг муносабатингиз?

Вадим Абрамов: Шу пайтга қадар ФИФА бу каби қарор қабул қилмаган. Ўйлайманки, биздан кейин ҳам ҳеч қачон бу ишни қилмайди. Бунга ишончим комил. Шунинг учун ҳам, бу масала хусусида ҳеч бўлмаганда битта мураббийнинг фикрини эшитиш мен учун қизиқ бўларди. Истаган номдор мураббийингизга қўнғироқ қилинг-да, ФИФАнинг қарори юзасидан фикрини сўранг. Шу...

Би-би-си: У ҳолда нима учун айнан Ўзбекистонга нисбатан бундай йўл тутди, деб ўйлайсиз?

Вадим Абрамов: Билмайман. Бирор бир фаразни илгари суролмайман. Шу боис, ҳозирча буни шарҳлай олмайман.

Би-би-си: Эртанги учрашув Сиз ва жамоангиз учун нимаси билан муҳим?

Вадим Абрамов: Асосий вазифа – гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолиш ва учинчи босқич саралаш беллашувларини муносиб якунлаш.