Руслан Чагаев: 'Чисорани жазолаш керак, лекин бунчалик эмас'

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал боксда собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг айтишича, Жаҳон Бокс Кенгашнинг қилган қилиғи учун Дерек Чисорани номаълум муддатга рингдан четлатиш ва ўз таснифида Жаҳон чемпионлиги камари учун беллашишдан маҳрум этиш қарори ниҳоятда кескин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Албатта, қилган иши учун Дерек Чисора жазоланиши керак эди. Лекин уни номаълум муддатга эмас, бир йилга дисквалификация қилиш, жаримага тортишлари мумкин эди. Чунки унинг ҳам оиласи бор, уларни боқиши керак, инсонийлик томондан бу анчайин кескин қарор, назаримда", дейди Руслан Чагаев.

Руслан Чагаев, ўз ўрнида, бизнес, жангнинг рейтингини кўтариш каби нарсаларни тўғри тушуниши, аммо Дерек Чисоранинг қилган иши нотўғри бўлгани, бу - бокснинг обрўсини туширадиган иш эканини айтади.

Икковлон орасида кечган жангга баҳо бераркан, Русланнинг фикрича, британиялик боксчи Дерек Чисорага фақат тажрибаси камлиги панд берган, Виталий Кличко эса, айнан катта малакага эга бўлгани туфайли уни мағлуб этган.

Ака-ука Кличколарнинг "енгилмас"ликлари сабабига тўхталаркан, ўзбекистонлик донгдор боксчи икковлоннинг кучини эътироф этган ҳолда, ҳар бир боксчининг ўз "вақти-соати" борлиги, уларнинг ўринларига ҳам ҳали янги боксчилар келишини урғулайди.

"Майк Тайсон ва Муҳаммад Алилар пайтида ҳам ҳамма шундай деб ўйлаган. Мана, уларни ҳеч ким ютолмайди, деб. Аммо вақти келиб, Майкс Тайсон ҳам ютқизди, Муҳаммад Али ҳам ютқизди...", дейди у.

Тарихча ўрнида

Жаҳон Бокс Кенгаши ўзининг сўнгги баёнотида британиялик боксчи Дерек Чисорани номаълум муддатга жанглардан четлатиб, унинг хулқ-атворини ҳам кескин танқид қилган.

Бунга Дерек Чисоранинг сўнгги жанги ортидан уюштирилган матбуот анжумани чоғида боксчи ҳамюрти Девид Ҳей билан ёқалашиб кетиши сабаб бўлган.

Дерек Чисора, бундан ташқари, жанг арафасида украиналик рақиби Виталий Кличконинг юзига шапалоқ тортган ва жангдан олдин унинг укаси Владимир Кличконинг юзига сув ҳам сепиб юборганди.

Жаҳон Бокс Кенгашининг ўз баёнотида билдиришича, ҳали бирор бир профессионал боксчининг ўзини бу каби ёмон тутганига гувоҳ бўлмаган.

Кенгаш қилган қилиғи учун Дерек Чисорани ўз сафларидан чиқариб ташлаган ва ўз таснифида энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камари учун беллашишдан ҳам маҳрум этган. Катта миқдорда жаримага тортган. Ғазабни жиловловчи курсаларга боришни тавсия қилган.

Аммо кенгаш Дерек Чисора ўз талабларини бажарадиган бўлса, унинг иши маҳкама тингловида кўриб чиқилиб, жазолар бироз юмшатилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

WBC таснифида энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун 18 феврал куни Олмонияда бўлиб ўтган жангда Виталий Кличко яна бир бор ўз камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлганди.

Дерек Чисора ёқалашиб кетган ҳамюрти Девид Ҳей эса, ўтган йил Виталийнинг укаси Владимир Кличкога ютқазиб, энг оғир вазн тоифасида WBA йўналишида Жаҳон чемпионлигидан маҳрум бўлганди.

Ўша йили Девид Ҳей жанг олиб боришдан бош тортгани учун айрим хабарларда Дерек Чисора ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг эҳтимолий рақибларидан бири сифатида ҳам тилга олинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ