Ўзбекистон 2 – 3 Бирлашган Араб Амирликлари, ҳал қилувчи учрашувда мағлубият

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.com
Image caption Ўзбекистонлик футбол мутахассислари эртанги учрашувда Олимпия терма жамоаларининг ғалаба қозониши борасида некбин...

Тошкентнинг "Жар" стадионида бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйди.

Сўнгги ғалабаси ортидан, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма амирлик ёшларига насиб этди.

Ҳар икки Олимпия терма жамоаси учун ҳам ҳал қилувчи учрашувнинг 34-дақиқасида Олег Зотеев томонидан урилган тўп ўзбекистонлик футболчиларни олдинга олиб чиққанди.

Учрашувнинг 2-қисми дастлабки дақиқаларида Фозил Мусаев киритган иккинчи тўп Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ғалабасини янада мустаҳкамлади.

Аммо орадан қисқа вақт ўтмай, Аҳмад Халилнинг бир ўзи ўйинда ҳисобни тенглаштирди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Хабуш Солиҳ томонидан киритилган тўп Бирлашган Араб Амирликларининг ғалабасига ортиқ ҳеч қандай шубҳа қолдирмади.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳеч қачон Олимпиада Ўйинларига чиқиш имкониятига бу қадар яқин бўлишмаганди.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Бирлашган Араб Амирликлари ёшларига ҳам бу каби шараф илк бор насиб этди.

Бу - учинчи босқич саралаш беллашувларининг ҳал қилувчи сўнгги учрашуви эди.

Хўш, ўзбекистонлик футболчиларга нима панд берди?

Суҳбатдошим ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Энди нима бўлади?

Сўнгги мағлубияти ортидан, ўз гуруҳида иккинчи ўринда қолган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси энди Олимпия Ўйинларига йўлланма олиш учун плей-офф учрашувларида иштирок этиши лозим бўлади.

Яъни жорий босқичда Ўйинларга Осиё қитъасидан бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун 12 та терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Учинчи тур саралаш босқич учрашувлари якуний натижаларига мувофиқ, Лондон Олимпиадасига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритувчи тўртта терма жамоанинг тақдири аниқ бўлади.

Бунинг учун ўша терма жамоаларнинг ўз гуруҳларида фақат биринчи ўринни эгаллашлари тақозо этилади.

Ўз гуруҳида иккинчи ўринни олган уч жамоа эса, яна плей-офф беллашувларида иштирок этиши лозим бўлади.

Вьетнамда бўлиб ўтажак ўйинлар ғолиби Сенегалга қарши майдонга тушади.

Вьетнамдаги плей-офф учрашувлари 25-29 март кунлари Ўзбекистон, Сурия ва Уммон Олимпия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

Ғолиб чиққан жамоа Сенегалга қарши 23 апрелда Англия майдонида тўп суради.

Тўртинчи йўлланма тақдири худди ана шу учрашувда ҳал бўлади.

Учрашув олдидан

Мен ўйин арафасида Тошкентдан терма жамоа Бош мураббийси Вадим Абрамов билан боғланиб, ҳаёт-мамот учрашувига сўнгги ҳозирликлари билан қизиқдим:

Вадим Абрамов: Албатта, бўлажак учрашувга тайёрмиз. Шунчалик муҳим ўйин олдидан, "Унга ёки бунга улгурмадик", дейиш ақлсизлик бўлади, менимча. Демоқчиманки, битта учрашувга ҳар доим кўнгилдагидек ҳозирлик кўрса бўлади.

Би-би-си: Бу каби муҳим учрашувларда футболчиларнинг руҳий ҳолатлари ниҳоятда муҳим роль ўйнайди. Ироқ Олимпия терма жамоасига сўнгги мағлубияти ортидан шогирдларингизнинг ҳозирги психологик ҳолатларини қандай баҳолайсиз?

Вадим Абрамов: Футболчиларнинг руҳий ҳолатлари жойида. Бу - шунчаки аламли мағлубият эди, холос. Уни унутиб, майдонда бор ўйинни намойиш этиш керак. Шунда, менимча, ҳаммаси жойида бўлади.

Би-би-си: Ироқ Олимпия терма жамоасига қарши ўйинда ўзбекистонлик футболчиларга нима панд берди, сизнингча?

Вадим Абрамов: Назаримда, ниҳоятда ғалаба қозониш истагида бўлганимиз учун ҳам ютқаздик. Гоҳида ана шу нарса панд бериб қўяди. Шошдик, менимча. Футболда шунақаси ҳам бўлади. Кимгадир омад кулиб боқади, а кимгадир йўқ. Умид қиламанки, эртанги учрашувда омад биз томонда бўлади.

Би-би-си: Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўйин ҳам ҳал қилувчиси бўлади. Шундай экан, бу гал ҳам ғалаба қозониш истаги Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига панд бериб қўймасмикан?

Вадим Абрамов: Барчаси яхши бўлишига умид қиламиз. Чунки футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Аммо, ёшлар ўртасидаги сўнгги Жаҳон чемпионати ва Осиё Ўйинларидаги натижаларини назарда тутиб, ўзбекистонлик футбол мутахассисларининг ўзлари ҳам амирлик ёшларининг нималарга қодирлигини тан олишади.

Ироқ ва Австралия Олимпия терма жамоалари эса, ҳисобларида яна бир учрашув қолганига қарамай, аллақачон гуруҳдан чиқиш умидини узиб бўлишган.

Хўш, буёғи нима бўлади? Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўз олдига қўйган вазифани уддалай оладими? Суҳбатдошим ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

‘Ўлим’ гуруҳи

Image caption Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси кутилмаганда ҳал қилувчи учрашувини сафарда ироқлик рақибларига бой бериб қўйганди

Учинчи босқич саралаш беллашувларининг бешинчи тур учрашувига қадар тўрт ўйиндан 8 очко тўплаган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўзи тушган “Ўлим” гуруҳида пешқадамлик қилаётганди.

Аммо шу йил феврал ойи сўнггида бўлиб ўтган сўнгги ўйинида австралиялик рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этган амирлик ёшлари ўзбекистонлик футболчилардан ўзиб, гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиб олишди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига эшик очиши мумкин бўлган ҳал қилувчи учрашувда ироқлик рақибларига 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Ҳозир гуруҳда илғорлик қилаётган Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобидаги очколар сони сўнгги учрашув ортидан 11 тага етди.

Бу ўзбекистонлик футболчилар шу пайтга қадар тўплаган очколардан 3 тага кўпдир.

Қўшимча очколар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Австралия устидан сўнгги ғалабаси ортидан, Ўзбекистон тушган "Ўлим" гуруҳида Бирлашган Араб Амирликлари пешқадамлик қилиб турибди

ФИФАнинг Ироққа техник мағлубият, Бирлашган Араб Амирликларига 3:0 ҳисобида ғалаба ёзишга оид 8 февралдаги қарори ҳам Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг қилган меҳнатларини деярли йўққа чиқарди.

Футбол мутахассислари ўзбекистонлик футболчиларда ҳали ҳам имконият борлиги, аммо бу бир томондан Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги учрашув натижасига боғлиқ бўлишини айтишганди.

Энди эса, Лондон Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун ўзбекистонлик футболчилар сўнгги учрашувларида айнан Бирлашган Араб Амирликларини енгишлари шарт бўлади.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ҳар икки жамоа урган ва ўтказиб юборган тўплар ҳисобига кўра, кичик ҳисобдаги ғалаба ҳам Ўзбекистон Олимпия терма жамоасини ўйинларга олиб чиқади.

Ҳар икки терма жамоага ҳам шу пайтга қадар Олимпия Ўйинларининг финал босқич беллашувларига чиқиш насиб этмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ