Олимпия хиёбонига саёҳат ёки гапнинг пўсткалласи қанақа бўлади?

Кириш сўзимнинг ўзидаёқ гапни пўсткалласидан бошлай қолай:

Image caption Мана бу Аквопарк Олимпия хиёбонидаги энг йирик спорт иншоотларидан биридир

Олимпиада Ўйинларига “мезбонлик қилиш”, устига устак, уни ёритишинг кераклиги ҳеч хаёлингга келганми, дейдиган бўлсангиз, ишонинг, бундай ўй хаёлимнинг тор кўчаси уёқда турсин, кенгидан ҳам ўтган эмас. Чунки бундан буёғидаги ҳикоямни назарда тутсам, “Ҳаётда нималар бўлмайди”, деб яна бир бор тақдирнинг қанчалар жумбоқ эканига иймон келтириб юборасан киши. “Ҳар қандай эҳтимол”ни ўзида ташувчи “нималар”нинг ибтидоси Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига нақ 100 кун қолай деганда муҳарриримнинг, “Бошқа хизматдаги ҳамкасбларинг билан Ўйинлар сатҳига бир бориб келсанг, ёмон бўлмасди”, деган кутилмаган таклифидан бошланди. –“Шу баҳона, ўйинларни туриб, ёритишинг керак бўлган студиянг билан ҳам танишиб олардинг...”. Сўзларимга ишонинг, Олимпиада қишлоқчасини ўз кўзим билан кўриш “дарди”га ҳали саккиз ёш эканим чоғимда, Москвада кечган 1980 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари чоғида чалинганман. Дардимнинг “оғирлиги” шунчаликка борганки, орадан ўттиз йил ўтса ҳам, кўзлари ўйноқлаб, қоринчаси “дўппайиб” турган айиқчани белидаги камарининг сўнгги чизиқларигача қоғозга тушириб бера оламан. Шундай экан, бўлажак сафар олдидан менга ўхшаган “дардманд”нинг дардини яхшигина ҳис қилаётган бўлсангиз керак...

Аммо яна бир иқрор

Лондонда унча кўп бўлмаса-да, ҳамкасблар, таниш-билишларингиз йўқ эмасми, буёғи яна касбингиз тақозоси, тўйу аза ёки бирор бир тадбир баҳона шаҳарнинг гоҳ шимоли, гоҳ ғарбида бўлган эсам-да, айнан Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлиб ўтажак шарқий қисмига ҳеч бир йўлим тушмаган. Шаҳар ҳам ҳайҳотдек эмасми, тезюрар поездга тушиб, буёғига сафарингизни метрода давом этдирсангиз-да, бир учидан нариги учига етиб олишингиз учун камида икки соат керак бўлади. Устига устак, поезд учун олган чиптангизнинг метрода ўтмаслигини айтинг...Лондон нақлиёт чипталарининг кишини қанчалик “чақиши”ни ҳис этиш учун эса, нархига қиё боқишингизнинг ўзи кифоя – дейлик, тонгги соат 9.30 га қадар амалда бўлган бир кунлик метро чиптасининг баҳоси қарийб 20 АҚШ долларига тенг...Сиз емайсизми, ичмайсизми, буёғи моргаж ёки ижара ҳақи...Шундай экан, сафарингизни асословчи “арзирли” баҳона бўлмагунча, йўлга чиқиш йўқ.

Шарқий Лондон

Аммо шуни айтишим керакки, Шарқий Лондон (East End) қироллик саройлари, ҳукумат бинолари, ҳашаматли театр, қимматбаҳо дўкону ресторанлар жойлашган ва яшаш учун дунёдаги энг қимматларидан саналувчи Ғарбий Лондон (West End)нинг тамом тескариси сифатида кўрилади. Минтақа асрларки, Лондоннинг энг тирбанд, камбағаллар ва муҳожирлар яшайдиган қисми бўлиб келган. Шу боисми, шаҳарнинг бошқа ҳудудлари билан таққослаганда, тарихида ҳам, бугунида ҳам бу ерда ишсизлик, бечоралик ва жиноятчилик ҳоллари кенг тарқалган. Қатор шов-шувли қотиллик ҳоллари ва маҳаллий аҳолининг зўравон норозилик чиқишлари ҳам айнан шу ерда кузатилган. Шу боисми, минтақа сўнгги йилларда британ ҳукуматининг “хос эътиборига тушмай қолмаган”. Ҳар гал мезбон давлат учун ўзиям бир неча миллиард долларга тушувчи Олимпиада Ўйинларининг айнан шу ерда ўтказилиш қарори ҳам бунинг исботи каби. “Этагингиздан тўкилган барчаси қўнжингизга тушса”, ёмонми?

Лондон шарқига қараб...

Image caption 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари баҳона Стратфорд шаҳрининг қиёфаси буткул ўзгарган

Аввалига бунинг қанчалар ёмон эмаслигига мени ишонтиргандек туюлгани янги Олимпия хиёбони жойлашган шарқий Стратфорд шаҳрига бошловчи метро бекати бўлди. Лондондагилари нақ “Санъат асари” бўлишга даъво қилувчи, дейлик, Тошкент метро бекатларининг тамом тескариси, шу боисми, Стратфорд бекатининг янгича ҳашамати том маънода “бошингиздан дўппингизни туширмай” қўймайди. Айнан Олимпиада Ўйинлари баҳона бекат яқиндагина таъмирдан чиқарилган эмасми, нақ 125 миллион фунт стерлинг сарфлангани шундоққина кўриниб турибди. Поезд йўллари орасидаги йўлаклар ҳам биров қўполроқ туртиб юборса, бошингиз билан платформага тушиб кетишингиз тайин бўлган марказий бекатлариникидан фарқ қилади. Авваллари иккита киши зўрға сиққан эскалаторларга қўшимча эни бир неча метрга чўзилган янги бетонлилари қўшилган. Биттаси сизни қуёш тиғида кўзингизни қамаштирувчи ранг-баранг дўконлари тиқилиб кетган ҳашаматли савдо марказига етакласа, бошқаси сизни шундоққина Олимпия хиёбонига элтувчи йўлга солиб юборади. Айтилишича, шууунча таъмирдан сўнг, Стратфорд метро бекати Олимпия хиёбони қайдасан, деб, олису яқиндан йўлга тушганларнинг тенг ярмига хизмат кўрсата олади. Яъни Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлиб ўтажак июл-август ойларида 120.000 киши ушбу метро бекатидан фойдаланиши мумкин бўлади. Биз эса, гуруҳимиз билан ана шу метро бекати эшиги ташқарисида учрашишга қарор қилгандек.

Қоришиқ манзара

Image caption Олимпия хиёбони шундоққина маҳалланининг қоқ марказида қад ростлаган

Биз турган ердан Олимпия хиёбони кафтдек кўриниб туради эмасми, ҳали сатҳга қадам босмай туриб, йиғилган барчани бирдек ҳайратга солгани унинг қанчалар турар-жой биноларига қоришиб кетгани бўлди. “Шунча бино ичидан студиянгни топиб кўр-чи”, дер экан, биздаги ҳайрат, ҳатто, гуруҳбошимизни ҳам четлаб ўтмагани аниқ эди. Олимпия Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларига мезбонлик қилувчи стадионнинг ўзи эса, нақ маҳалла марказида жойлашган. Яна ҳайҳотдек Аквопаркнинг ҳам айнан шу ерда қурилганини айтинг. Буюк Британиядаги шу пайтгача жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган энг йирик санъат асари намунаси бўлиши кутилаётган кунгабоқардек бош эгиб турган метал “Орбита”-чи? Унга чиққан одам қозонингизда қандай овқат пишаётганини айтиб бермаса, мен кафил. Марказий Олимпия стадионининг шундоққина биқинида жойлашган янги студиямизга йўл ҳам шундоққина маҳаллалар орасидан ўтаркан. Ўйинлар чоғида бу ерга қанча одамнинг оқиб келишини назарда тутиб, гуруҳимиздаги биров, “Сўқмоқдек мана бу йўл кимни сиғдиради”, деса, бошқаси, “Вой тавба, бу ердаги одамлар шунча шовқин-суроннинг остида қандай яшаркин-а”, деб қизиққан. Кимга қаратилгани номаълум бўлган саволларга ҳам истаган ўзича жавоб берган, “Агар мен бу ерда яшаганимда, уйимни ижарага берган бўлардим, даромадни кўринг, даромадни...”. “Уни-буни қўйинг, айнан ўйинлар сатҳида яшашгани учун ҳам, маҳалла аҳлига текинга чипта ҳам берилармиш...”. “Йўғ-эй...”, “Ҳа, ҳа, ишонаверинг...”. Боягина бу ерда яшашни тасаввур ҳам қилолмаётганлар негадир жимиб қолган... Кимдир хаёлга берилган, бошқа биримиз гапга, 10 дақиқача деганда янги студиямиз - 21 қаватли турар-жой биносига етиб келдик.

Уй студия

Оҳ-ҳо, бу 21 қаватли уйи қанақа бўлди экан, яна Лондонда бўлса, деб қизиқаётган бўлсангиз, ҳафсалангизни пир қиламан, деб қўрқаман. Лондон Уй бозорларида энг қийинчилик билан сотилувчи, олаётган одам ҳам аксаран ижарага берувчи ёки шаҳар кенгашларига четдан келган муҳожирларни жойлаштиришда ниҳоятда қўл келувчи уйлар айнан ана шу кўпқаватлилари ҳисобига тўғри келади. Устига устак, Лондоннинг фалончи мавзесидаги кўпқаватли уйларнинг бирида фистончи жиноят содир этибди, қабилидаги хабарлар ҳам маҳаллий оммавий-ахборот воситаларида кунда-шундалик тусини олган. Шунинг таъсиридами, 45 ёшлар чамасидаги эркак ҳамкасбимнинг навниҳолдек аёл гуруҳбошимиздан уй остонасида сўраган саволи, “Масалан, сиз тунги соат 12:00да бу ерда бехавотир юра оласизми?”, бўлди. Бир неча сонияга гангиб қолган гуруҳбошимиз, “Мен бу соатда Лондоннинг Ситисида ҳам хавотирсиз юролмайман”, дея, гапни чирт кесиши, саволга очилган қолган оғизларни ҳам секингина юмдирмай қўймади.

'Титаник'

Image caption Мана бу кўпқаватли уйнинг энг юқори икки қавати Олимпиада Ўйинлари чоғи бизга вақтинчалик студиялар вазифасини ўтайди

Бўлажак студияларимиз 21 қаватли уйнинг энг юқори икки қаватида жойлашган эмасми, лифтнинг ёрдамисиз у ерга кўтарилишга орамиздаги манаман деган соғломининг ҳам юраги дов бермаслиги аниқ эди. Ўттизлар чамаси одаммиз, лифтга навбат ҳам шунга яраша тизилиб кетди. Устига устак, саёҳат вақтимиз ҳам чекланган эмасми, бор-йўғи тўққиз киши сиғадиган лифтга сиқилишиб, тиқилишиб, ўндан ортиғимиз бир амаллаб чиқиб олдик. Нақ қаншаримиз қаншаримизга тегиб турган ҳолатимиз орамиздаги биримизга чўкиш арафасида турган “Титаник” кемасини эслатиб юборди шекилли, “Ана энди “Титаник”дагиларнинг аҳволини тушундим”, деб қолди. Ўзиям шу кунларда “Титаник” кемаси ҳалокатининг 100 йиллиги оммавий-ахборот воситалари қолиб, буёғи черковларгача, бор расму русмлари билан нишонланаётган эмасми, ҳеч биримизнинг ортиқча тасаввурга берилишимизга ҳам ҳожат қолмаганди. “Ўламан”, деганда, “Кулиш”нинг гашти қанақа бўлишини ўшанда сездим.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас...

Бир амаллаб қаватимизга ҳам чиқиб олдик. Бизга бўлажак “студия”ларимизни кўрсатишаркан, лифтдаги ҳангомамиз бошқа бир янгисига уланди. Кўчиб кетишар экан, хонадон эгалари сўнгги михларигача суғуриб олган хоналар шифтларининг оҳаклари кўчган, ярмигача ўпирилиб тушган гулқоғозлар асл рангини эгасидан бошқа билмайдиган алфозда, эшиги ланг очиқ ётган ҳожатхоналарида эса, четлари сарғайиб кетган унитазлар шундоққина бўй кўрсатиб турарди. Хонада таралиб турган ҳидни айтинг...Ўйинларга саноқли ойлар қолган эмасми, “Эй, унитази тортмаса ҳам майли, ўйинларгача гулқоғозларини янгилаб беришса бўлди”, деб қолди инглиз ҳамкасбларимиздан бири. Яна қаҳ-қаҳ кулгу кўтарилди. Уйнинг энг каттасининг энига нари борса 1.5, бўйига 2 метрча бўлган хоналари эса, орамизда “жонимизни куйдирган” бошқа бир суҳбат мавзусига айланганди. Кимдир хонага нечта стол-стул кетиши каби “профессионал” қайғуда бўлса, бошқаси одамзоднинг бундайин тор жойда қандайин яшаши мумкинлиги каби соф инсоний саволига жавоб тополмай ҳайрон. Саволнинг устига савол, бири ташкилотчиларга, бошқаси эса, ўзию бошқа журналист қаламдошларига қаратилган...

Қорин қайғуси

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ёзги Олимпиада Ўйинлари баҳона дунёдаги энг йирик Макдональдс емакхонаси ҳам Лондонда очилади

Вақт тушликка яқинлашиб қолган эмасми, очиққанлик ҳисси гуруҳимиздаги бошқасини уйнинг бор-йўғи фақат бир кишининг кириб-чиқишига мўлжалланган ошхонасига етаклаган. Ошхонага сафар қилиб қайтганлар эса, негадир ҳалиданоқ қандай қилиб бир ойга қоринни тўқлашнинг режасини тузишга киришган. “Бир амаллаб икки камерали музлатгич ўрнатиб беришса бўлгани, ҳув Аквопарк ёнбошидаги Marks&Spencer дўконидан ярим тайёр овқатларни олиб келиб, бостириб ташлардик...”. Четдан уларнинг суҳбатларига қулоқ тутиб турган гуруҳбошимиз эса, барчанинг эътиборини Олимпия стадионининг ўнг томонидаги бинога тортди: “Мана бу – дунёдаги энг йирик “Макдональдс” ресторани бўлади”. Унинг сўзларидан қанчалар ҳайратга тушганини яширмаган “режаловчилар”дан бири эса, “Қўлингда бургеру, оғзингда “чипс” билан Олимпиада Ўйинларини томоша қилсанг. Спорт соғломликка чорлаши керак эмасми?”, дея сездирмайгина лабини бурди... Аммо Би-би-си Лондон қарийб бир аср деганда яна мезбонлик шарафига эришган Ёзги Олимпиада Ўйинларини ёритиш учун улкан лойиҳага қўл урган эмасми, гуруҳбошларимизнинг 100 кун ичида ҳаммаси жойида бўлишига ишончлари комил эди. Лекин, шунда ҳам, ҳали у, ҳали бу дейишдан оғзимиз чарчамаскан, бир соатлик саёҳатимизнинг қандай поёнига етганини ҳеч биримиз сезмай қолгандик...

Бу мавзуда батафсилроқ