'Реал' ҳам ҳал қилувчи учрашувни бой берди, финалда 'Челси' ва 'Бавария'

Image caption Бу гал мақталган Криштиану Рональду ўз жамоасига панд берди

11 метрлик жарима тўплари ҳисобига Испаниянинг яна бир наҳанг жамоаси Чемпионлар лигасининг ярим финалини Олмониянинг "Бавария"сига бой бериб қўйди.

"Реал"(Мадрид)нинг мағлубияти ортидан, бу йилги Чемпионлар лигасининг финалида Лондоннинг "Челси" ва Олмониянинг "Бавария"си тўп сурадиган бўлишди.

"Челси" кеча икки учрашув натижасига мувофиқ, Испаниянинг "Барселона"сини сенсацион бир равишда мағлубиятга учратганди.

Испаниянинг қироллик клуби эса, шу пайтга қадар Оврўпо Чемпионлар лигасида 11 метрлик жарима тўплари ҳисобига енгилган эмасди.

Ҳал қилувчи беллашув яна "Сантьягу Бернабеу" стадионида бўлиб ўтди.

Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтларида ҳисобнинг ўзгаришсиз(2:1) қолиши ғолибнинг тақдирини жарима тўплари ҳукмига қолдирди.

Чунки бир ҳафта олдин "Бавария" ўз майдонида испаниялик рақибини худди шу ҳисобда мағлуб этганди.

Image caption Жозе Моуриньо ўзининг рекорд ўрнатиш орзусини яна камида бир йил ортга сурадиган бўлди

Аммо худди шу лаҳзаларда "Реал"(Мадрид)дан омад юз ўгирди.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, бу гал мақталган Криштиану Рональду ва Кака Нойернинг дарвозасини забт эта олишмади.

Устига устак, жарима тўпини рақиб дарвозасидан ошириб тепган Серхио Рамос ҳам жамоасига энг муҳим дақиқаларда панд берди.

Кеча "Барселона" ва "Челси" ўртасида бўлиб ўтган биринчи ярим финал беллашувида уч карра "Жаҳоннинг энг зўр ўйинчиси" Лионел Месси ҳам худди шундай куйга тушганди.

Тони Кроос ва Филипп Лам ҳам Икер Касильясни алдай олмаган бўлишса-да, киритолган тўпларидаги битта фарқ "Бавария"ни финалга олиб чиқди.

Image caption Швайнштайгер ҳал қилувчи 11 метрлик жарима тўпини совуққонлик билан рақиб дарвозасига аниқ йўллади

Сўнгги Жаҳон чемпионатида ўзини яхшигина кўрсатган Швайнштайгер учрашув қаҳрамонига айланди.

Оврўпо Чемпионлар лигасининг бу йилги финал учрашуви 19 май куни Олмониянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтади.

"Бавария" эса, Чемпионлар лигаси тарихида финал учрашувини ўз майдонида ўтказган илк жамоага айланади.

Жозе Моуриньо эса, учта турли клуб билан уч бор Оврўпо Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиб, рекорд ўрнатиш орзусини камида бир йилга ортга сурадиган бўлди.

Испаниянинг Қироллик клуби ўтган йил охирларида Ўзбекистонда ўзининг Марказий Осиёдаги илк футбол академиясини очиш режасида эканини ҳам маълум қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ