Блаттер: 'Ислом Каримовдек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

ФИФА Президенти Зепп Блаттер Ўзбекистон раҳбари билан учрашуви ортидан Ислом Каримовдек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини айтган.

Жаноб Блаттер Ўзбекистонга икки кунлик сафарининг сўнггида, кеча чоршанба куни президент Каримов қабулида бўлганди.

"Ислом Каримовдек футболни севадиган, унинг каби футболни замонавий тенденция ва таҳлил асосида биладиган давлат раҳбарини кўрмаганман. У ҳақиқий футболсевар ва айтишим керакки, миллий футбол ривожини ўйлайдиган инсон", деб айтган ФИФА раҳбари.

Зепп Блаттернинг сафари ФИФАнинг Ўзбекистондан 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида шу йилга режаланган Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқининг олиб қўйилиши ва Тожикистон билан 2014 йилги Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувидаги қоидабузарликлар учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва миллий терма жамоанинг беш сара футболчисини жазолаш қарори ортидан кузатилмоқда.

Учрашув тафсилотларидан аён бўлишича, ФИФА раҳбари президент Каримовдан қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шахсан узр сўраган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Футбол Федерациясида уюштирилган матбуот анжумани чоғида жаноб Блаттер бунинг учун ўзбекистонлик футбол мухлисларидан ҳам узрхоҳлик қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FIFA.com

Жаноб Блаттер, ўз ўрнида, мамлакатда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор эканини урғулаган.

Унга кўра, Ўзбекистон ФИФА тасарруфидаги катта мусобақаларни ўтказишга тайёр.

Аммо ФИФА раҳбари, "2022 йилгача бўлган барча муҳим Жаҳон чемпионатлари тақдири аллақачон ҳал бўлгани учун, Ўзбекистон Осиё чемпионатларига мезбонлик қилиш имкониятларидан фойдаланиши мумкин"лигини айтган.

Зепп Блаттер Ўзбекистон ФИФАнинг 2013 йилги конгрессини қабул қилиши мумкинлиги эҳтимоллари ҳақида ҳам сўз юритган.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Халқаро Футбол Уюшмасининг конгрессига мезбонлик қилиш учун Италия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Дания, Венгрия, Сингапур ва Гондурас каби давлатлар ҳам кураш олиб боришмоқда.

Бу - жаноб Зепп Блаттернинг ФИФА президенти сифатида Ўзбекистонга учинчи ташрифи экани айтилади.

Биз ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев билан боғланиб, энг аввало, ФИФА раҳбарининг узрхоҳлигига муносабатларини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ