Миржалол Қосимов: 'Биз жудаям қимматли ғалабага эришдик'

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Яқин-яқингача Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар жамоаси бўлган "Бунёдкор" ҳал қилувчи учрашувда ашаддий рақиби - Жанубий Кореянинг "Поханг Стилерс" жамоасини мағлуб этиб, Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финалига чиқди.

"Е" гуруҳида Япония ва Жанубий Кореянинг наҳанг жамоалари билан беллашган "Бунёдкор" ўз майдонида рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Гуруҳ босқичининг сўнгги - олтинчи тур учрашувидаги натижаси ортидан, Тошкент клуби жаъми 10 очко тўплаб, иккинчи ўрин билан кейинги босқичга йўл оладиган бўлди.

Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқич беллашувларида тўп сураётган "Пахтакор" ва "Насаф" эса, бу йилги орзулари билан хайрлашадиган бўлишди.

Энди Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони нимчорак учрашувида "G" гуруҳи ғолиби - Жанубий Кореянинг "Сеонгнам Илва Чунма" жамоасига қарши майдонга тушади.

Ўзбекистонлик футболчилар 29 майга белгиланган ўйинни сафарда, рақиб майдонида ўтказишади.

Австралиянинг "Е" гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган "Аделаида Юнайтед" клуби эса, "G" гуруҳининг иккинчи жамоаси - Япониянинг "Нагоя Грампус"сига қарши тўп суради.

Биз жамоа Бош мураббийси Миржалол Қосимов билан боғланиб, шогирдларининг сўнгги ютуғига муносабатини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳозирча амалга ошмаган орзу...

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

"Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида Осиё чемпионлар лигасида яхшигина ном қозониб улгурган.

2008 йилда лига ўйинларининг ярим, кейинги йили эса чорак финалига қадар чиқишга муваффақ бўлган.

Клуб илк ташкил топган кунлариданоқ қитъа чемпионлари чемпиони ва клублар орасида жаҳон биринчилиги ғолиби бўлиш истагида эканини баралла баён қилиб келарди.

Аммо осмонўпар орзуларига етишиш учун ўз вақтида Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг манаман деган мураббий ва футболчиларини Ўзбекистонга келтирган "Бунёдкор"га ҳозирча қитъа ғолиблиги насиб этмаган.

Бундан аввалги уринишлари эса, финалга етмаёқ чиппакка чиққан: жамоа бир неча бор ярим ва чорак финал билан кифояланишга мажбур бўлган.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаш керакки, "Бунёдкор" икки йилдан бери бразилиялик донгдор мураббийси ва юлдуз футболчиларисиз ҳам майдонга тушмоқда.

"Бунёдкор"нинг Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубияти ортидан "дунёнинг энг қиммат" мураббийси Луиз Фелиппе Сколари муддатидан илгари клубни тарк этганди.

Тажрибали легионерларининг "Бунёдкор"дан кетишларига эса, клубнинг асосий ҳомийларидан бўлган Zeromax ширкати ҳисобларининг музлатилиши важидан у юз тутаётган молиявий қийинчиликлар сабаб бўлгани айтилганди.

"Зеромакс" нефт ва газ соҳасида фаол бўлиб, Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқаси бор, деб ишониларди.

Бу мавзуда батафсилроқ