Вадим Абрамов: 'Агар Эронни енга олсак, уёғи осон бўлади'

2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эронлик рақибларига 1-0 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўзбекистон кейинги учрашувини сафарда 8 июн куни Ливанга қарши ўтказади.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу босқичда Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон намоён этмоқда.

Учинчи босқич саралаш беллашувларини бир дуранг ва беш ғалаба билан якунлаган Ўзбекистон сўнгги босқичга ҳам муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган.

Осиё қитъасидан сўнгги саралаш босқич беллашувларида Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Ливанга қарши тўп суради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳали ўз тарихида Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқа олган эмас.

Аммо бу галги саралаш босқич учрашувларида ўзбекистонлик футболчилар ўзларини яхши намоён этишмоқда.

Футбол мутахассислари орасида уларнинг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш имкониятларини ижобий баҳолаётганлар ҳам озмунча эмас.

Бироқ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши 3 июн кунига режаланган дастлабки учрашувини бешта сара футболчисисиз ўтказади.

Уларнинг орасида жамоа сардори, "Осиёнинг икки карра энг зўр футболчиси" Сервер Жеппаров ҳам бор.

ФИФАнинг 17 февралда берган қарорига мувофиқ, бешовлоннинг Эронга қарши бўлажак ўйинда майдонга тушишлари тақиқлаб қўйилган.

Халқаро Футбол Уюшмаси Тожикистонга қарши жавоб учрашувида йўл қўйилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Футбол Уюшмаси ва мамлакат терма жамоасини жазолашга қарор қилганди.

Ўзбекистон Футбол Уюшмасининг 20 феврал куни йўллаган аппелляция мактуби ҳам халқаро ташкилот томонидан рад этилган.

Устига устак, олган жароҳатлари туфайли эртанги ўйинда Максим Шацких, Баҳодир Насимов ва Камолиддин Тожиевлар ҳам майдонга туша олишмайди.

Эрон Осиёнинг энг кучли тўртта жамоасидан бири саналади ва ФИФА рейтингида ҳам юқори элликталикка киради.

Аммо Осиёнинг тўрт карра чемпиони Японияга қарши сафардаги сўнгги учрашувини бешовлонсиз ўтказган Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этолган.

Биз бўлажак учрашув арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Вадим Абрамов билан боғланиб, сўнгги ҳозирликлари билан қизиқдик:

Вадим Абрамов: Нима дердим, жамоа аъзолари машғулотлар учун одатдагидек йиғилганмиз. Аммо сал мушкуллик туғдираётган томони - барча футболчиларнинг ҳам оптимал формада эмасликлари. Чунки хорижий клубларда тўп сураётган айрим ўйинчилар бундан анча бурун мавсумни якунлашган. Қарийб бир ойдан бери дам олишаяпти. Бошқалари эса, бунинг акси, яқиндагина Ўзбекистонга қайтишган. Яна бирлари эса, ҳали мавсумни якунлашмаган. Куни-кеча сафимизга қўшилишди. Муаммомиз ана шунда.

Би-би-си: Ўзбекистон миллий терма жамоасидан фарқли тарзда, эронлик футболчилар эртанги ўйин олдидан қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказишди. Бу сизни хавотирга солмаяптими?

Вадим Абрамов: Албатта, бирорта ўртоқлик учрашуви ўтказа олганимизда, соз бўларди. Аммо бундай қилолмадик. Нима ҳам қила олардик, шундай бўлиб қолди. Бошқа томондан, ҳатто, ўртоқлик учрашуви уюштирганимизда ҳам, барча футболчиларимиз етиб кела олмаган бўлишарди. Чунки, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, уларнинг ҳаммаси ҳар хил клубларда ўйнашади. Ўзи фақат куни-кеча барча футболчиларни бир жойга йиға олдик. Кўраяпсизки, ҳеч иложи бўлмади.

Би-би-си: Бошқа томондан, Эронга қарши муҳим ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларида сардори Сервер Жепаров дохил беш тажрибали ўйинчиси бўлмайди. Устига устак, Максим Шацких ва яна қатор ўйинчилари ҳам жароҳат олишган. Бу сизни ташвишга солмаяптими?

Вадим Абрамов: Албатта, ташвишга солади. Бешта футболчимиздан ташқари, мана, сиз ҳам айтиб ўтганингиздек, Максим Шацких ва Денисов ҳам майдонга туша олмайди. Устига устак, Тожиев тиззаси оғриётганидан шикоят этиб келди. Ҳайдаров ҳам тайёр эмаслигини айтаяпти. Лекин, шунга қарамай, ўйинчиларимиз етарли. Учрашувга ҳозирлик кўраяпмиз. Бу футбол. Ўйинга ҳозирлик кўришингиз шарт. Энди, нима ҳам қила олардик, биринчи ўйинимиз айнан Эронга қарши бўлса-да, бу каби муаммоларимиз бор. Агар уларни енга олсак, назаримда, уёғи осон бўлади.

Би-би-си: Лекин учрашув Тошкентда бўлиб ўтади. Яъни, "ўз майдонинг ёрдам беради", деган гап бор. Шундай экан, Эронга қарши ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғолиб чиқиш имкониятлари қандай?

Вадим Абрамов: Сўзсиз, барча миллий терма жамоаларда бўлгани каби, имкониятларимиз 50-50. Эрон яхши жамоа. 2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олишга кўз тикаётган даъвогарлардан бири. Аммо биз уйда ўйнаймиз. Эртанги учрашувда ғолиб чиқиш учун қўлимиздан келганча ҳозирлик кўраяпмиз. Аммо бу - футбол...

Бу мавзуда батафсилроқ