Энди рақиб дарвозасига урилган тўпни технология аниқлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Халқаро Футбол Уюшмалари Кенгаши ишқибозларнинг узоқ йиллик талабларини қондирди.

Энди тўпнинг рақиб дарвозасига кирган-кирмаганини махсус замонавий технология аниқлайдиган бўлди.

Тўғри, ҳозирча янги система кенг миқёсда қўлланилмайди: аввалига шу йил декабр ойида бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида синаб кўрилади.

Агар у иш берса, шундан сўнг бошқа турнирларда ҳам ишлатила бошланади.

Узоқ йиллар давомида футбол ишқибозлари ҳайф кетган тўпга фақат ачиниб, ёниб, куйиб қараб ўтиришарди, холос.

Уни тан олиш ёки олмаслик ҳуқуқига эса, фақат майдондаги ҳакам ва унинг ёрдамчилари эга эдилар.

Аммо худди шундай бир манзарада теннис, крикет ва регбида бу каби технологиялар кенг қўлланиб келинаётганди.

Футбол амалдорлари эса, доимо ушбу янгиликка қаршилик кўрсатиб келишган.

Дейлик, ФИФА Президенти Зепп Блаттер янги технология сабаб, футбол ўз суръати ва жозибасини йўқотиб қўяди, деган хавотирда эди.

Оврўпо Футбол раҳбарияти(УЕФА) ҳам бунга рўйхушлик бермай келаётганди.

Уюшма президенти Мишель Платини янги технологиянинг ўрнига, ён ҳакамлар сонини кўпайтирайлик, деган таклифни ҳам илгари сурганди.

Аммо унинг бу бесамар таклифи кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланмаганди.

Бироқ сўнгги(2010) Жаҳон чемпионатининг чорак финал учрашувида Англия томонидан Олмония дарвозасига урилган тўпнинг инобатга олинмаслиги ҳаммасига нуқта қўйди.

ФИФА ушбу масалада қатъий чора кўришга мажбур бўлди.

Ўзбекистондан муносабат

Фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев сўнгги янгиликка Ўзбекистонда ҳам муносабат ижобий эканини айтади.

"Ҳакамнинг айби билан битта жамоани ғалабадан маҳрум қилиш бу - футболимизга фақатгина путур етказади", дейди у.

Фахрий футбол шарҳловчисининг айтишича, Халқаро Футбол Уюшмалари Кенгаши ўзи ва кўпчилик футбол мухлислари наздларида ҳам тўғри иш қилган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибозларидан бирининг айтишича, янги технологияни қўллашга қарор қилингани - кўпчилик футбол мухлислари ва футболчиларни аламли вазиятдан олиб чиқишга ёрдам беради.

Унга кўра, Халқаро Футбол Уюшмалари Кенгашининг бу хусусдаги қарорини ёқлайди ва бу - тўғри қарор бўлган.

Ўзбекистонлик футбол ишқибози янги технология ўз миллий терма жамоалари иштирокидаги ўйинларда ҳам қўлланса яхши бўларди, дейди.

"Ўйин натижаси ҳаққоний бўларди. Ҳакамга қарши ҳар хил ҳақоратли гаплар бўлмасди. Янги технологиянинг ёмон томонини кўрмаяпман, лекин яхши тарафи кўп".

"Ўша Эрон билан Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳам кўрдик, Одил Аҳмедов тепган тўп "гол" бўлувди. Ўшаниям ҳакам кўрмай қолди. Ўшандаям мухлисларга қанча алам қилди. Менимча, бу каби технология керак", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Янги технология

Сўз дастлаб 12 хил кўринишдаги янги технология ҳақида борган бўлса, улардан фақат иккитаси кеча овоз беришга қўйилган.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, бу ерда ҳам Англия ва Олмония тўқнашиб қолишган.

Олмонияда ишланган Goalref тизими тўпга ўрнатилган сезгичга асосланади.

Тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтган пайтда, магнит майдони орқали ўтади ва ҳакам бундан дарҳол огоҳ бўлади.

Англия эса, теннис ва крикет турнирларида кенг қўлланиб келаётган Hawk-Eye технологиясини таклиф этмоқда.

Бу вариантда дарвозанинг ҳар томонига олтитадан камера ўрнатилади.

Камералар олган тасвирлар автоматик равишда бирлашиб, тўп теккан жойнинг аниқ тасвирини кўрсатади.

Ҳар икки система ҳам қўлларидаги соатлари орқали ҳакамларни зудлик билан огоҳлантиришга мосланган.

Халқаро Футбол Уюшмалари Кенгаши қай бир тизимни танлашидан қатъиназар, кеча бўлиб ўтган овоз беришлардан сўнг футбол лигалари уни қўллаш ҳуқуқига эга бўлишади.

Янги технологиядан фойдаланувчи илк йирик лига - Америка Олий лигаси бўлади.

У ерда янги футбол мавсуми март ойида старт олади.