Артур Григорян Ҳей ва Чисора жангги ҳақида нима дейди? - суҳбатимизда

Профессионал бокснинг WBC йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун яқинда бўлиб ўтган жанг ортидан, бир-бирлари билан ёқалашиб, роса тилга тушган британиялик боксчилар Девид Ҳей ва Дерек Чисора 14 июл куни рингга тушишади.

Бўлажак жанг Люксембург Бокс Федерацияси рухсати билан уюштирилмоқда.

Икковлоннинг ҳам жанг ўтказишга лицензиялари йўқлиги боис, Британия Бокс Кенгаши уларнинг рингга тушишларини тақиқлаб қўйганди.

Рингга тушиши кутилаётган боксчилар ўртасидаги ёқалашув шу йил феврал ойида Олмониянинг Мюнхен шаҳрида юз берганди.

Шундан сўнг Жаҳон Бокс Кенгаши Дерек Чисорани номаълум муддатга жанглардан четлатиб, унинг хулқ-атворини ҳам кескин танқид қилганди.

Дерек Чисора, бундан ташқари, жанг арафасида украиналик рақиби Виталий Кличконинг юзига шапалоқ тортган ва жангдан олдин унинг укаси Владимир Кличконинг юзига сув ҳам сепиб юборганди.

Кенгаш қилган қилиғи учун Дерек Чисорани ўз сафларидан чиқариб ташлаган ва ўз таснифида энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камари учун беллашишдан ҳам маҳрум этган. Катта миқдорда жаримага тортган. Ғазабни жиловловчи курсаларга боришни тавсия қилганди.

Аммо кенгаш Дерек Чисора ўз талабларини бажарадиган бўлса, унинг иши маҳкама тингловида кўриб чиқилиб, жазолар бироз юмшатилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаганди.

Дерек Чисора ҳам қараб ўтирмаган, кенгаш қарори юзасидан шикоят ариза билан чиққанди. Боксчининг аризаси шу кунларда кўриб чиқилиши кутилаётганди.

Жаҳон Бокс Кенгаши юз берган можаро юзасидан чиқарган баёнотида ҳали бирор бир профессионал боксчининг ўзини бу каби ёмон тутганига гувоҳ бўлмаганини таъкидлаганди.

WBC таснифида энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун 18 феврал куни Олмонияда бўлиб ўтган жангда Виталий Кличко яна бир бор ўз камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлганди.

Дерек Чисора ёқалашиб кетган ҳамюрти Девид Ҳей эса, ўтган йил Виталийнинг укаси Владимир Кличкога ютқазиб, энг оғир вазн тоифасида WBA йўналишида Жаҳон чемпионлигидан маҳрум бўлганди.

Image caption Артур Григорян професиионал боксда 'ҳамма нарса бўлиши мумкин', дейди

Биз юз берган шунча можаролар ортидан, икковлоннинг бир-бирларига қарши рингга тушиш қарорларига ўзбекистонлик донгдор боксчи, енгил вазн тоифасида ҳаваскор ва профессионал боксда бир неча карра жаҳон чемпиони Артур Григоряннинг муносабатини сўрадик:

Артур Григорян: Мен бу икки боксчининг қандай бокс тушишларидан телевизор орқали бохабарман. Агар бокс оламидаги тушунчамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, улар омма олдида ёқалашиб, ўзларини роса реклама қилиб бўлишди. Одамлар ҳам, "Вов, биттаси матбуот анжумани чоғида кимсан Виталий Кличконинг юзига шапалоқ тортган, кейин бир-бирлари билан ёқалашиб кетишган, воҳ, қандай жанг бўлса кераг-а,.." деб ўзларини телевизорга уришади. Яъни қилган ишлари билан жанглари атрофида шов-шув яратиб бўлишган. Энди эса, шунчаки жанг ўтказишади, яхшигина пул ишлаб олишади, устига устак, ғолиб чиққан боксчи яна Жаҳон чемпионлиги камари учун даъвогарлик қила олади. Буларнинг барчаси бекорга қилинаётгани йўқ. Ҳам ўзлари, ҳам одамлар ва ҳам шу каби жанглар учун жарақ-жарақ пул тўловчи телевизион каналлар учун қилинмоқда.

Би-би-си: Артур ака, бу ердаги кўпчилик шунча можародан кейин икковлоннинг Британия Бокс Кенгашининг рухсатисиз яна рингга тушишлари бошқа боксчиларга ёмон намуна бўлади, деган гапларни ҳам айтишмоқда. Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми?

Артур Григорян: Биласизми, бу профессионал бокс. Профессионал боксда ҳаваскоридан фарқли тарзда, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар ҳаваскор бокс бўлганида, бунақа ишлар учун сизни бир неча йил рингга яқин йўлатмасликлари ва ҳатто, уй қамоғида ҳам сақлашлари мумкин эди. Аммо профессионал боксда бундай эмас. Тайёр реклама, шов-шув, одамларга ҳам, гўёки, бокс ўлгани йўқ, тирик, деб кўрсатмоқчи бўлишади. Одамлар ҳам, "Ниманидир бўлишолмай қолишган бўлса, қани, кўрайлик-чи, ким зўр чиқаркин", деб бўлажак жангни сабрсизлик билан кутишмоқда. Лекин икковлонни ҳам супер жанг кўрсатиш даражасидаги боксчилар, деб айтмаган бўлардим.

Би-би-си: Сизнингча, бўлажак жангда ким ғолиб чиқиши мумкин?

Артур Григорян: Девид Ҳей. Чунки Девид Ҳей техник ва тактик жиҳатдан Дерек Чисорадан устун. Жанг олиб бориш услуби, зарбасининг кескирлиги ва рингдаги тезлиги билан ҳам Девид Ҳей рақибини ортда қолдиради. Ҳа, бу - бокс, боксда битта зарба ҳаммасини ҳал қилиши мумкин. Айниқса, энг оғир вазн тоифаси ҳақида сўз кетганда... Аммо Девид Ҳейдек боксчи қаршисида Чисора ҳеч нарса қилолмайди. Бу - менинг боксчи сифатидаги шахсий нуқтаи-назарим.

Британиялик икки боксчи ўртасидаги жанг Лондоннинг Аптон-парк (Boleyn Ground) стадионида бўлиб ўтади ва Британия вақти билан соат 21:00 да бошланади.

Бу мавзуда батафсилроқ