Ўзбекистонлик Оксана Чусовитина янги рекорд ўрнатди

Image caption Оксана Чусовитинага қадар ҳали ҳеч бир аёл гимнастикачига кетма-кет олти бор Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиш насиб этмаган

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик Оксана Чусовитина спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олтинчи бор дунёнинг энг йирик спорт беллашувида иштирок этаётган илк аёл гимнастикачига айланди. 37 ёшли Оксана Чусовитина илк бор Олимпиада Ўйинларида 1992 йилда, бугунги рақиблари, ҳатто, ҳали дунёга келмаган пайтларида қатнашган. Оксана Чусовитина, шу жумладан, она бўлиши ортидан, катта спортга қайтган жаҳондаги саноқли гимнастикачилардан ҳам бири бўлади. Худди Пекин Олимпиадасида бўлгани каби, бу гал ҳам таяниб сакраш бўйича совринли ўринларга даъвогарлардан бири саналади. Оксана Чусовитина спорт гимнастикасидаги порлоқ карьерасини ҳали 90-йиллар бошларида, СССР терма жамоаси сафларида бошлаган. Кейин Ўзбекистон, 2006 йилдан бошлаб эса, оилавий шароитлари туфайли, Олмония терма жамоасини намоён этиб келмоқда. Орада спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоасига мураббийлик ҳам қилган. Биз сўнгги ютуғи ортидан Оксана Чусовитина билан боғланиб, кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулар билан қизиқдик:

Оксана Чусовитина: Агар бир оғиз сўзда ифодалайдиган бўлсам, ўз олдимга қўйган мақсадга эришиб, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига ҳам йўлланма олганимдан ниҳоятда бахтиёрман.

Би-би-си: Сиз қўлга киритган ютуқ дунёнинг манаман деган ҳеч бир гимнастикачисига насиб этган эмас. Бунга қандай қилиб муваффақ бўлдим, деб ўйлайсиз?

Оксана Чусовитина: 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадаси ортидан оғир жароҳатлар олгандим. Яна спорт формасига қайтишим учун икки йил керак бўлди. Шунинг учун ҳам, балким, нимага қодир эканимни ўзим-ўзимга исботламоқчи бўлгандирман. Фақат ўтган йилдан бошлабгина саралаш босқич беллашувларида иштирок эта олдим. Мана, кўриб турганингиздек, Лондон Олимпиада Ўйинларига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим.

Би-би-си: Мана, сўнгги Олимпиада Ўйинларида ўзингиз энг ёқтирган услуб - таяниб сакраш бўйича кумуш медали олишга муваффақ бўлгандингиз. Лондон Олимпиадасида нималарга умид қилаяпсиз?

Оксана Чусовитина: Биласизми, мен ҳеч қачон бу ҳақда ўйламайман. Қандай беллашувда бўлмасин, фақат ҳакамлар қаршисига чиқиб, ўзимнинг нималарга қодирлигимни намойиш этишни хоҳлайман. Энг катта орзуим эса, ҳозир ўзим намоён этаётган гимнастика бўйича Олмония терма жамоасини мусобақалар финал босқичида кўриш ва жаҳоннинг энг сара саккиз жамоаси сафларида беллашиш.

Би-би-си: Агар индивидуал ҳисобда айтсак-чи?

Оксана Чусовитина: Ҳозир бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Энг аввало саралаш босқич беллашувларидан ўтишимиз керак. Шундан кейин уёғини кўрамиз.

Би-би-си: Оксана, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик шогирдларингизга қарши беллашишингизга тўғри келади. Бу сизга ғалати бўлиб туюлмаяптими?

Оксана Чусовитина: Йўқ, менинг учун бунинг ҳеч бир ғалати ери йўқ. Мен буни аввалдан билганман. "Қизларим" билан Лондон Олимпиадасига қадар ҳам бир қанча мусобақаларда бирга иштирок этганман. Ҳатто, Луиза Галиулина ходада мендан яхшироқ ҳам натижа кўрсатган. Мен бундан фақат қувонаман, холос. Чунки шогирдларим мендан яхшироқ иштирок этишаяптими, бу - мен уларга нимадир бера олганимни кўрсатади.

Би-би-си: Лондон Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик шогирдларингизга нималарни тилаган бўлардингиз?

Оксана Чусовитина: Энг асосийси - жароҳат олмасдан, стабил ва бенуқсон иштирок этишларини тилаб қолган бўлардим.

Би-би-си: Турли хабар воситаларида Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ортидан, катта спортдаги карьерангизга якун ясашингиз ҳақида кўп гапирилаяпти. Бу гаплар ростми, агар тўғри бўлса, ундан кейинги режаларингиз қандай?

Оксана Чусовитина: Ҳа, бу хабарлар рост. Лондон Олимпиадаси мен учун энг йирик спорт беллашувларининг сўнггиси бўлади. Чунки кўпроқ вақтимни оилам, эрим ва ўғлим билан бирга ўтказмоқчиман. Менимча, ўзим каби гимнастикачиларга ўхшаб, мураббийлик фаолияти билан шуғуллансам керак. Кўрамиз. Ҳали аниқ билмайман. Бу - умуман янги босқич бўлади. Гаплашиш, ҳал этиш лозим бўлган масалалар бўлади. Бўлса, Ўзбекистонда, бўлмаса, шу ерда, Олмониянинг ўзида мураббийлик қилсам керак.

Би-би-си: Ўзбекистонлик таниқли спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитинанинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидаги иштирокига оид сўнгги хабарларни веб саҳифамиз орқали кузатиб боришни унутманг.

Бу мавзуда батафсилроқ