Лондон 2012: спортчилар Олимпиада Ўйинларига келишни бошлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ўйинларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ айрим саволлар очиқ қолаётган бир манзарада, бутун дунё бўйлаб минглаб спортчи ва мулозимлар Лондонга сафарларини бошлаб юборишган.

XXX Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи 11 кун қоларкан, Лондонда ҳозирликлар ҳам ўзининг сўнгги босқичига кирган.

Британия парламентидаги мухолиф партия вакиллари расмий очилиш маросимига қадар, ҳукуматнинг ўйинлар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммони ҳал этишига умид қилишмоқда.

G4S хусусий ширкати ижроий раҳбари Ник Баклз етарли сонда қўриқчилар етказиб бера олмагани боис, Ўйинлар арафасида танқидлар остида қолиб кетган.

Ўтган ҳафта ташкилотчилар Ўйинлар хавфсизлигини таъминлаш учун уч ярим минг ҳарбийни хизматга чақиришга мажбур бўлишганди.

Бугун душанба куни Олимпия Ўйинлари тарихидаги энг йирик допингга қарши текширувлар ҳам бошланади.

Ўйинларда иштирок этаётган жаъми спортчиларнинг ярмига яқини бу текширувлардан ўтишади.

Буюк Британия чегара назорати хизмати эса, кеча якшанба кунидан бошлаб "Олимпия тартиби"да хизмат кўрсатишга ўтган.

Дейлик, Лондоннинг йирик "Ҳитроу" аэропорти бугун 120 минг кишини қабул қилиб олган.

Ўйинлар авжига чиққан паллада Олимпия қишлоғида 16.000 спортчи ва мулозимнинг бўлиши айтилади.

Ўзбекистон ҳайъати

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг асосий қисми Олимпиада Ўйинларидан уч кун аввал, яъни 24 июл куни Лондонга етиб келади.

Ўзбекистондан Лондонга жаъми 100 дан ортиқ кишидан иборат хайъатнинг келиши кутилмокда.

Улардан 54 нафари бевосита Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этажак спортчилардир.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик параолимпиячилар ҳам 10 та лицензия олишган.

25 июль куни Олимпиада қишлоғида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғини кўтариш маросими ўтказилади.

Лондондаги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида мамлакатимиз байроғини жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби боксчи Элшод Расулов кўтариб боради.

Ўзбекистонлик спортчилар Олимпиада Ўйинларида 15 спорт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Булар байдаркада эшкак эшиш, сузиш, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполиндан сакраш, велоспорт, теннис, таэквондо, ўқ отиш, енгил ва оғир атлетика, бокс, дзюдо ва кураш каби спорт турларидир.

Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Жаҳон Кубоги, Осиё Кубоги, Жаҳон, Осиё чемпионатлари, Осиё Ўйинлари ва қатор халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаган ёки кучли ўнталикдан жой олган спортчилар талайгина.

Ўзбекистонлик масъуллар бокс, эркин, юнон-рим кураши, дзюдо ва енгил атлетика бўйича совринли ўринларга умид қилаётганликлари, бироқ бошқа спорт турларида ҳам бўш келмасликларини айтишади.

Спорт либослари Хитойда тайёрланган

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан билдиришларича, спортчилар дохил Олимпия Ўйинларида иштирок этаётган ҳайъат аъзолари учун расмий либослар Ўзбекистонда тайёрланган.

Спорт кийимлари эса, Хитойнинг етакчи спорт брэндларидан бўлган ERKE ширкати томонидан етказиб берилган.

Айрим хабарларга кўра, спорт кийимларини ишлаб чиқариш бўйича Осиёдаги етакчи ширкатлардан бўлган ERKE маҳсулотларидан дунёнинг ўнлаб давлатлари фойдаланишади.

Лондон Олимпиадаси ўзбекистонлик спортчилар иштирок этаётган бешинчи ўйинлари бўлади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия жамоаси бундан аввал Атланта, Афина, Сидней ва Пекинда бўлиб ўтган Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этган.

Пекин Олимпиадасини 1 та олтин, иккита кумуш ва учта бронза медали билан якунлаган.

Марказий Осиёда Қозоғистон илдам

Лондон Олимпиада Ўйинларида ҳам Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта сондаги спортчилари билан иштирок этмоқда.

Яъни унда 20 спорт тури бўйича 114 қозоғистонлик спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

Тожикистондан 16 нафар спортчи ўйинларда беллашса, қўшни Қирғизистон 14 спортчисини Лондонга юбормоқда.

Масъулларга кўра, ўзбекистонлик спортчилар илк беллашувларини очилиш маросимининг эртаси куни, яъни 28 июлда бошлашади.

Ўқувчиларимиз муносабати

Алишет Носиров, Чимкент

Мен ишонаманки, ўзбек спортчилари Марказий Осиёда сони жиҳатидан лидер бўлмаса ҳам, медал олиш бўйича лидер бўлишига аминман. Мен ўзим қозоғистонлик бўлсам ҳам, Ўзбек давлатининг ғалабасини Аллоҳдан тилайман. Қозоғистон ҳам ёмон эмас

Бу мавзуда батафсилроқ