Донгдор дзюдочи Абдулла Тангриев наша аломатлари ҳақида нима дейди?

Дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони, Пекин Олимпиадаси кумуш медали совриндори Абдулла Тангриев ўзини Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидан четлатишга асос берган қон намунаси текширувларидан шубҳада эканини айтмоқда.

Таниқли дзюдочининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, яқинда бўлиб ўтган мусобақалар чоғида "кимдир унинг овқатига таркибида шундай модда бўлган нарса ташлаган", деган тахминда.

Абдулла Тангриевнинг қонидаги наша аломатлари шу йил май ойида Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган "Катта дубулға" мусобақалари чоғида Жаҳон Дзюдо Федерацияси томонидан ўтказилган допинг текширувлари ортидан аниқланган.

Ўзбекистонлик дзюдочи оёғининг учта бармоғи жароҳат олгани боис шундоқ ҳам Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этолмаслиги ва шу боис, ҳозир шикоят аризаси билан чиқишдан маъни йўқлигини айтади.

Сўнгги қон намуналари натижаси сабаб, Абдулла Тангриевнинг келаси икки йил давомида халқаро турнирларда ҳам иштирок этиши тақиқлаб қўйилган.

Аммо, ўзбекистонлик таниқли дзюдочининг айтишича, соғайиб кетгач, албатта қон намуналарини қайта текширишларини талаб этиш ниятида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Куни-кеча Ўзбекистон Дзюдо Федерацияси расмий баёнот билан чиқиб, қонида наша аломатлари топилгани учун Абдулла Тангриевнинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этолмаслигини расман тасдиқлаганди.

Федерация веб саҳифасида чоп этилган расмий баёнотда ўз мухлислари ишончини оқлолмагани учун Абдулла Тангриевнинг улардан узр сўраши ҳам таъкидланганди.

Абдулла Тангриев ўз вазн тоифасида (+100 кг) жаҳондаги энг кучли дзюдочилардан бири саналади.

У 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори.

Дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида ўтган йилги Жаҳон чемпионатининг мутлақ ғолиби. Уч карра бронза медали соҳиби.

Абдулла Тангриев, бундан ташқари, беш карра Осиё чемпиони ҳам ҳисобланади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган ўзбекистонлик таниқли дзюдочи ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётганди.

Бу мавзуда батафсилроқ