Руслан Чагаев Universum Box-Promotion клубини тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Олмониянинг промоутерлик клуби билан шартномасини бузган.

Universum Box-Promotion га яқин манбаларнинг бизга айтишича, Руслан Чагаев энди эркин агент сифатида ўз жангларини ташкиллаштириб, рингга тушади.

Руслан Чагаев ҳали олмон клубига аъзо экани чоғида Би-би-си Ўзбек Хизматига навбатдаги жангини август ойларига режалаётганини билдирганди.

Унинг сўнгги қарори ортидан аён бўлишича, Руслан Чагаев 1 сентябр куни рингга тушишни режаламоқда.

Русланнинг бўлажак рақиби маълум эмас ва жангга оид шартнома имзоланиши ортидан унинг ким экани маълум бўлиши айтилмоқда.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган Руслан Чагаев қарийб ўн йилдан буён Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келаётганди.

Клубга яқин манбаларга кўра, эркин агент мақомида ҳам Руслан боксчилик карьерасини Олмониянинг ўзида давом этдиради.

Тарихча ўрнида

Руслан Чагаев ўтган йил 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Аммо шундан сўнг ўтказган қатор рейтинг жангларининг барчасида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи сўнгги мағлубияти ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қатор жанглар ўтказиб, албатта Жаҳон чемпионлиги камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш ниятида эканини айтганди.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.

Аммо орада қатор жанглар ўтказиб, яна ушбу мақом учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 32 та жанг ўтказган, шундан 29 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Бу мавзуда батафсилроқ