Лондон 2012: Наврўз Жўрақобилов Ўйинлардаги иштирокига якун ясади

Image caption Ўзбекистонлик донгдор боксчи, икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини ғалаба билан бошлади

73 кг вазнда бугун татамига чиққан ва илк учрашувини наурулик рақибига қарши ғалаба билан бошлаган ўзбекистонлик таниқли дзюдочи Наврўз Жўрақобилов чорак финалга чиқа олмади. Наврўз тожикистонлик рақиби Расул Боқиевга ютқазиб қўйди.

Дастлабки жангида марокашлик рақибини мағлуб этиб, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ғолиблиги учун ўз курашини давом этдириш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик донгдор боксчи, икки карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев ортидан, унинг жамоадоши Фазлиддин Ғоипназаров ҳам илк жангини ғалаба билан бошлаган.

1/16 финал беллашувлари доирасида Фазлиддин Ғоипназаров 60 кг вазн тоифасида камерунлик Абдон Йячинте Меволига қарши рингга чиқди ва рақибини 11:6 ҳисобида енгиб, нимчорак финалга йўл олди.

2 августга режаланган навбатдаги жангида Фазлиддин америкалик боксчи Хосе Рамиресга қарши рингга тушади.

Расмий очилиш маросимининг эртасига - 28 июл куни 75 кг вазнда рингга тушган Аббос Атоев марокашлик рақиби Бадриддин Ҳаддиуйни енгишга муваффақ бўлганди.

Дастлабки ғалабаси ортидан, Аббос Атоев ҳам 2 август куни рингга тушади ва руминиялик боксчи Богдан Журатони билан куч синашади.

Ҳали яна ўзбекистонлик уч боксчи дастлабки беллашувларини ўтказишлари керак бўлади.

Бокс бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сафидан биринчи бўлиб рингга тушган Орзубек Шоимов эса, 56 кг.ча бўлган вазн тоифасида дастлабки беллашувини бразилиялик рақибига бой бериб қўйганди.

Ўзбекистонлик спортчилар бугун уч спорт тури: дзюдо, сузиш ва теннис бўйича кураш олиб боришади.

Бундан аввал ўзбекистонлик дзюдочи Мирзохид Фармонов 66 кг вазн тоифасида 1/8 финал баҳсларида жанубий кореялик рақиби Чо Жун Хога ютқазиб қўйиб, Ўйинлардаги иштирокига якун ясаганди.

Дзюдочиларимиз орасида биринчи бўлиб татамига чиққан икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров эса, Ўйинларнинг бронза медалини қўлга киритганди.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар Руслан Макаров ва Марина Сисоевалар эса, ўйинлардаги иштирокларига якун ясашди.

Лондон Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона спорт гимнастикачиси Луиза Галиулина эса, бирламчи допинг синовидан ўта олмагани боис, мусобақалардан вақтинча четлатилди.

Ўзбекистондан жаъми 54 спортчи ғолиб учун кураш олиб боришаётганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг учинчи куни бошланаркан, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳозирча битта медал билан медаллар жадвалида 22-ўринда бормоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич Қозоғистонда. Улар иккита олтин медал билан медаллар жадвалида 7-ўринда боришмоқда.

Кеча 57 кг вазнда аёл штангачилар орасида бўлиб ўтган беллашувда қозоғистонлик Зулфия Чиншаҳло Қозоғистон Олимпия терма жамоасига иккинчи олтин медалини келтирди.

Илк олтин медални эса, қозоғистонлик велопойгачи Александр Винокуров олиб берганди.

Медаллар жадвалида икки кун ичида жаъми 12 та медал олишга муваффақ бўлган хитойликлар устунлик қилишмоқда.

Бокс "қироли" ўзбекистонлик боксчилар имкониятлари ҳақида

Image caption Артур Григорян ўзбекистонлик боксчиларга ишонишини айтмоқда

Профессионал боксда енгил вазн тоифасининг барча асосий версиялари бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони Артур Григорянга кўра, ўзбекистонлик боксчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида камида битта олтин медал олишларига ишончи комил.

Донгдор боксчининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистон кўплаб халқаро турнирлар ва чемпионатларда бокс бўйича нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб қўйган.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Лондон Олимпиада Ўйинларига энг кўп йўлланма олган жамоалардан биридир.

Ўйинларда Ўзбекистонни олти нафар боксчи намоён этади.

Уларнинг орасида ҳаваскор боксда икки карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Ўктам Раҳмонов, қатор халқаро турнирлар ғолиби Элшод Расулов ва Фазлиддин Ғоипназаровлар бор.

Ўзбекистонлик боксчилар совринли ўринлар учун курашларини расмий очилиш маросимининг эртаси куниёқ, яъни 28 июл куни бошлаб юборишган.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида Атланта, Сидней ва Афина Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин, кумуш ва бронза медаллари бор.

Биз ўзбекистонлик боксчиларнинг беллашувлари манзарасида донгдор боксчини суҳбатга чорлаб, унинг башоратлари билан қизиқдик:

Артур Григорян: Мен ҳам айнан Аббос Атоев ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Чунки Аббос Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медалига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган илк умидларимиздан бири. Мен Аббос билан бир қаторда Ўйинларда иштирок этаётган бошқа боксчиларимизга ҳам совринли ўринларни қўлга киритишларини тилаб қоламан. Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керакки, бу - бокс, бунга тайёр бўлиш керак. Аммо Ўзбекистон кўплаб халқаро турнирлар ва чемпионатларда бокс бўйича нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб қўйган. Мен Лондон Олимпиада Ўйинларида боксчиларимиз камида битта олтин медал олишади, деб ўйлайман. Жуфт бўлишини ҳам тилаб қоламан.

Би-би-си: Лекин сўнгги Пекин Олимпиадасида боксчиларимизга нима панд бериб қўйди, деб ўйлайсиз?

Артур григорян: Бу - бокс. Боксда манаман деган боксчилар ҳам дастлабки учрашувларини бой бериб қўйишлари мумкин. Бунинг қўрқинчли ери йўқ. Чунки кўпчилик баҳо берганда, бокснинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олмайди. Лекин бу галги Олимпиада Ўйинларида медалларимиз кўп бўлишига ишонаман ва бунга умид қилиб қоламан. Ич-ичдан негадир боксчиларимиз камида битта олтин медалли бўлишади, деган ўйдаман.

Бу мавзуда батафсилроқ