Лондон 2012: 'Луиза Галиулина ҳам, мураббийлари ҳам шокда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Жасур Акрамовнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, спорт гимнастикачиси Луиза Галиулина пешобидан фуроцемид топилиб, беллашувлардан вақтинчалик четлаштирилганидан ҳайратдалар.

"Фуроцемид пешоб ҳайдовчи дори ҳисобланади. Уни одатда озиш ниятида бўлган спортчилар ёки одамлар қўллашади. Шунинг учун ҳам, бу препаратни фақат вазни ортиқча бўлган одам ичиши мумкин. Луиза Галиулинанинг ўзи 40 килога ҳам бормайдиган вазни бор. Унинг фурацемид ичишининг ҳеч қанақа сабаби йўқ эди-да", дейди жаноб Акрамов:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона спорт гимнастикачиси эди.

Луиза халқаро миқёсда ўтказилган қатор саралаш мусобақалари ортидан Ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Саралаш босқич беллашувларининг сўнгги эса, икки ойча бурун Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтганди.

Луиза Галиулина 2005 йилда Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионати, 2010 йилги Хитой Осиё Ўйинларининг бронза медали совриндори саналади.

Спорт гимнастикаси бўйича ўтган йил Бельгияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳам совринли учинчи ўринни олишга муваффақ бўлган.

Мураббийлари Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам яхши натижа кўрсатишига умид қилишаётганди.

Ўзбекистонлик спортчи 25 июлда - мусобақалар бошланишидан уч кун олдин допинг синовидан ўтганди.

Фуроцемид допинг ҳисобланмайди. Хусусан, қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш учун ишлатилади.

Россиялик юқори мартабали допинг мутахассиси, "РУСАДА" антидопинг идораси раҳбари муовини Никита Камаев амалиётда саноқли эса-да, фуроцемидга ўхшаш препаратларнинг спортчи организмига озиқ-овқат қўшилмалари орқали тушиб қолган ҳоллари бўлганини айтади.

"Бразилиялик машҳур сузувчи мисолида худди шундай бўлганди. Яъни, озиқ-овқат қўшилмаларини тайёрлаш жараёнида техник меъёрлар бузилган бўлган. Бунинг оқибатида заҳарланган қўшилмалар орқали фуроцемидга ўхшаш хусусиятга эга бўлган модда спортчи организмига тушган. Буни бразиялик спортчи исботлаб беришга муваффақ бўлган", дейди россиялик допинг мутахассиси.

Россиялик мутахассисга кўра, Луиза Галиулина организмига ушбу модда қандай қилиб тушиб қолганини исботловчи барча далилларни кўрсатиши керак.

"Ўтган икки ҳафта нима еб-ичгани ёки қилганини яхшилаб ўйлаб кўриб, фуроцемид қандай қилиб организмига тушиб қолганини исботлашга ҳаракат қилиши лозим. Агар буни исботлай олмаса, интизом қўмитаси уни айбдор, деб топиши мумкин", дейди жаноб Камаев.

Ўзбекистонлик шифокорлардан бирининг айтишича, фурацемид ўткир буйрак етишмовчилиги, қон босими юқори ва ўпка шишиши каби турли шишлар бўлган пайтда беморларга тасвия қилинади ҳамда кўпинча кардиологлар учун асосий ёрдамчи дори ҳисобланади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун қўлланилган ҳоллари ҳам бўлгани боис, фуроцемид Умумжаҳон Допингга қарши Агентлиги томонидан тақиқланган.

'Ҳамма шокда'

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбарининг айтишича, "Луиза ва мураббийлари юз берган ҳодисадан шокдалар".

"Мураббийлари Луиза бунақа нарсаларни ҳеч қачон истеъмол қилмаганини айтишмоқда. Икки кундан бери Луиза ҳам фақат йиғлайди. Умуман гапиролмайди. Қанақа қилиб мен Олимпиадага келсаму, унда қатнашолмасам, деб йиғлаб ётибди", дейди Жасур Акрамов.

Унинг айтишича, Луизанинг пешобидан олинган қўшимча намуналар натижаси ҳали ўзларига берилмаган.

Жаноб Акрамовга кўра, натижалар салбий чиққан ҳолатда ҳам, спорт гимнастикаси бўйича беллашувлар аллақачон бошланиб кетгани боис, Луиза барибир Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этолмайди.

"Улар фақат узр сўрашади, холос", дейди Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари.

Жасур Акрамовнинг айтишича, юз берган ҳодиса ортиданоқ, допинг мутасаддиларига расмий норозилик нотаси йўллашган.

Аён бўлишича, допинг мутасаддилари шундан сўнг Луиза ва унинг мураббийлари билан икки соат суҳбат олиб боришган.

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари бошқа хорижий спортчилар билан боғлиқ мисолларни назарда тутиб, ушбу масаланинг ижобий ечим топишига умидбахш эмасликларини айтади.

Бундан аввал Умумжаҳон Допингга қарши агентлиги қонида наша аломатлари топилганини айтиб, нақ Лондон Олимпиадаси арафасида ўз вазн тоифасида (+100кг) жаҳоннинг мутлақ чемпиони, Пекин Олимпиадаси кумуш медали совриндори Абдулла Тангриевни Ўйинлардан четлатганди.

Абдулла Тангриев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида допинг текшируви натижаларидан гумонда экани, олган жароҳати битгач, халқаро қўмитага шикоят этиб, қайта текширувдан ўтказишларини сўрашини билдирганди.

Бу мавзуда батафсилроқ