'Денис ва Федерер учрашувини роса ҳаяжонланиб томоша қилдик'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Лондондаги ўзбекистонлик спорт ишқибозларидан бирининг айтишича, Ўзбекистон ва Жаҳоннинг биринчи ракеткалари ўртасидаги ўйинни кеча роса ҳаяжонланиб томоша қилишган.

Суҳбатдошимизга кўра, Рожер Федерерга ютқазиб қўйганига қарамай, Денис Истомин кечаги учрашувда рақибига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидаги дастлабки икки учрашувини ғалаба билан бошлаган Денис Уэмблдонда бўлиб ўтган учинчи босқич беллашувини бой бериб қўйди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, об-ҳаво ёмон эканига қарамай, кортда якка ўзлари эмас, 50-60 чоғлиқ ўзбекистонлик ишқибоз Денисни қўллаб туришган.

"Ўйин бизда жуда яхши таасурот қолдирди. Биз ғурур билан томоша қилдик. Денис Истоминнинг шу босқичгача келгани - шараф. Чунки бу каби мусобақаларда иштирок этишнинг ўзи жуда катта гап".

Суҳбатдошимиз Дениснинг мағлубияти ўзларига роса алам қилган бўлса ҳам, жаҳоннинг 1-рақамли ракеткачиси бўлган рақибига жуда зўр қаршилик кўрсатганини айтади.

Унга кўра, кечаги учрашув ўзи учун эсдан чиқмайдиганларидан бири бўлган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимиз Лондон ресторанларидан биридаги ишида қанчалик банд эканига қарамай, ўзбекистонлик спортчилар иштирокидаги барча мусобақаларни кузатиб боришга ҳаракат қилаётганини ҳам айтади.

"Телефондан, уйдан телевизор орқали, кейин ҳамма жойга монитор қўйилган, Лондон кўчаларида, паркларда бемалол мониторлар орқали кўришингиз мумкин", дейди у.

Суҳбатдошимиз Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўз беллашувларини бошлаётган ўзбекистонлик спортчиларга омад тилаб қолиши, ҳеч бўлмаса битта олтин ё кумуш медал олишса, уларга ҳам, ўзларига ҳам эсдалик бўлиб қолган бўлишини айтади.

Ўйинларда Ўзбекистонни 53 нафар спортчи намоён этаётган бўлса, ҳозирча уларнинг ҳисобида битта бронза медали бор.

Расмий очилиш маросимининг эртасига - 28 июл куни татамига чиққан ўзбекистонлик донгдор дзюдочи Ришод Собиров ўз терма жамоасига илк ва ҳозирча ягона медални келтиришга муваффақ бўлганди.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар дзюдо ва бокс бўйича ўз беллашувларини давом этдиришади.

Бу мавзуда батафсилроқ