Лондон 2012: Бокс беллашувларида катта можаро юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Рингда олти марта йиқилиб қолган озарий боксчисини ғолиб, деб эълон қилгани учун Халқаро Ҳаваскор Боксчилар Уюшмаси туркманистонлик ҳакам Ишангули Меретниёзовни уйига қайтариб юборди.

Бунга жаноб Меретниёзовнинг +54 кг вазн тоифасида озарбайжонлик боксчи Магомед Абдулҳамидов ва унинг япониялик рақиби Сатоси Симидзу ўртасида бўлиб ўтган беллашувдаги ҳакамлик фаолияти сабаб бўлган.

1 август куни бўлиб ўтган ушбу жанг чорак финалчининг тақдирини аниқлаб бериши лозим эди.

Озарбайжоннинг 2-рақамли боксчиси бўлган Магомед биринчи ва иккинчи раундни ўз фойдасига ҳал қилган (8:3), аммо учинчи раундда ҳолсизланиб, олти маротаба рингда тўртоёқлаб қолганди.

Лекин, шунга қарамай, туркманистонлик ҳакам боксчиларни жангни давом этдиришга даъват этиб, якунида 22:17 ҳисобида ғолибликни озарий боксчисига беришга қарор қилганди.

Аммо ғолиб Магомед Абдулҳамидовнинг, ҳатто, рингни тарк этишга ҳам ҳоли қолмаганди.

Бокс мутахассисларига кўра, ҳакам учинчи ҳолатдан кейиноқ жангни тўхтатиши лозим бўлган.

Япония томонининг шикояти ортидан халқаро уюшма ҳайъати жанг натижасини кўриб чиқиб, ҳакамни ўз вазифасидан четлатишга қарор қилган.

Ғалаба эса япониялик боксчига берилган.

Асли доғистонлик бўлган 26 ёшли Магомед Абдулҳамидов бокс бўйича Россия чемпионатининг кумуш ва бронза медаллари соҳиби, қатор халқаро турнирлар ғолиб саналади.

Туркман ҳакамига нима бўлди?

Туркманистонлик ёзувчи ва журналист Ак Велсапарнинг айтишича, ушбу можаро порахўрлик билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин.

Лекин, унга кўра, Туркманистонда спортдан тортиб, сиёсат ва мамлакат ижтимоий ҳаётигача - ҳамма нарса олдиндан ҳал этиб қўйилган бўлади.

Журналист худди шу сабабдан ҳам, мавжуд вазият, ҳатто, ҳакамларнинг фаолиятларига ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин, деган фикрда.

"Балки, Ишангули Меретниёзов халқаро беллашувларга ҳам ғолибни ёлғиз ўзи белгилаш ҳуқуқига эга воқеилик деб қараган бўлиши мумкин".

Жаноб Велсапарнинг айтишича, бу - шармандали ҳолат эса-да, ҳозир Туркманистонда спортчилару спорт мулозимлари қандай етишиб чиқишаётганини бор бўёқларида ўзида акс этдиради.

Мулозим ҳам четлатилди

Айни шу можаро манзарасида Озарбайжон Бокс Федерацияси Президенти муовини Оғажон Эбиев ҳам Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидан четлатилган. Аммо бунинг сабаби расман изоҳланмаётир.

Қатор халқаро ахборот агентликларида Халқаро Уюшма вакилларидан келтирилган иқтибосларга қаралса, Оғажон Эбиев "спорт одоб-ахлоқ кодексини бузган".

Reuters танишишга муваффақ бўлган ҳужжатда ёзилишича, озарбайжонлик мулозим ўз мамлакати терма жамоаси аъзолари билан гаплашиб, шартномасига хилоф иш тутган.

Жаноб Абиев, ўз ўрнида, пора берилганига оид гап-сўзларни ҳам рад этиб, жанг билан боғлиқ можаро мутлақ ҳакамнинг хатоси туфайли юз берганини айтган.

Худди ўша куни эронлик боксчи Али Мазоҳирийни уч бор қоидабузарликда айблаб, жангни ўртасидан тўхтатишга қарор қилгани учун эса, олмониялик ҳакам Франк Шармах беш кунга вазифасидан четлатилган.

Али Мазоҳирий 1-раундда 6:4 ҳисобида кубалик рақибидан қўли баланд келаётганди.

Афина Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бокс беллашувларида ҳам шунга ўхшаш можаролар кузатилган ва бу ишқибозларнинг норозиликларига сабаб бўлмай қолмаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ