Лондон 2012: Ўзбекистонлик бешинчи боксчи ҳам ғолиб

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Элшод Расулов Лондон Олимпиада Ўйинларида ўз жангини ғалаба билан бошлаган беш боксчининг сўнггиси бўлди

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг саккизинчи кунида рингга чиққан Ўктамжон Раҳмонов ва жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Элшод Расулов ҳам жангини ғалаба билан якунлади.

Уларнинг ғалабаси ортидан, Ўйинларда ўз иштирокини давом этдираётган ўзбекистонлик боксчиларнинг сони бештага етди.

Икковлондан аввал рингга чиққан уч ўзбекистонлик боксчи барча жангларини муваффақиятли якунлаб, Ўйинларнинг чорак финалига йўлланма олишган.

Улар икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев (75 кг), Фазлиддин Ғойипназаров (+60 кг) ва Жасурбек Латиповлар (52 кг) дир.

Ўктамжон Раҳмоновнинг навбатдаги ғалабаси ортидан, чорак финалда беллашувчи ўзбекистонлик боксчиларнинг сони яна биттага ортди.

Элшод Расулов эса, чорак финалда беллашиш ҳуқуқини қўлга киритган бешинчи боксчи бўлди.

Икковлон навбатдаги жангларини 8 август куни ўтказишади: Элшод Расулов россиялик, Ўктамжон Аҳмедов кубалик боксчига қарши рингга чиқади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми олти нафар боксчи намоён этаётганди.

Улардан фақат 56 кг вазнда Орзубек Шоимовгина беллашувлардаги иштирокига якун ясади.

Ўзбекистонлик боксчилар 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан фарқли тарзда, ўз жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлашди.

Бокс мутахассислари ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ozbekistonovozi.uz
Image caption Муҳаммадқодир Абдуллаев Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини олган ягона ўзбекистонлик боксчи бўлиб турибди

Ҳаваскор боксда ҳам жаҳон чемпиони бўлган Муҳаммадқодир Абдуллаев эса, ҳозирча мустақил Ўзбекистон тарихида Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини олган ягона боксчи бўлиб турибди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев енгил вазн тоифаси(+60 кг)да 2000 йилги Сидней Олимпиада Ўйинларининг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишга муваффақ бўлган.

Ўйинларнинг ҳадисини яхшигина олган донгдор боксчининг айтишича, кўплаб жаҳон чемпионатлари ғолиблари бўлган ўзбекистонлик боксчилар бугун Олимпиада чемпионлари бўлишга ҳам тайёр.

Муҳаммадқодир Абдуллаев уларга ҳам ўз йўли насиб этишини ва бўлажак жангларида омад тилаб қолишини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жанг тафсилотлари

Аввалига 64 кг вазнда рингга чиққан ўзбекистонлик боксчи Ўктамжон Раҳмонов туркиялик рақибини 16:8 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистонлик яна бир боксчи, жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Элшод Расулов бугун илк жангини ўтказди.

Элшод Расулов 81 кг вазнда тунислик рақиби Яхё Элмекачарига қарши рингга чиқди.

Можаристонлик рақибига қарши дастлабки жангини ғалаба билан бошлаган Ўктамжон Раҳмонов эса, 64 кг вазнда туркиялик боксчи Сенер Якуп билан рингга чиққанди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу пайтгача фақат дзюдо мусобақаларида битта бронза медалини қўлга киритган.

28 июл куни -60 кг вазнда татамига чиққан ўзбекистонлик донгдор дзюдочи, икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров ушбу ютуққа муваффақ бўлганди.

Бугун яна мерганлар баҳсида Сокина Мамедова 22-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.

Трамполиндан сакраш мусобақаларида ўзбекистонлик фахрий спортчи Екатерина Хилько финал босқичига чиқа олмади.

Ўзбекистон ҳозирча 53 спортчиси билан медаллар жадвалида 46-ўринни эгаллаб турибди.

МДҲ давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич ҳануз Қозоғистонда.

Қозоғистон кеча олтин медаллари сонини тўрттага етқазиб, ҳатто, 10-ўринда бораётган Россиядан бир поғона юқорилаб олган.

Медаллар жадвалида илғорликни америкалик олимпиячилар эгаллаб олишди.

Улар жаъми 43 медал қўлга киритиб, Хитойни бир медал фарқи билан ортда қолдиришмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ