Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбек боксчилари мағлубияти ҳақида нима дейди?

Image caption Ўйинларда иштирок этган олти боксчидан фақат 75 кг вазн тоифасида Аббос Атоевгина ярим финалда беллашадиган бўлди

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми олти нафар боксчи намоён этган бўлса, улардан 5 нафари беллашувлардаги иштирокларига якун ясашди.

Кеча бўлиб ўтган чорак финал беллашувларида Ўктамжон Раҳмонов ва Элшод Расуловлар ҳам ҳал қилувчи учрашувларини ютқазиб қўйишди.

Улардан аввал 60 кг вазнда Фазлиддин Ғойипназаров кеча ва 52 кг вазнда Жасурбек Латиповлар бугун ярим финалга чиқиш имкониятини бой бериб қўйишганди.

Агар бу боксчилар чорак финал жангларида ғалаба қозонишса, ўзларига Ўйинларнинг бронза медалини кафолатлаган бўлишарди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элшод Расулов эса, Ўйинларнинг чорак финалида иштирок этган ўзбекистонлик сўнгги боксчи эди.

Унинг мағлубияти ортидан Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари бокс беллашувларининг ярим финалида фақат 75 кг вазнда Аббос Атоев рингга тушадиган бўлди.

Душанба куни 75 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик рақибини мағлуб этган Аббос Атоев ўзи учун Ўйинларнинг камида бронза медалини кафолатлаган.

Аббос Атоев эртага жума куни япониялик рақиби Мурата Риётага қарши жанг ўтказади. Жанг британ вақти билан соат 15:15 га режаланган.

Аммо сўнгги Пекин Олимпиада Ўйинларидан фарқли тарзда, ўзбекистонлик боксчилардан аксарияти дастлабки жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлаб, Ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Ўйинлар поёнига етиб бораркан, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобида ҳозирча битта бронза медали бор.

28 июл куни татамига чиққан таниқли дзюдочи Ришод Собиров ўз жамоасига илк ва ҳозирча ягона медални келтиришга муваффақ бўлганди.

Мен мустақил Ўзбекистон тарихида Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган ягона боксчи бўлмиш Муҳаммадқодир Абдуллаев билан боғланиб, Ўзбек боксчиларининг чиқишларига муносабатини сўрадим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўйинларнинг ўн учинчи куни

Бугун ўзбекистонлик олимпиячилар спорт беллашувларининг тўрт тури бўйича кураш олиб боришади.

Ўнкураш баҳсларини давом этдираётган Рифат Ортиқов 110 метрга тўсиқлароша югуриш баҳсларида маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Бугун яна баландликка сакраш мусобақаларида Надя Дусанова ва Светлана Радзивиллар ҳам саралаш босқич беллашувларини бошлашди.

Светлана 1.96 метрлик натижа билан Ўйинларнинг финал босқичига йўл олди.

1.85 метрлик натижа билан Надя Дусанова кейинги босқичга чиқа олмади.

Финал мусобақаси 11 август куни бўлиб ўтади.

Дмитрий Ким эса, таэквондо бўйича 68 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик жамоадошлари орасидан биринчи бўлиб ўз кучини синаб кўрди.

У дастлабки беллашувидаёқ мағлубиятга учради.

Ушбу вазн тоифасида чорак финалга йўлланма Дмитрий Кимнинг рақиби бразилиялик Диого Силвага насиб этди.

Бугун ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи Ульяна Трофимова ҳам дастлабки беллашувларига киришади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми 53 нафар спортчи намоён этмоқда.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳозирча битта бронза медали билан медаллар жадвалида 66-ўринни эгаллаб турибди.

Минтақа давлатлари орасидан энг яхши кўрсаткич ҳозирча Қозоғистонда.

Қозоғистон Олимпия терма жамоаси 6 та олтин ва 2 та бронза медали билан 11-ўринда бормоқда.

Қолган минтақа давлатлари орасидан кеча тожикистонлик спортчилар ҳам илк бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлишди.

60 кг вазн тоифасида аёллар ўртасида бокс бўйича ярим финал беллашувларида иштирок этиб, ирландиялик рақибига ютқазиб қўйган Мавзуна Чориева совринли учинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.

Қирғизистон ва Туркманистон ҳисобида шу пайтгача бирор бир медал йўқ.

Медаллар жадвалида жаъми 77 та медали билан Хитой илғорлик қилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ