BBC navigation

Суриянинг Дарайя шаҳрида кўп сондаги жасадлар топилган

Сўнгги янгиланиш 26 август 2012 - 11:48 GMT

Дарайя шаҳрида ҳукумат кучлари рейдлар ўтказгани тасдиқланган.

Сурия мухолифатига кўра, пойтахт Дамашқдан жануби-ғарбда жойлашган ва асосан сунний мусулмонлар истиқомат қиладиган Дарайя шаҳрига ҳукумат қўшинлари кирганидан кейин қирғин уюштирган.

Мухолифат Президент Башар ал-Асад кучларини қатлиомда айбламоқда, уларнинг айтишларича, шаҳар уйлари ва ертўлаларида ўлдирилган инсонларнинг жасадларини топганлар.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Дарайяда 200 тача жасад топилган.

Мухолифат даъволарига изоҳ бермаган Сурия давлат телевидениеси "Дарайя шаҳри террорчиларнинг қолдиқларидан тозалангани" ҳақида хабар тарқатган.

Дарайя шаҳри уч кун давомида қаттиқ бомбардимонга тутилганидан кейин ҳукумат қўшинлари 25 август куни шаҳарга кирганлар.

Би-би-си мухбири Барбара Плет хабар беришича, ушбу ҳужум пойтахт Дамашқнинг жанубий ҳудудларини жангарилардан тозалаш мақсадидаги кенг амалиётларнинг бир қисми бўлган.

Сурия мухолифати фаоллари интернетда тасдиқланмаган видео эълон қилганлар.

Бу видеода Дарайя шаҳридаги Абу Сулаймон Ал-Дараний масжиди ичкарисида ётқизиб қўйилган жасадлар акс этган.

Фаолларнинг айтишларича, қурбонларнинг аксари бошидан ва кўкрагидан отилган.

"Ассад армияси Дарайяда қатлиом содир этди", деб айтган мухолифат аъзоларидан бири.

Бу инсонлар Сурия ҳарбийлари уйма-уй юриб рейд ўтказганда ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатишган.

Айримларнинг снайпер ўқидан, бироқ кўпчилик яқин масофадан туриб отиб ўлдирилган, дейишган мухолифат аъзолари.

Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш гуруҳига кўра, шанба куни бутун Сурия бўйлаб 183 инсон ўлдирилган.

Мухолифат даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони йўқ, боиси хорижлик журналистларнинг Сурия бўйлаб ҳаракатланиши чекланган.

Маҳаллий фаолларнинг айтишларича, Дарайяда рўй бергани хабар қилинаётганидек ҳодисалар, яъни ҳукумат ҳарбийларининг рейдларидан кейин ўнлаб сондаги жасадларнинг топилиши охирги ойларда кўпайиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилотига кўра, бу янгилик эмас, бироқ бундай ҳодисалар тобора кўпроқ ҳудудларда ва кўпроқ сонда рўй бермоқда.

Олдинроқ БМТ кузатувчилари ўзларининг ҳисоботида икки томон ҳам қирғинларни содир этаётганини қайд этган, бироқ Сурия армияси кўпроқ сондаги инсонлар ўлими учун масъул экани айтилган.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти ҳисоботига кўра, Сурияда 2011 йил март ойида аксилҳукумат чиқишлари бошланганидан буён қарийб 18 минг инсон ҳалок бўлган, 200 мингдан ортиқ суриялик ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.