BBC navigation

Лондон 2012: Ўзбекистонлик дзюдочи тарихга кирадиган бўлди

Сўнгги янгиланиш 1 сентябр 2012 - 06:58 GMT

Таниқли дзюдочиси Шариф Халилов олган медал Ўзбекистон ҳисобидаги биринчиси ва ҳозирча ягонаси бўлиб турибди

Таниқли дзюдочи Шариф Халилов Ёзги Паралимпиада Ўйинларининг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоасига илк медални келтирди.

-73 кг вазн тоифасида татамига чиққан Шариф Халилов финалда украиналик рақиби Дмитро Соловейга бой бериб қўйди.

Шариф Халилов 2010 йилги Параосиё Ўйинларининг ҳам кумуш медали совриндори ҳисобланади.

У Лондонга жўнаб кетиши арафасида берган суҳбатларида XIV Ёзги Паралимпия Ўйинларининг совринли ўринларидан бирига кўз тикаётганини яширмаганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Шариф Халилов Ўзбекистон тарихида Ёзги Паралимпиада Ўйинларининг совриндорига айланган биринчи спортчига айланди.

Лондондагиси билан учинчи бор Ёзги Паралимпия Ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон шу пайтгача бирорта ҳам медал ололмаганди.

Бошқа тарафдан, дзюдочисининг илк ютуғи билан Ўзбекистон жорий Ўйинларнинг медалини олишга муваффақ бўлган илк Марказий Осиё жамоаси ҳам бўлди.

Ўзбекистон бу галги Паралимпия Ўйинларида минтақа давлатлари орасидан энг катта сондаги, яъни 10 та спортчиси билан иштирок этмоқда.

Улардан биринчи бўлиб ўз беллашувларини бошлаб берган Яшин Шобердиев ўтган кун -48 кг вазн тоифасида пауэрлифтинг мусобақаларини бирор бир совринсиз якунлаганди.

Ўйинларнинг иккинчи куни 100 метрга баттерфляй усулида сузиш мусобақаларида ўз кучини синаб кўрган Кирилл Паньков эса, финал беллашувларида олтинчи ўрин билан кифояланди.

Ўзбекистон ҳозирча 165 иштирокчи давлат орасидан 1 та кумуш медали билан медаллар жадвалида 38-ўринни эгаллаб турибди.

Медаллар жадвалида ўтган уч куннинг ўзида 14 та олтини дохил жаъми 37 та медал олишга муваффақ бўлган Хитой паралимпия терма жамоаси пешқадамлик қилиб турибди.

Паралимпиада Ўйинларининг учинчи кунида ўзбекистонлик енгил атлетикачи Мияссар Ибрагимова аёллар ўртасида 100 метрга югуриш мусобақаларининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлди.

Ярим финал беллашувлари бугун кечқурун, британ вақти билан соат 21:30 да бошланади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.