BBC navigation

Осиё Чемпионлар лигаси: 'Бунёдкор' 2 - 2 'Аделаида Юнайтед'

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 11:39 GMT

Бугун Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки чорак финал учрашувида австралиялик ашаддий рақибларига қарши майдонга тушган Ўзбекистон чемпиони ўйинни сафарда дуранг ҳисоби билан якунлашга муваффақ бўлди.

Учрашувнинг 1-қисми тугашига саноқли дақиқалар қолган пайтда, 0:2 ҳисобида енгилиб турган "Бунёдкор" орадаги фарқни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди.

Жарима майдони чизиғи устидан белгиланган жарима тўпини Жасур Ҳасанов чап оёғи билан жуда чиройли тарзда дарвозага йўллади - 1:2.

Ўйиннинг 41-дақиқасида олган қизил карточкаси туфайли "Аделаида" ўйинчиси Найджел Бугард майдонни тарк этти.

"Бунёдкор" учрашувнинг қолган қисмини 10 та ўйинчига қарши ўтказди.

Иккинчи қисмнинг 75-дақиқасида Шавкат Саломов ҳисобни 2:2 га етқазди.

Икковлон орасидаги учрашув "Xиндмарш" стадионида Тошкент вақти билан соат 14:30 да бошланганди.

"Бунёдкор" ҳайъатининг Австралияга душанба куни етиб боргани хабар берилганди.

Қалдирғочлар ва Австралия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Дэвид Карнининг "Аделаида"га қарши ўйинда майдонга тушмади.

Жавоб учрашуви 3 октбар куни Тошкентнинг "Жар" стадионида бўлиб ўтади.

Сафарда эришган дуранг натижаси Ўзбекистон чемпионининг ярим финалга чиқиш имкониятларини анча яхшилайди.

Яъни Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқиши учун қалдирғочларни ўз майдонида, ҳатто, дуранг натижа ҳам қониқтиради.

Бу икки жамоа Осиё Чемпионлар лигаси учрашувлари доирасида бундан аввал ҳам бир-бирлари билан бир неча бор тўқнаш келишган.

"Аделаида Юнайтед" 2008 йилда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, "Бунёдкор"ни ортда қолдириб, ушбу нуфузли турнирнинг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган, аммо ҳал қилувчи ўйинда япониялик рақибларига ютқазиб қўйганди.

Икковлон гуруҳ босқич саралаш ўйинлари доирасидаги қолган учрашувларини дуранг ҳисоби билан якунлашган.

Чорак финал

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони май ойида Жанубий Кореянинг "Сонгнам Ильва Чумна" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида яна бир бор Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

"Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида Осиё чемпионлар лигасида яхшигина ном қозониб улгурган.

2008 йилда лига ўйинларининг ярим, кейинги йили эса чорак финалига қадар чиқишга муваффақ бўлган.

Ўз вақтида Осиёнинг энг серхарж клубларидан бўлган "Бунёдкор" илк ташкил топган кунлариданоқ қитъа чемпионлари чемпиони ва клублар орасида жаҳон биринчилиги ғолиби бўлиш истагида эканини баралла баён қилиб келарди.

Жамоа осмонўпар орзуларига етишиш учун ўз вақтида Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг манаман деган мураббий ва футболчиларини ҳам Ўзбекистонга келтирган.

Аммо "Бунёдкор"га ҳозирча қитъа ғолиблиги насиб этмаган. Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, уларнинг бугунги рақиблари "Аделаида" жамоаси ҳам ўз тарихида бу шарафга нойил бўлмаган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ўз вақтида Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар бўлган жамоасининг донгдор мураббию юлдуз футболчиларисиз қўлга киритган жиддий ютуғидир.

Клуб Бош мураббийси Миржалол Қосимов шогирдларининг сўнгги ютуғи ортидан, олдиндан башорат қилишни ёқтирмаслиги, кейинги икки учрашувларида кучлар тенг бўлишига ишончи комил эканини айтганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.