BBC navigation

‘Бунёдкор’ Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалида

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 16:54 GMT

Тошкентда бўлиб ўтган жавоб учрашувида Ўзбекистон чемпиони ашаддий рақиби – Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Қалдирғочлар сўнгги ғалабалари ортидан, иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишди.

“Жар” стадионида бўлиб ўтган ўйин томонлар учун ниҳоятда оғир кечди.

Ўйинда ҳисобни биринчи бўлиб мезбонлар ўйинчиси Иан Ремси 4-дақиқадаёқ очишга муваффақ бўлди.

Ўйиннинг асосий вақти 2:2 дуранг ҳисоби билан якунлангани боис, ғолибни 30 дақиқалик қўшимча вақт аниқлаб берди.

Чунки бундан аввал икковлон ўртасида бўлиб ўтган илк учрашув ҳам худди шундай дуранг ҳисоби билан якунланганди.

115-дақиқада ҳисобни “Бунёдкор” фойдасига ҳал қилган Алибобо Раҳматуллаев ҳар икки жамоа ҳам сўнгги дақиқаларини 10 тадан ўйинчиси билан ўтказган учрашув қаҳрамонига айланди.

Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки икки ярим финалчиси эса, кеча аниқланганди.

Икки ўйин натижасига мувофиқ, улар Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Аҳли" клубларидир.

Қолган яна бир ярим финалчининг тақдири бугун Тошкент вақти билан соат 22:10 да Ар-Риёдда бошланувчи “Ал-Ҳилол” ва “Улсан Хёндэ” (Жанубий Корея) ўртасидаги учрашувда ҳал бўлади.

Яна бир галги тўқнашув

Бугун жавоб учрашувида бир-бирларига қарши майдонга тушган ҳар икки жамоага ҳам ҳалича Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш насиб этмаган.

Сафарда эришган дуранг натижаси Ўзбекистон чемпионининг ярим финалга чиқиш имкониятларини анча яхшилайди.

Яъни Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқиши учун қалдирғочларни ўз майдонида, ҳатто, дуранг натижа ҳам қониқтиради.

Бу икки жамоа Осиё Чемпионлар лигаси учрашувлари доирасида бундан аввал ҳам бир-бирлари билан бир неча бор тўқнаш келишган.

"Аделаида Юнайтед" 2008 йилда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, "Бунёдкор"ни ортда қолдириб, ушбу нуфузли турнирнинг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган, аммо ҳал қилувчи ўйинда япониялик рақибларига ютқазиб қўйганди.

Икковлон гуруҳ босқич саралаш ўйинлари доирасидаги қолган учрашувларини дуранг ҳисоби билан якунлашган.

Чорак финал

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони май ойида Жанубий Кореянинг "Сонгнам Ильва Чумна" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида яна бир бор Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

"Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида Осиё чемпионлар лигасида яхшигина ном қозониб улгурган.

2008 йилда лига ўйинларининг ярим, кейинги йили эса чорак финалига қадар чиқишга муваффақ бўлган.

Ўз вақтида Осиёнинг энг серхарж клубларидан бўлган "Бунёдкор" илк ташкил топган кунлариданоқ қитъа чемпионлари чемпиони ва клублар орасида жаҳон биринчилиги ғолиби бўлиш истагида эканини баралла баён қилиб келарди.

Жамоа осмонўпар орзуларига етишиш учун ўз вақтида Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг манаман деган мураббий ва футболчиларини ҳам Ўзбекистонга келтирган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ўз вақтида Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар бўлган жамоасининг донгдор мураббию юлдуз футболчиларисиз қўлга киритган жиддий ютуғидир.

Клуб Бош мураббийси Миржалол Қосимов шогирдларининг сўнгги ютуғи ортидан, олдиндан башорат қилишни ёқтирмаслиги, кейинги икки учрашувларида кучлар тенг бўлишига ишончи комил эканини айтганди.

"Бунёдкор" ва "Аделаида Юнайтед" ўртасидаги ҳал қилувчи жавоб учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 19:00 да "Жар" стадионида бошланади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.