BBC navigation

Чемпионлик камари яна Руслан Чагаевнинг собиқ рақибида қолди

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 07:03 GMT

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Александр Поветкин иккинчи раунддаёқ америкалик рақиби Ҳасим Раҳмонни нокаутга учратди.

Россиялик боксчи навбатдаги ғалабаси ортидан яна бир бор ўз чемпионлик камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлди.

Икковлон ўртасидаги жанг шанба куни Олмониянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтганди.

Александр Поветкин ўтган йил август ойида ўзбекистонлик донгдор боксчи, айни шу вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаевни енгиб, илк бор чемпионлик мақомини қўлга киритганди.

Шундан сўнг Александр Поветкин ўз камарини ҳимоя этиш учун икки бор ихтиёрий жанг ўтказган:

Ўтган йил декабр ойида Ҳельсинкида америкалик рақиби Седрик Босвеллни нокаутга учратган, шу йил феврал ойида Штутгартда асли босниялик олмон боксчиси Марк Хукни очколар бўйича мағлуб этганди.

Сўнгги жангида эса, россиялик боксчи номдор рақиби, икки карра собиқ жаҳон чемпиони Ҳасим Раҳмонни устма-уст кучли зарбалари билан иккинчи раунд ўртасидаёқ енгишга муваффақ бўлди.

Жангнинг биринчи раунди тенгма-тенг кураш остида кечган бўлса ҳам, иккинчи раундда россиялик боксчи устма-уст ёғдирган зарбалар манзарасида ҳакам жангни тўхтатиб, Раҳмон жамлоғи ўз мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.

Ҳаваскор боксда Афина Олимпиада Ўйинлари чемпиони бўлган Александр Поветкин профессионал рингда жаъми 25 та жанг ўтказган бўлса, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Шундан 17 тасини нокаут билан якунлаган.

Ҳасим Раҳмон эса, ўз карьерасида саккизинчи бор мағлубиятга учраётганига қарамай, профессионал рингдаги 61 та жангининг 41 тасини нокаут билан якунлаб, жаъми 50 жангида ғалаба қозонган.

Александр Поветкиннинг собиқ рақиби Руслан Чагаев эса, шу йил декабр ойида қитъалараро чемпионлик камари учун рингга тушишни режаламоқда.

Ўзбекистонлик боксчининг айтишича, агар қитъалараро чемпионлик камарини қўлга киритса, яна бир саралаш жангини ўтказгандан сўнг, бемалол жаҳон чемпионлиги учун рингга чиқади.

Руслан Чагаев қатор жанглар ўтказиш билан ўз рейтингини яхшилаб, келаси йил куз ойларида яна WBA йўналишининг энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари учун беллашмоқчи.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.