BBC navigation

Осиё Чемпионлар лигаси: Ўзбек жамоаларига финал нега қўл етмас бўлиб қолмоқда?

Сўнгги янгиланиш 2 ноябр 2012 - 15:59 GMT

"Бунёдкор" жанубий кореялик учинчи рақибига ўз майдонида 1:3, сафарда эса, 0:2 ҳисобида бой берди

"Бунёдкор"нинг ярим финалда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ Жанубий Кореянинг "Ульсан Хёндэ" клубига ютқазиб қўйиши ортидан, Ўзбекистон жамоаларининг тўртинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг финал босқичига чиқиш уринишлари чиппакка чиқди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бу йил ўз йўлида Жанубий Кореянинг манаман деган икки жамоасини енгиб, ўзининг қисқа тарихида иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Аммо қалдирғочлар октябр ойининг сўнгги ҳафтасида бўлиб ўтган ярим финал учрашувларининг ҳар иккисида ҳам йирик ҳисоб билан мағлубиятга учрашди.

Жанубий Корея миллий чемпионатида натижалари ўртамиёна бўлган, аммо бу йилги Осиё Чемпионлар лигасида мағлубият нималигини билмай келаётган "Ульсан Хёндэ" жамоаси Тошкент клубининг қитъа чемпионлари чемпиони бўлиш орзусини чиппакка чиқарди.

"Бунёдкор" жанубий кореялик учинчи рақибига ўз майдонида 1:3, сафарда эса, 0:2 ҳисобида бой берди.

Қалдирғочларнинг бирор бир донгдор легионерсиз бу йилги Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлиши жамоанинг катта ютуғи сифатида кўрилганди.

Аммо Ўзбекистон чемпионининг осмонўпар орзуларига эришиш учун ўз вақтида миллионлаб долларлар эвазига Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг донгдор мураббий ва юлдуз футболчиларини Тошкентга келтириши ҳам самара бермаган.

"Бунёдкор"дан аввал Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ҳам икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиққан, аммо финал босқичига етмай ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Финал нега рўё бўлиб қолмоқда?

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, ҳозир мамлакатдаги аксарият футбол мухлисларини ҳам худди шу савол ўйлантирмоқда:

Ахбор Имомхўжаев

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Унга кўра, ҳам Осиё Чемпионлар лигаси, ҳам миллий терма жамоа ва ҳам миллий чемпионат ўйинларида иштирок этишларига тўғри келгани футболчиларни анча толиқтириб қўйган.

"Бу - нафақат Осиё Чемпионлар лигаси, ҳаттоки, республика чемпионати кубогининг охирги ўйинларида ҳам сезилаяпти", дейди фахрий шарҳловчи.

"Ўзбекистон жамоаларининг тўрт марта Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқиб, финал босқичига ўта олмаганликлари - ҳали ўз устимизда кўп ишлашимизга тўғри келишини, айниқса, жисмоний тайёргарликни бир мавсумга етарли маромда олиб бора олишимиз кераклигини кўрсатиб қўйди", дейди у.

Фахрий шарҳловчига кўра, "Ўзбекистон жамоалари Осиё чемпионлари чемпиони бўлмоқчи бўлишса, асосий таркибини энг зўр ўйинчилардан ташкил қилиши, захира ўриндиғидаги футболчилар ўз устларида янада кўпроқ ишлашлари, рақибларни ўрганишга ҳам кўпроқ аҳамият бериши керак".

"Мана, ўйинлар бўлади. Масалан, мен кейинги вақтларда уларга биздан вакиллар борганлигини билмайман. Бориб, уларнинг ўйинларини ҳам кўриш керак, ўрганиш керак, тактика-схемаси билан танишиш керак. Бусиз бўлмайди. Бу - ўзига хос футбол разведкаси дейилади. Ана шу нарсалар бизнинг жамоаларда ҳам йўлга қўйилиши керак", дейди у.

"Бунёдкор"нинг сўнгги мағлубияти ортидан, "Ульсан Хёндэ" ҳар икки ярим финал учрашуви натижасига мувофиқ, финал босқичида Саудия Арабистонининг ўз жамоадоши "Ал-Иттиҳод"ни ярим йўлда қолдирган "Ал-Аҳли" жамоасига қарши тўп суради.

Бу йилги Осиё Чемпионлари чемпионини аниқлаб берувчи ҳал қилувчи учрашувга "Ульсан Хёндэ" мезбонлик қилади ва финал ўйини 10 ноябр куни Ulsan Munsu стадионида бўлиб ўтади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.