BBC navigation

Футбол: 'Осиёнинг энг зўрлари' орасида ўзбекистонликлар йўқ

Сўнгги янгиланиш 20 ноябр 2012 - 13:03 GMT

Ўтган йил Сервер Жепаров иккинчи бор "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси", деб топилганди

Осиё Футбол Конфедерацияси энг юксак тўрт мукофотига бу йилги номзодлар рўйхатини эълон қилди.

Булар "Йилнинг энг яхши эркак", "Йилнинг энг яхши аёл", "Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси" ва "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган футболчиси" мақомларидир.

Аммо, сўнгги янгилик ортидан, бу йил бирор бир ўзбекистонлик футболчининг "Осиёнинг энг зўрлари" мақомига даъвогарлик қилолмасликлари маълум бўлди.

Ўтган йил Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори Сервер Жепаров иккинчи бор "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси", деб топилганди.

Жорий пайтда Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб" жамоасида тўп сураётган Сервер Жепаров ушбу мақомга икки бор лойиқ кўрилган марказий осиёлик ягона футболчидир.

Аммо бу йилги рўйхатдан фақат Эрон, Жанубий Корея, Австралия ва Хитой вакиллари ўрин олишган, холос.

Улар Ли Гин Хо (Жанубий Корея), Лукас Нилл (Австралия), Али Каримий (Эрон), Мухсин Бенгар (Эрон) ва Чжэн Чжи (Хитой)лардир.

"Осиёлик энг зўр легионер" мақомига эса, австралиялик Марк Шварцер, япониялик Юто Нагатомо ва унинг ватандоши Синдзи Кагавалар даъвогарлик қилишмоқда.

"Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси", "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган футболчиси" номинациялари эса, бу йил илк бор таъсис этилган.

Муносабат

Номзодлар рўйхати эълон қилинмасидан сал аввал биз билан суҳбатда бўлган Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакили бошқа бир қаторлари билан бирга "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган ўйинчиси" йиллик мукофотига кўз тикаётганликларини яширмаганди.

Федерация матбуот воизи Санжар Ризаев Россиянинг бойвачча "Анжи" клубида тўп сураётган Одил Аҳмедов ушбу мақомга лойиқ ўйинчи эканини айтганди.

Айни ўринда шуни эслатиб ўтиш жоизки, икки карра "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом футболчиси" Одил Аҳмедов ўтган мавсумда ўзи тўп сураётган жамоада "зўрларнинг зўри", деб топилганди.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдириб кетганди.

Осиё Футбол Конфедерацияси эса, қитъанинг зўрларини аниқлашда номзодларнинг ўз миллий чемпионатлари, қитъалараро беллашувлар, терма жамоадаги иштирокларига қараб, тўплаган балларига асосланади.

Таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, ўзбекистонлик етакчи футболчиларнинг бу йилги номзодлар рўйхатига тушолмаганликларининг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор.

"Энг яхши футболчиларимиздан бири бўлган Одил Аҳмедов бу йилги мавсумни асосан жароҳат билан ўтказди. Икки карра "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси" Сервер Жепаров эса, ўзи ўйнаётган Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб" жамоасида ҳалича ўзининг ўрнини топгани йўқ. Ўтган йили у жудаям чиройли ўйин кўрсатган эди. Лекин саудияликлар кўпроқ бошқа легионерларига урғу беришди. Футболчиларимизнинг араб жамоаларига мослашиб кетишлари қийин кечди", дейди у.

Шарҳловчининг айтишича, ўзбекистонлик футболчилар бу йил терма жамоа сафларида ҳам, "Бунёдкор" сафларида ҳам кўпроқ жамоавий ўйин кўрсатишган.

"Яққол, ярқ этган юлдуз бўлгани йўқ", дейди у. Ўзбекистонлик шарҳловчига кўра, шу сабабдан ҳам, Осиё Футбол Конфедерациясининг душанба куни эълон этган номзодлар рўйхатидан таажжубга тушишмаган.

Ўтган йил ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов кетма-кет тўртинчи бор "Осиёнинг энг яхши ҳаками", деб топилган ва қитъада ўзига хос рекорд ўрнатганди. Абдулҳамидулло Расулов эса, энг яхши қанот ҳаками, деб топилганди.

Ўзбекистон томони бу йил ҳам ўз ҳакамларининг зўрларнинг зўри деб топилишига умид қилмоқда.

Бундан ташқари, уларга кўра, бу йил Ўзбекистон тарихида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийси Дилшод Нуралиев ва сара футболчиларида ҳам йилнинг энг яхшиси бўлиш имкониятлари йўқ эмас.

Осиё Футбол Конфедерацияси номинацияларида ўтаётган йилнинг энг зўрлари 29 ноябр куни ташкилотнинг Малайзиядаги бош қароргоҳида эълон қилинади.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.