BBC navigation

Футбол: Осиёнинг бу йилги энг зўрлари маълум бўлди

Сўнгги янгиланиш 30 ноябр 2012 - 09:14 GMT

Осиё Футбол Конфедерацияси йигирмадан ортиқ номинация бўйича ғолиблар рўйхатини эълон қиларкан, Ўзбекистон Футбол Федерациясига "Fair Play" соврини тегди.

Ўзбекистонлик Абдулҳамидулло Расулов эса, бу йил ҳам ўтган йилдагиси каби Осиёнинг "Энг яхши қанот ҳаками", деб топилди.

Айни ўринда шуни эслатиб ўтиш жоизки, ўтган йил Ўзбекистон футболи вакиллари уч номинация бўйича Осиё Футбол Конфедерациясининг йиллик мукофотларини қўлга киритишганди.

2011 йилда ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов кетма-кет тўртинчи бор "Осиёнинг энг яхши ҳаками" ва Сервер Жепаров иккинчи бор "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси" мақомини қўлга киритганди.

Бу йил "Осиёнинг энг зўр ҳаками" мақоми япониялик ҳакам Юичи Нишимурага насиб этти.

"Бунёдкор"нинг ашаддий рақиби "Ульсан Хёндэ" эса, қитъанинг энг зўр клуби ва Жанубий Корея эса, энг яхши миллий терма жамоаси деб топилди.

“Ульсан Хёндэ” бу йил ярим финалда қалдирғочлар, финалда эса, Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли”сини мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор Осиё чемпионлари чемпионига айланганди.

"Осиёнинг энг зўр футболчиси" мукофоти ҳам айнан шу клуб ва Жанубий Корея миллий терма жамоаси ўйинчиси Ли Ким Ҳога насиб этти.

Бу йил Ли билан бирга ушбу мақомга Лукас Нилл (Австралия), Али Каримий (Эрон), Мухсин Бенгар (Эрон) ва Чжэн Чжи (Хитой)лар ҳам кўз тикишганди.

Ўзбекистон вакиллари эса, бу йил Осиё Футбол Конфедерациясининг энг юксак тўрт мукофотидан бирортасига даъвогарлик қила олишмади.

“Осиёнинг энг яхши аёл футболчиси” мукофоти Ая Миямага насиб этти.

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби ўйинчиси, япониялик Шинжи Кагава эса, осиёлик "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган футболчиси"га айланди.

Осиё қитъасида тўп сурувчи "Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси" мукофоти “Қувайт СК”да тўп сурувчи бразилиялик Рожерио де Ассис Сильва Коутиньога насиб этти.

"Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси", "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган футболчиси" номинациялари эса, бу йил илк бор таъсис этилганди.

Номзодлар рўйхати эълон қилинмасидан сал аввал биз билан суҳбатда бўлган Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакили бошқа бир қаторлари билан бирга "Йилнинг энг яхши чет элда ўйнайдиган ўйинчиси" йиллик мукофотига кўз тикаётганликларини яширмаганди.

Федерация матбуот воизи Санжар Ризаев Россиянинг бойвачча "Анжи" клубида тўп сураётган Одил Аҳмедов ушбу мақомга лойиқ ўйинчи эканини айтганди.

Осиё Футбол Конфедерацияси эса, қитъанинг зўрларини аниқлашда номзодларнинг ўз миллий чемпионатлари, қитъалараро беллашувлар, терма жамоадаги иштирокларига қараб, тўплаган балларига асосланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони мамлакат тарихида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийси Дилшод Нуралиев ва сара футболчиларида ҳам йилнинг энг яхшиси бўлиш имкониятлари йўқ эмаслигини таъкидлашганди.

Аммо кеча эълон қилинган рўйхатдан аён бўлишича, ироқлик Муҳанад Абдулраҳим Каррар “Осиёнинг энг яхши ёш ўйинчиси” ва Жанубий Корея миллий терма жамоаси бош мураббийси Ким Ҳо Гон “Энг зўр мураббийси”га айланган.

Осиё Футбол Конфедерацияси номинацияларида ўтаётган йилнинг энг зўрлари 29 ноябр куни ташкилотнинг Малайзиядаги бош қароргоҳида эълон қилинади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.