BBC navigation

Ўзбекистон ва Месси ўз ютуқларини байрам қилишмоқда

Сўнгги янгиланиш 8 январ 2013 - 10:33 GMT

Ўзбекистон Футбол Федерацияси илк бор ФИФАнинг "Ҳалол ўйин учун" мукофотини қўлга киритаркан, Аргентина ва "Барселона" юлдузи Лионел Месси тўртинчи бор жаҳоннинг энг зўр футболчиси деб топилиб, ўзига хос рекорд ўрнатди.

Халқаро Футбол Уюшмасининг йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими душанба куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтган.

ФИФАнинг "Fair Play" совринига бу йил яна Гватемала Футбол Федерацияси ва Туркиянинг "Эскишехирспор" футбол жамоаси ҳам даъвогарлик қилишганди.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси 2012 йил якунларига кўра Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ҳам худди шундай мукофотга лойиқ деб топилганди.

Агар маълумотларга қаралса, Ўзбекистоннинг барча ёшдаги миллий терма жамоалари ва клублари Осиё миқёсидаги мусобақаларда ўтган йил қитъадаги қолган рақибларига қараганда энг кўп - 498.84 очко тўплашга муваффақ бўлишган.

Сўнгги футбол мавсумида ўзбекистонлик ўсмирлар терма жамоаси мамлакат тарихида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган, Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси эса, ўз тарихида иккинчи бор Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Цюрихда бўлиб ўтган кечаги маросимда "Ҳалол ўйин учун" мукофотини Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов қабул қилиб олган.

Бунинг ортидан қилган чиқишида, "Рақибларига қарши ҳалол ўйин кўрсатиш, уларга нисбатан дўстона ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш - биз ўйинчиларимизга ўргатишимиз зарур бўлган жиҳатлардир. Майдонда улар рақиб бўлишлари мумкин, аммо майдондан ташқарида улар дунё бўйлаб футболни тарғиб этишга ҳаракат қилаётган осиёлик ҳамкасблардир", деб айтган жаноб Усмонов.

Ўтган йил бошида эса, Халқаро Футбол Уюшмаси (ФИФА) нинг швейцариялик Марсель Матье раислигидаги Тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон Футбол Уюшмаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар сара футболчисини жазолаш ва жаримага тортишга қарор қилганди.

Бунга ўзбекистонлик футболчиларнинг 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш учрашувлари доирасида тожикистонлик рақибларига қарши ўтказган ўйини сабаб бўлганди.

Уларнинг "учрашув вақтини атайдан чўзганликлари" айтилганди.

Яна бир оламшумул ютуқ

Ўтган йилги футбол мавсумида рақиблари дарвозасига 91 та тўп киритишга муваффақ бўлган 25 ёшли Лионел Месси эса, кечаги маросимда кетма-кет тўртинчи бор "Олтин тўп"ни қўлга киритган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шу пайтгача жаҳоннинг бирор бир футболчисига бу каби шараф насиб этмаган.

Бутун дунё бўйлаб мураббийлар, терма жамоалар сардорлари ва спорт журналистлари Криштиану Рональдо ва Андрес Иньестадан кўра Мессини ушбу мукофотга лойиқ, деб топишган.

Юксак мукофотни қабул қилиб оларкан, Лионел, "Роналду ва Иньеста истаган пайтда "Олтин тўп"га эга бўлишлари мумкинлиги, аммо ҳозир ўзи - Мессининг даври" эканини айтган.

Биз ҳар икки оламшумул янгиликка ҳам Ўзбекистондан муносабатни билиш учун Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев билан боғландик:

Ахбор Имомхўжаев

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Фахрий футбол шарҳловчисининг биз билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистон футбол аҳлининг аксарияти бу йил ҳам "Олтин тўп"нинг айнан Лионел Мессига топширилишига ишонишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.