BBC navigation

Бразилия 2014: Жаҳон чемпионатига ким чиқади – Эронми ё Ўзбекистон?

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2013 - 11:33 GMT

Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейроз билан суҳбат

Эксклюзив.

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Португалиялик бош мураббийи Карлуш Кейрознинг даъво қилишича, Эрон миллий терма жамоаси албатта Бразилияга боради.

Карлуш Кейроз Би-би-си Форс Хизматига берган эксклюзив суҳбатида бунга ишончи мутлақ комил эканини айтган.

Эрон терма жамоаси бош мураббийининг баён қилишича, бунинг учун фақат ўзларига ишониб, қолган учта учрашувга пухта тайёргарлик кўришса ва баҳамжиҳат ўйин кўрсатишса, кифоя.

Эрон миллий терма жамоаси янги йил ҳисобидан сўнгги босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисини Қатарга қарши 4 июн куни ўтказади.

2014 йилги жаҳон чемпионатига “А” гуруҳига ажратилган иккита йўлланмадан биттасини қўлга киритишда Эрон Ўзбекистоннинг ашаддий рақибларидан бири ҳисобланади:

Би-би-си: Эрон миллий терма жамоасининг бош мураббийси сифатида ўтган футбол мавсуми сиз учун қандай кечди?

Карлуш Кейроз: Қойилмақом йил бўлди. Нолимайман. Ҳозир олдимизга қўйган асосий мақсадимиз - 2014 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма олиш. Бундай имкониятни қўлдан бой бериш қийин. Лекин амалда бу осон иш эмас. Чунки гуруҳимиздаги бешта миллий терма жамоанинг ҳар бири жорий пайтда йўлланмани қўлга киритиш имкониятини сақлаб турибди. Чунки гуруҳ пешқадами, ундан кейинги ўринда келаётган ва сўнгги ўринда бўлган жамоани ҳам ҳозир фақат битта очко ажратиб турибди. Олдинда ўйнашимиз керак бўлган учта ўйин бор. Барчанинг имконияти ана шу беллашувларга тикилган. Бу учрашувлар ҳар бир миллий терма жамоа учун ҳаёт-мамотини белгилайди.

Би-би-си: Мана, сиз катта футболнинг ичида юрган одамсиз. Ниҳоятда тажрибали мураббийсиз. Агар гапнинг дангалини айтадиган бўлсак, Эроннинг 2014 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Карлуш Кейроз: Биз олиймақом имкониятга эгамиз. Назаримда, энг муҳими - ўзимизга ишонч, баҳамжиҳатлик, чунки жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш осон вазифа эмас. Икки юздан ортиқ давлатдан бўлган 32 жамоанинг барчаси Бразилияга боришни истайди. Айниқса, Осиё жамоалари учун ниҳоятда қийин, чунки уларнинг аксарияти елкама-елка боришмоқда. Айниқса, сўнгги босқич саралаш беллашувлари ўта рақобатли кечмоқда. Ҳаммада имконият бор ва худди шунингдек, ҳар бир миллий терма жамоа пастга ҳам қулаши мумкин. Агар Эрон ўзига ишониб, уюшқоқлик кўрсатиб, тайёргарликни ҳам кўнгилдагидек қилса, яхши имкониятга эга. Бунга ишончим комил. Чунки бизда ҳамма нарса бор: иштиёқ, ишқибозларнинг мухлислиги ҳам ақл бовар қилмайдиган даражада, мен бунақасини фақат Жанубий Америкада кўрганман. Яхши ўйинчилар, қойилмақом жамоамиз бор. Фақат Жанубий Корея, Ливан ва Қатарга қарши тайёргарликни яхши қилсак, бўлди. Асосий ўйинчиларимиз соғлом ва тетик бўлишса, уларни турли сафарлар билан чарчатиб ташламасак ва сара футболчиларимиз сафда бўлишса, жаҳон чемпионатига чиқа оламиз. Мен бунга умид қилиб қоламан.

Карлуш Кейроз:

"Асосий ўйинчиларимиз соғлом ва тетик бўлишса, уларни турли сафарлар билан чарчатиб ташламасак ва сара футболчиларимиз сафда бўлишса, жаҳон чемпионатига чиқа оламиз. Мен бунга умид қилиб қоламан..."

Би-би-си: Лекин сўнгги босқич саралаш беллашувларида Эрон бир текис ўйин кўрсата олмаяпти. Кимсан Жанубий Кореяни енгиб туриб, ўз майдонида Ўзбекистон, сафарда Ливанга ютқазиб қўйди. Бу йил бу хатоларнинг олдини олиш учун нималарни режалаяпсиз?

Карлуш Кейроз: Биз бундан сабоқ чиқариб, изчил ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки сўнгги натижаларимиз, айниқса, Ўзбекистонга қарши ўйинимиз жуда ҳафсалани пир қилувчи бўлди. Лекин буларнинг барчаси Осиё жамоалари орасида кечаётган беллашувларнинг осон бўлмаслигига далолат қилади. Узундан узоқ парвозлар, турфа майдонлар, иқлимнинг ўзига хосликлари...Дейлик, Қатарга борсангиз, майдони қойилмақом, ҳаво ҳарорати +40 даража иссиқ ёки бошқасининг майдони ҳаминқадар, аммо ҳавоси гўзал. Яъни сиз нафақат майдоннинг ўзи, балки ташқарисидаги барча мушкулотларга ҳам тайёр бўлишингиз лозим бўлади. Шунинг учун ҳам, ғалаба қозонишимиз шарт бўлган июн ойидаги Қатарга қарши ўйинга ҳар томонлама ҳозирлик кўришимиз тақозо этилади. Чунки бу - биз учун ҳаёт-мамот учрашувларидан биттаси бўлади. Комил ишонч билан шуни айта оламанки, Эрон Футбол Уюшмасининг кўмаги билан бунга йўналтирилган дастур ва режамиз ўз вақтида тайёр бўлади. Эрон учун Бразилияга фақат бир қадам қолди, биз бу ишни уддалаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олишимизга ишонаман.

Би-би-си: Эрон сўнгги учта ўйинга ҳаёт-мамоти сифатида қараши керак, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Сиз бу фикрга қўшиласизми?

Карлуш Кейроз: Сўзсиз, ғолиб ҳамма нарсага эришади, мағлуб эса, ҳеч нарсасиз қолади. Гуруҳдаги барча жамоалар - Эрон, Жанубий Корея, Ўзбекистон, Ливан ва Қатар ҳозир бир хил мавқеъда. Қай бир жамоа бўлажак ўйинларга руҳан, ташкилий ва техник жиҳатдан тайёр бўлса, Бразилияга бориш ўша жамоага насиб этади. Биз эса, июн ойидаги ўйинда қўлимиз баланд келиши учун барча шарт-шароит, дастакка эгамиз. Фақат қаттиқ меҳнат қилиб, ишончни мустаҳкамлаб, бир ёқадан бош чиқариб, тайёр бўлсак, бу ўйинларда ғалаба бизники бўлади. Эроннинг орзуси - Бразилияга бориш. Бу - Эрон миллий терма жамоасининг ҳам, мураббий сифатида, ўзимнинг ҳам истагим. Шундай экан, ўз орзуимизни амалга ошириш учун биргаликда курашамиз, сўнггига қадар ўз аҳдимиздан қайтмаймиз. Чунки Эрон 2014 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш учун яхши имкониятга эга. Мен бунга ишонаман. Чунки биз бунинг учун лозим бўлган энг муҳим нарса - ўйинчиларга эгамиз. Яхши жамоа ташкил эта оламиз. Агар қойилмақом жамоага эга бўлсак, тайёргарликни қойиллатсак, Қатарни ҳам, Ливанни ҳам, Жанубий Кореяни ҳам мағлуб эта оламиз. Жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам қўлга киритамиз. Мен бу каби имкониятни ҳаётимда ҳеч нарсага алишмайман ва бой бермайман.

Карлуш Кейроз:

"Қай бир жамоа бўлажак ўйинларга руҳан, ташкилий ва техник жиҳатдан тайёр бўлса, Бразилияга бориш ўша жамоага насиб этади. Биз эса, июн ойидаги ўйинда қўлимиз баланд келиши учун барча шарт-шароит, дастакка эгамиз"

Би-би-си: Аммо 2014 йилги жаҳон чемпионатидан аввал жамоангиз Осиё Ўйинлари саралаш босқич учрашувларида ҳам иштирок этиши лозим бўлади. Рақибларингиз орасида Ливан ҳам бўлади. Бўлажак режаларингиз қандай энди?

Карлуш Кейроз: Ғалаба қозониш, албатта. Учрашувдан учрашувга ўйинингиз ҳам яхшиланиб бораверади. Ҳар гал рақибларимиздан бирига қарши майдонга тушарканмиз, бир қадам олдинга кетамиз. Энг муҳими ана шу. Бир томондан март ва феврал ойларида расмий учрашув ўтказиш биз учун яхши бўлади. Чунки бу каби ўйинлар сизга ҳар томонлама талаб қўяди. Осиё Ўйинлари саралаш босқич учрашувларида тўп суриш сиздан мукаммал тайёргарликни талаб қилади. Ва бу - биз учун июн ойидаги учрашувимизга ҳозирлик кўришнинг қойилмақом имконияти бўлади. Энг сара ўйинчиларимиз Қатар, Ливан ва Жанубий Кореяга қарши тўп суришлари мумкин бўлади.

Би-би-си: Эрон, умуман, Эрон миллий таомлари сизда қандай таассурот қолдирди?

'Эронда эканим чоғи таом - менинг энг катта муаммоларимдан бирилигича қолмоқда. Жуда кўп овқат еб юборасан киши...'

Карлуш Кейроз: Эронда эканим чоғи таом - менинг энг катта муаммоларимдан бирилигича қолмоқда. Жуда кўп овқат еб юборасан киши. Шунга эҳтиёт бўлишимиз жоиз. Кабоб, кабоб, кабоб ҳар доим. Менга, айниқса, Эроннинг ширинликлари ёқади. Эрон ҳақида сўз кетганда, мен бир нарсани айтиб ўтмасам бўлмайди, у ҳам бўлса бу мамлакатнинг қанчалар гўзаллиги...Бундан ташқари, ҳар бир шаҳрида мазза қилиб футбол томоша қилиш имконияти бор. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Эроннинг бир қанча шаҳарларида бўлдим, ҳақиқаттан ҳам гўзал ва буюк мамлакат.

Би-би-си: Ўзбекистон эса, навбатдаги беллашувларини 26 март куни ўз майдонида Ливанни қабул қилиш билан бошлайди.

Ўзбекистондан фарқли тарзда Эрон бунгача уч маротаба жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқишга муваффақ бўлган.

Жорий пайтда Ўзбекистон ўз гуруҳида 5 та ўйиндан 8 очко тўплаб, пешқадамлик қилиб турган эса-да, футбол мутахассислари наздида, ҳалича ҳеч бир жамоа Бразилияга бориш имкониятини йўқотмаган.

Эрон эса, сўнгги учрашувини ўз майдонида Ўзбекистонга бой бериб, яққол имкониятини чиппакка чиқарган.

Вадим Абрамов:

"Ҳозир Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда яхши. Фақат ўз майдонида ўтказажак икки ўйинда ғалаба қозонишининг ўзи кифоя, ҳаммаси ҳал бўлади"

Биз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши дастлабки учрашувида қайд этган мағлубияти ортидан бош мураббийликдан истеъфо берган Вадим Абрамовдан собиқ ҳамкасби Карлуш Кейрознинг даъволарига муносабатини сўрадик:

Вадим Абрамов: Менинг назаримда, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятлари анча яхши. Аммо ҳаммаси келаси икки ой ичида қандай тайёргарлик кўрилишига боғлиқ бўлади. Бир, бир ярим ойдан сўнг барчаси аён бўлади. Менимча, жорий пайтда ҳар бир терма жамоанинг имконияти бир хил. Ўйин ҳали олдинда. Ҳаммаси гуруҳдаги миллий терма жамоаларнинг қандай ўйин кўрсатишларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Чунки футболда ҳеч нарсани олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Фақат бўлажак ўйинларга жиддий ҳозирлик кўрилса, бўлди. Ҳозир Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда яхши. Фақат ўз майдонида ўтказажак икки ўйинда ғалаба қозонишининг ўзи кифоя, ҳаммаси ҳал бўлади, дейди Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи.

“А” гуруҳида Ўзбекистон ва Эрондан ташқари, Жанубий Корея, Қатар ва Ливан ҳам икки йўлланмадан бири учун кураш олиб боришмоқда.

Сўнгги босқич саралаш беллашувларида жаъми 10 терма жамоа Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланма учун ўз беллашувларини давом эттиришмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.