BBC navigation

Усмонов: "Анри мени "Арсенал"ни бутунлай сотиб олишга ундаяпти"

Сўнгги янгиланиш 29 январ 2013 - 15:34 GMT

Анри "Арсенал"ни 2007 йилда тарк этди, аммо клуб уни ўтган йили икки ойга ижарага олди.

"Арсенал" футбол жамоасининг қарийб 30% ҳиссаларига эгалик қилувчи Алишер Усмонов футбол юлдузи Тиерри Анри уни клубни бутунлай сотиб олишга ундаганини айтган. Бу ҳақида Британиянинг Evening Standard газетаси хабар қилади.

59 ёшли ўзбек миллиардерининг "Red and White Holdings" ширкати "Арсенал"нинг 29.95% ҳиссаларига эгалик қилади, лекин энг катта ҳиссадор Стан Крёнке билан бўлган совуқ муносабати туфайли жаноб Усмонов клубнинг директорлар кенгашига киритилмаган.

Жаноб Усмонов Франциянинг "L'Equipe" газетасига берган интервьюсида "Арсенал" учун рекорд 228та гол киритган Анри уни футбол клуби устидан тўла ҳукмронликни қўлга олишга чақираётганини айтган.

"Менга кўп футболчилар ёқади ва уларнинг баъзилари билан алоқадаман. Ўтган 10-15 йил ичида менинг энг севимли футболчим Тиерри Анри бўлиб келган. У мени "Арсенал"нинг барча ҳиссаларини сотиб олишга ундаяпти, лекин мен келажакни башорат қила олмайман", - деб айтган Британиянинг иккинчи энг бой кишиси саналмиш Усмонов жаноблари.

"Қароқчи"

"Мен баъзи ҳиссаларни сотиб олиб, ҳиссадорга айланишим учун имкон топилганда, ўзимни четда тутиб турганим йўқ. Мен ҳатто тўла назоратни қўлга олишга тайёр эдим. Лекин, бунинг иложи бўлмади, чунки баъзи одамлар фойда кўришга ва мендан фойдаланиб, душман сиймосини яратишга уриндилар. Мени ҳали ҳам қароқчи ва душман сифатида намоён қилишади. Бу ўйинда улар ғолиб чиқдилар", - дейди у.

Жаноб Усмоновнинг ўтмишда жиноий жавобгарликка тортилгани унинг Британиядаги, ўзи айтмоқчи, "қароқчи" имиджига сабаб бўлган омиллардан биридир.

Америкалик миллиардер Крёнке "Арсенал"нинг раҳбарияти, хусусан клуб раиси Питер Ҳилл-Вуд билан яқин алоқаларга эга бўлиб келар экан, жаноб Усмонов клуб учун салбий таъсир деб намоён қилинади.

Шундай экан, у онда-сонда матбуотда клубнинг директорлари кенгашига қарши танқидлар билан чиқади, ҳамда чипталар нарҳи, энг аъло ўйинчиларнинг сотилиши ва саккиз йилдан бери биронта чемпионатда ғалабага эришилмагани ҳақидаги ишқибозлар шикоятларига хайрихоҳлик қилади.

"Guardian" газетасидаги мақолада ҳам жаноб Усмонов юлдуз ўйинчилар клубни тарк этишидан норозилигини изҳор этади.

"Ҳиссадорлар яхши тўловлар олиб турган бир пайтда, шартномалардаги кичик шартлар туфайли биз Робин ван Перси, Матэу Фламини ва Патрик Виера каби муҳим ўйинчиларни қўлдан чиқариб қўйдик. Уларга бошқа клублар кўз олайтиришни бошлаганда, биз маошларини оширишимиз керак эди", - деб айтган ўзбек миллиардери.

Жаноб Усмонов "Челси" жамоаси эгаси Роман Абрамовичга ўхшаб "Арсенал" устидан тўла назоратни қўлга олиб, унинг собиқ шухратини тиклашни исташи айтилади.

Бироқ, спорт таҳлилчиларига кўра, яқин келажакда унинг бу нияти амалга ошадиган кўринмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.