BBC navigation

ФИФА рейтингида: Эрон кўтарилиб, Ўзбекистон пастлади

Сўнгги янгиланиш 14 феврал 2013 - 12:12 GMT

Халқаро Футбол Уюшмаси янги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлади.

Жамоа ўтган ой ўз тарихида иккита энг юқори натижасидан бирини қайд этиб, 56-ўринга чиқиб олганди.

Аммо Ўзбекистон ҳамон қитъанинг энг кучли тўрт жамоасидан бири сифатида қолмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси орада 2015 йилги Осиё Кубоги саралаш баҳсларининг 1-турини ўтказган ва Гонгконг билан дуранг ўйнаганди.

Аён бўлишича, дуранг натижаси учун Ўзбекистон 2 рейинг балл қозонишга муваффақ бўлган ва Тошкентда бўлиб ўтган ушбу учрашув жамоанинг ФИФА рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилмаган.

Бироқ, маълум бўлишича, Африка Кубогида муваффақиятли иштирок этган айрим миллий терма жамоалар очколарининг ортиши Ўзбекистонни бир поғона пастга сурган.

ФИФАнинг ўтган ойги рейтингида 60-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган ва сўнгги учрашувида Ливанни 5:0 ҳисобида мағлуб этган Эрон эса, икки ўрин юқорилаб, Ўзбекистондан кейин 58-ўринга чиқиб олган.

Ҳамон юқори тўртликда

Ўзбекистон ўтган ой Халқаро Футбол Уюшмаси (ФИФА) рейтингида бир сакрашда 11 ўрин юқорилаб, 56-ўринга кўтарилиб олганди.

Сўнгги натижаси билан Ўзбекистон қитъа миқёсида Япония, Жанубий Корея ва Австралиядан кейин тўртинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлганди.

Аммо, ФИФА рейтингида бир поғона пастлаганига қарамай, Ўзбекистон ҳамон қитъанинг энг кучли тўрт жамоаси сафларида қолмоқда.

Аммо шунда ҳам ўтган икки ойдаги натижалари Ўзбекистон терма жамоасининг яқиндагина ФИФА рейтингида эгаллаган энг юқори кўрсаткичидан бироз паст.

Ўзбекистон 2006 йилда дунёнинг манаман деган миллий терма жамоаларини ортда қолдириб, ФИФА рейтингида 45-ўринни эгаллаган ва Осиёнинг энг кучли терма жамоалари орасида кучли учликка киришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчилар 1994 йилги Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишлари ортидан қитъа тарихида бу каби натижага эришишмаганди.

Ҳануз энг яхши кўрсаткичлар

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ФИФА рейтингида қайд этган сўнгги натижа - Марказий Осиё давлатлари орасида ҳануз энг яхши кўрсаткичдир.

Бу ой саккиз ўрин юқорига кўтарилиб олган Туркманистон 121-ўрин билан минтақада Ўзбекистондан кейин энг яхши кўрсаткичга эришган, икки поғона пастга сакраб, 200-ўринга тушиб қолган Қирғизистон яна энг ёмон натижа кўрсатган.

Қозоғистон ҳануз 142-ўринда бўлса, Тожикистон уч поғона юқорига сакраб, 132-ўринга кўтарилиб олган.

Бошқа МДҲ давлатлари билан таққослаганда Ўзбекистон ФИФАнинг сўнгги рейтингида ҳам Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринни эгаллаган. Россия эса, бир поғона пастлаб, 10-ўринга тушиб қолган. Аммо, шунда ҳам, бу - МДҲ давлатлари орасидаги энг яхши натижа.

ФИФАнинг бу ойги рейтингида яна Испания пешқадамлик қилган. Сўнгги Жаҳон чемпиони ортидан юқори учликни эгаллаб турган Олмония ва Аргентиналарнинг ҳам ўринлари ўзгаришсиз қолган.

Янги бош мураббийси Луиз Фелиппе Сколари бошчилигида ўтган ҳафта Англияга қарши ўртоқлик учрашувини бой бериб қўйган кимсан Бразилия эса, яна 18-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган.

Бу - дунёнинг энг олд жамоаларидан бири бўлган Бразилия ўз тарихида қайд этган энг ёмон кўрсаткич экани айтилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.