BBC navigation

Очлик амалиёти: ‘Кураш Олимпия дастурида қолсин’

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 14:20 GMT

Армен Назарян эса, Халқаро Олимпия Қўмитасининг тавсиясига очлик эълон қилиш билан жавоб берган ягона курашчи бўлиб турибди

Юнон-рим кураши бўйича икки карра Олимпиада чемпиони арманистонлик донгдор курашчи Армен Назарян Халқаро Олимпия Қўмитасининг таклифига қарши очлик амалиёти билан жавоб берган.

Халқаро қўмита ўтган ой бошида кураш каби кўҳна спорт турини дабдурустдан 2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастуридан чиқариб ташлашни тавсия этганди.

Жорий пайтда юнон-рим кураши бўйича Бўлғористон миллий терма жамоаси бош мураббийси бўлган донгдор спортчининг айтишича, “Кураш доимо Олимпия дастурида бўлиб келган ва ундан воз кечилиши янглиш иш бўлади”.

“Ўйлайманки, норозилик амалиётим Халқаро Олимпия Қўмитасини ўз таклифини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Курашчилар турли йўллар билан қўмитанинг тавсиясига ўз норозиликларини билдиришга уринишмоқда. Дейлик, Бўлғористон Кураш Федерацияси президенти Валентин Йорданов Олимпида Ўйинларида олган олтин медалидан воз кечди”, деб айтган Армен Назарян.

Халқаро Олимпия Қўмитасининг ушбу қарори Ўзбекистон дохил кураш оммавий спорт тури бўлган дунёнинг қатор давлатларида норозилик билан қарши олинганди.

Бўлғористон Кураш Федерацияси президентидан ташқари, россиялик донгдор эркин курашчи Сагид Муртазалиев ҳам олтин медалини Халқаро Олимпия Қўмитасига қайтариб берганди.

Кураш замонавий Олимпиада Ўйинлари старт олган 1896 йилдан буён дастурда бўлиб келган ва энди эса, яна еттита спорт тури билан бирга ягона ўрин учун курашиши лозим бўлади.

Армен Назарян эса, Халқаро Олимпия Қўмитасининг тавсиясига очлик эълон қилиш билан жавоб берган ягона курашчи бўлиб турибди.

У 1993 йилдан 1997 йилгача халқаро беллашувларда ўз Ватани – Арманистонни намоён этган. Ундан кейин эса, Бўлғористон байроғи остида гиламга чиққан.

Армен Назарян икки карра Олимпия,(1996, 2000), уч карра Жаҳон(2002, 2003, 2005) ва олти карра Оврўпо(1994, 1995, 1998, 1999, 2002, 2003) чемпиони бўлган номдор курашчи саналади.

Унинг айтишича, юнон-рим кураши бўйича Оврўпо чемпионати старт олувчи 22 март кунига қадар фақат шинни ичиш билан кифояланади, холос.

Кескин эътироз

Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади

Халқаро Олимпия Қўмитасининг таклифи Марказий Осиë, Эрон, Афғонистон ва Қофқоз курашчилари томонидан ҳам кескин эътироз билан қарши олинганди.

Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп олтин медалларни ҳам айнан кураш спорт турида қўлга киритган.

Ўзбекистон ўзи иштирок этишга муваффақ бўлган 5 та Ёзги Олимпиада Ўйинларида жаъми 20 та медал олган бўлса, шундан 7 таси ( 4 та олтин ва учта кумуш) курашчилари ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари бўйича вазири 1-муовини Жасур Акрамов агар Халқаро Олимпия Қўмитаси курашни 2020 йилги ўйинларга киритмаса, бунинг жуда катта хато бўлишини айтганди.

2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг қаерда ўтказилиши ҳозирча номаълум.

Жорий пайтда Истанбул, Мадрид ва Токио мезбонликка даъвогарлик қилиб туришибди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси бу хусусдаги якуний қарорини шу йил сентябр ойида беради ва курашнинг "тақдири"ни ҳам худди шу ойда ҳал қилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.