BBC navigation

Оксана Чусовитина яна Ўзбекистонни намоён этади

Сўнгги янгиланиш 6 март 2013 - 08:25 GMT

Жаҳон спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олти Олимпиада Ўйинларининг ягона аёл иштирокчиси бўлган донгдор гимнастикачи яна ўз ватани – Ўзбекистонни намоён этмоқчи.

Ҳозир 37 ёшда бўлган Оксана Чусовитина ўтган йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ортидан катта спортни тарк этишини баён қилганди.

2006 йилдан буён Олмония терма жамоаси сафида беллашиб келаётган ўзбекистонлик номдор гимнастикачи бундан буёғига ўз вақтини кўпроқ оиласи билан ўтказиш истагида эканини айтиб, мураббийлик фаолияти билан шуғулланиш эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаганди.

Сўнгги янгилик ортидан Оксана Чусовитина Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, “бунга ўз спорт карьерасини қаерда бошлаган бўлса, ўша ерда якунлаш истаги сабаб бўлгани"ни айтади.

Донгдор гимнастикачига кўра, ўзи бўлди, деган қарорга келмагунча, ўз фаолиятини давом эттириш ниятида.

У ёш гимнастикачилар билан беллашишдан чўчимаслигини айтаркан, буни спортда ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмаслиги билан изоҳлайди.

“Мен ҳозир медаллар ҳақида ўйлаётганим йўқ. Гимнастикачилик фаолиятимни давом эттириб, ўзимга ёққан ишни қилаяпман”, дейди у.

Ўтган ой охирида эса, Халқаро Гимнастика Федерацияси Ижроий Қўмитаси Оксана Чусовитинанинг қайтиб Ўзбекистонни намоён этишига изн берганди.

Унинг биз билан суҳбатида айтишича, Олмония Гимнастика Федерацияси ҳам ўзини қўллаб-қувватлаган ва Олмония фуқаролигини ҳам қайтариб олмаган.

Номдор гимнастикачининг сўзларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги илк халқаро мусобақасини шу йил 15 март куни бошлайди ва Франция пойтахти Парижда бўлиб ўтувчи Жаҳон Кубоги мусобақаларида иштирок этади.

Унга кўра, жорий пайтда Олмонияда ўзининг узоқ йиллик мураббийи Жанна Полякова қўл остида бўлажак турнирга ҳозирлик кўрмоқда.

Оксана Чусовитина сўнгги бор ўтган йилги Оврўпо чемпионатида таяниб сакраш бўйича кумуш медал олган, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини бешинчи ўрин билан якунлаганди.

Лондон Олимпиадасида спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистонни намоён этган ягона гимнастикачи Луиза Галиулина эса, допинг можароси сабаб, беллашувлари арафасида ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Порлоқ карьера

37 ёшли Оксана Чусовитина илк бор Олимпиада Ўйинларида 1992 йилда, бугунги рақиблари, ҳатто, ҳали дунёга келмаган пайтларида қатнашган.

Оксана Чусовитина, шу жумладан, она бўлиши ортидан, катта спортга қайтган жаҳондаги саноқли гимнастикачилардан ҳам бири бўлади.

Ҳали дунёда бирор бир гимнастикачи халқаро беллашувларда бу қадар узоқ иштирок этмаган ва бу ёшда жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бормаган.

Унинг спорт гимнастикасидаги карьераси қарийб чорак асрлик тарихга бориб тақалади.

Оксана Чусовитина спорт гимнастикасидаги порлоқ фаолиятини ҳали 90-йиллар бошларида, собиқ СССР терма жамоаси сафларида бошлаган.

Кейин Ўзбекистон, 2006 йилдан бошлаб эса, оилавий шароитлари туфайли, Олмония терма жамоасини намоён этиб келаётганди.

Ўзбекистонлик бетакрор спортчи спорт гимнастикаси бўйича кўплаб нуфузли мусобақалар ғолиби, жаҳон, Оврўпо чемпионатлари ва қатор Ёзги Олимпиада Ўйинлари совриндори саналади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.