BBC navigation

Сервер Жепаров 'Сёнгнам'нинг ягона голига муаллифлик қилди

Сўнгги янгиланиш 16 март 2013 - 10:17 GMT

“Икки карра Осиёнинг энг зўр футболчиси” бўлган Сервер Жепаров қитъанинг энг кўзга ўйинчиларидан бири саналади

Бугун Жанубий Кореянинг номдор жамоаси асосий таркибида илк бор майдонга тушган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ўз фаолиятини гол билан бошлади.

Сервер Жепаров "Инчхон"га қарши Кей-Лига 3-турида киритилган ягона тўпга муаллифлик қилди.

Аммо Сервернинг янги жамоаси “Сёнгнам Ильва Чунма” ўз майдонида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси (ФИФА) ўтган ҳафта Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаровга Жанубий Кореянинг “Сёнгнам" таркибида тўп суришига расман рухсат берганди.

Бунга Сервер Жепаров ўтган мавсумда тўп сурган Саудия Арабистони “Аш-Шабаб” жамоасининг ФИФАга шикоят аризаси билан чиққани сабаб бўлганди.

“Аш-Шабаб” ўзбекистонлик юлдуз футболчининг “Сёнгнам Ильва Чунма”га ўз розиликларисиз ўтганини иддао этганди.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчилари бундан аввалги суҳбатларимизда Сервернинг “Аш-Шабаб” жамоасида ўз ўрнини тополмагани, саудияликлар кўпроқ бошқа легионерларга урғу беришаётганини таъкидлашганди.

Ўзбекистонлик юлдуз футболчи Саудия Арабистони жамоаси билан шартнома имзолашидан аввал Жанубий Кореянинг “Сеул”и таркибида тўп сурган ва клуб ўша йили мамлакат чемпиони ҳам бўлганди.

Жанубий Кореянинг энг кўзга кўринган жамоаларидан бўлган “Сёнгнам Ильва Чунма” ўзбекистонлик футбол аҳлига яхши таниш.

Сўнгги Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида Сервер Жепаровнинг собиқ жамоаси – Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби “Сёнгнам”ни ўз майдонида енгиб қайтганди.

“Икки карра Осиёнинг энг зўр футболчиси” бўлган Сервер Жепаров қитъанинг энг кўзга ўйинчиларидан бири саналади.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қатор муҳим халқаро учрашувлари арафасида кузатилмоқда.

Жамоа Сервер Жепаров сардорлиги остида 22 март куни 2015 йилги Осиё Кубогининг навбатдаги гуруҳ босқич учрашувида сафарда Бирлашган Араб Амирликларига қарши майдонга тушади.

Орадан тўрт кун ўтиб эса, 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқич саралаш беллашувлари доирасида Тошкентда Ливанни қабул қилади.

“Сёнгнам Ильва Чунма” Жанубий Кореянинг 7 карра чемпиони, икки карра Осиё Чемпионлари чемпиони бўлган жамоа саналади.

Пайшанба куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир сара ўйинчиси Одил Аҳмедов Россиянинг "Анжи" клуби таркибида илк бор Англиянинг "Ньюкасл" жамоасига қарши Оврўпо Лигасининг нимчорак финалида тўпган сурган, аммо ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, кейинги босқичга чиқолмаганди.

Одил Аҳмедовнинг Оврўпо Лигасидаги ўйини кўплаб футбол мутахассисларининг таҳсинларига ҳам сазовор бўлганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.