BBC navigation

Ўзбекистон Халқаро Олимпия Қўмитасига: 'Кураш қолсин'

Сўнгги янгиланиш 16 март 2013 - 14:50 GMT

Ўзбекистон Кураш Федерацияси Миллий Олимпия Қўмитаси билан ҳамкорликда бу хусусда халқаро қўмитага махсус мактуб йўллаб, кураш спорт турини 2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастуридан чиқариб ташламасликни сўраган.

12new.uz интернет ахборот портали тарқатган хабарда айтилишича, мактубни халқаро қўмитага Бирлашган Кураш усуллари халқаро федерацияси (FILA) кенгаши аъзоси, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган мураббий Аҳрол Рўзиев топширган.

Жаноб Рўзиевнинг сўзларидан келтирилган иқтибосга кўра, "Курашсиз Ўйинлар нафақат жозибасини йўқотади, балки Олимпиада Ўйинлари, деб аталишга ҳам ҳақли бўлмайди".

Бундан аввал Россия Кураш Федерацияси бу хусусда Халқаро Олимпия Қўмитасига очиқ мурожаат билан чиққан, Тожикистон ҳам кенгашга ўз мактубини йўллаганди.

Тавсия

Халқаро Олимпия Қўмитаси феврал ойида Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастурига киритилган 26 та спорт турини қайта кўриб чиқиб, ўз тавсиясини берганди.

Ташаббускорлар ўз таклифлари сабабини Олимпия дастурига янги спорт турларини киритишга имкон яратиш билан изоҳлашганди.

Кураш замонавий Олимпиада Ўйинлари старт олган 1896 йилдан буён дастурида бўлиб келган ва энди дастурга қайтиши учун яна еттита спорт тури билан бирга овоз беришдан ўтиши керак бўлади.

Халқаро қўмита ижроий кенгашининг қарори Ўзбекистон дохил кураш оммавий спорт тури билан дунёнинг кўплаб давлатларида норозилик билан қарши олинганди.

Дунёнинг қатор номдор курашчилари ўз норозиликлари белгиси сифатида Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган олтин медалларини Халқаро Олимпия Қўмитаси президентига қайтариб беришганди.

Юнон-рим кураши бўйича икки карра Олимпиада чемпиони арманистонлик донгдор курашчи Армен Назарян эса, Халқаро Олимпия Қўмитасининг таклифига қарши очлик амалиёти билан жавоб берганди.

Кураш ва Ўзбекистон

Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади.

Халқаро Олимпия Қўмитасининг таклифи Марказий Осиë, Эрон, Афғонистон ва Қофқоз курашчилари томонидан ҳам кескин эътироз билан қарши олинганди.

Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп олтин медалларни ҳам айнан кураш спорт турида қўлга киритган.

Ўзбекистон ўзи иштирок этишга муваффақ бўлган 5 та Ёзги Олимпиада Ўйинларида жаъми 20 та медал олган бўлса, шундан 7 таси ( 4 та олтин ва учта кумуш) курашчилари ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари бўйича вазири 1-муовини Жасур Акрамов агар Халқаро Олимпия Қўмитаси курашни 2020 йилги ўйинларга киритмаса, бунинг жуда катта хато бўлишини айтганди.

2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг қаерда ўтказилиши ҳозирча номаълум.

Жорий пайтда Истанбул, Мадрид ва Токио мезбонликка даъвогарлик қилиб туришибди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси бу хусусдаги якуний қарорини шу йил 7-10 сентябр кунлари Буэнос-Айресда бўлиб ўтажак йиғини чоғида беради ва курашнинг "тақдири"ни ҳам худди шу ойда ҳал қилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.