Осиё Чемпионлар лигаси: 'Бейцзин Гоан' 0-1 'Бунёдкор'

"Бунёдкор" гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки жавоб учрашувини сафарда ғалаба билан бошлади.

Бугун Пекинда бўлиб ўтган учрашув қалдирғочлар фойдасига ҳал бўлди.

Фозилжон Мусаев эса, 1-бўлимнинг 31-дақиқасида ўйинда ҳисобни очиб, "Бунёдкор"нинг ғалабасини таъминлаган ягона тўп муаллифига айланди.

Икковлон орасида ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган ўйин 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Сўнгги ғалабаси ортидан, "Бунёдкор" тўрт ўйиндан 8 очко тўплаб, ўз гуруҳида пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

"Бунёдкор" бу йилги Осиё Чемпионлар лигасини ғалаба билан бошлаган ва сафарда Япония чемпиони "Санфречче Хиросима"ни мағлуб этганди.

Аммо, шундан сўнг, қалдирғочлар ўз майдонларида "Поханг Стилерз"(Жанубий Корея) ва "Бейцзин Гоан"(Хитой) билан дуранг натижа қайд этишганди.

Тўрт учрашув ортидан 6 очко тўплашга муваффақ бўлган Жанубий Корея жамоаси эса, "G" гуруҳида "Бунёдкор"дан кейинги ўринни эгаллаб турибди.

"Бунёдкор" бу йилги Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этаётган ўзбекистонлик икки жамоадан биридир.

Турнирни кетма-кет ғалаба билан бошлаган "Пахтакор" эса, ўтган ҳафта Қатарда ўзини 1:3 ҳисобида мағлуб этган "Лаҳвия"ни кеча ўз майдонида енга олмаганди.

Қайд этган 2:2 дуранг ҳисоби ортидан, "Пахтакор" тўрт ўйиндан 7 очко тўплаб, "В" гуруҳида иккинчи ўрин билан қаноатланишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон чемпиони тушган гуруҳда бир очко фарқ билан Қатарнинг "Лаҳвия"си олдинда бораётир.

Ҳам "Пахтакор" ва ҳам "Бунёдкор" Ўзбекистоннинг Осиё Чемпионлар лигасида катта тажрибага эга икки жамоаси саналишади.

Икковлон ҳам ўз тарихларида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишган.

Аммо уларнинг ҳеч бирига ҳалича Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш насиб этмаган.

"Пахтакор" гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдаги жавоб учрашувини 24 апрел куни сафарда Саудия Арабистонининг "Ал-Иттифоқ" жамоасига қарши ўтказади.

"Бунёдкор" эса, худди шу куни ўз майдонида Япония чемпиони "Санфречче Хиросима"ни қабул қилади.

Маҳаллий мутахассисларнинг урғулашларича, "Ўзбекистон жамоалари Осиё чемпионлари чемпиони бўлмоқчи бўлишса, асосий таркибини энг зўр ўйинчилардан ташкил қилиши, захира ўриндиғидаги футболчилар ўз устларида янада кўпроқ ишлашлари ва рақибларни ўрганишга ҳам кўпроқ аҳамият бериши керак".

Бу мавзуда батафсилроқ