'Баҳодир чемпионлик камарини осонлик билан бериб қўймайди'

Ўз вақтида Баҳодир Мамажоновга мураббийлик қилган Уйғун Сиддиқов боксчи шогирдининг профессионал рингда эришган оламшумул ғалабасига ана шундай муносабат билдирди:

Баҳодир Мамажонов куни-кеча Америкада бўлиб ўтган жангида кубалик рақиби Анжело Сантанани техник нокаутга учратиб, WBA таснифида енгил вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритганди.

Лас-Вегаснинг Treasure Island Casino аренасида бўлиб ўтган 12 раундлик жанг тўққизинчи раунддаёқ якун топган ва сўнгги жангига қадар кураги ерга тегмаган Сантанага ўз мағлубиятини тан олишдан бошқа чора қолмаганди.

"Баҳодир ҳозир профессионал жангларида мустаҳкам иштирок этмоқда. У ўзининг иродаси, меҳнати билан ҳали жаҳон чемпионлиги камарини бир эмас, бир неча бор ҳимоя этади, чемпионлик мақомини осонлик билан бериб қўймайди", дейди ўзбекистонлик таниқли мураббий.

Уйғун Сиддиқов шогирдининг жудаям интизомли, меҳнаткаш ва иродали боксчи эканини алоҳида таъкидлайди.

"Ҳали армияда хизмат қилиб юрган пайтида биз у билан Ҳиндистонга бирга борганмиз. Умумжаҳон ҳарбий-спорт ўйинларида биринчи ўринни олиб, мухлислару ҳаммада жуда яхши таассурот қолдирганди. Ўшандаёқ, "Ҳали бу боланинг келажаги жуда порлоқ", деб айтганман...".

Фарғона бокс мактаби вакили бўлган 25 ёшли Баҳодир Мамажонов 61.2 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга тушиб келади ва ҳаваскор боксда турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби ҳам саналади.

Баҳодир шу пайтгача профессионал рингда 14 та жанг ўтказган бўлса, шунинг фақат биттасида дуранг натижа қайд этган. Қолган барчасини ғалаба билан якунлаган.

Айрим хабарларга кўра, сўнгги ютуғи ортидан, Муҳаммад Али, Майк Тайсон каби афсонавий боксчиларни етиштирган машҳур промоутер Дон Кинг Баҳодирга ўзи билан бирга ишлашни таклиф қилган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Баҳодир профессионал боксда жаҳон чемпионлиги мақомини қўлга киритган ўзбекистонлик илк боксчи эмас.

Дейлик, ўзбекистонлик донгдор боксчи Артур Григорян ўзининг 10 йиллик профессионал карьерасида WBO таснифида енгил вазн тоифасида 17 карра жаҳон чемпионлиги камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлган бўлса, яна бир номдор боксчиси Руслан Чагаев 2007 йилда WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ