Одил Аҳмедов жамоаси Россия Кубоги финалида

Ўзбекистонлик сара футболчи тўп сурувчи Махачқалъанинг "Анжи" жамоаси ўз тарихида иккинчи бор ана шундай имкониятни қўлга киритди.

Доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг клуби Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, бу йилги Россия Кубогининг финал босқичига чиқди.

Кеча Санкт-Петербургнинг "Петровский" стадионида бўлиб ўтган учрашувда ўйин тақдирини ҳал қилган ягона тўпни камерунлик футбол юлдузи Самуэль Это'о ўз ҳисобига ёзди.

Финал учрашувининг ўзи эса, 1 июн куни Чеченистон пойтахти Грознийнинг "Аҳмат-Арена" стадионида бўлиб ўтади.

Одил Аҳмедов Россия Кубогини қўлга киритиш учун ўз жамоаси билан ЦСКА клубига қарши тўп суради.

"Анжи" бундан аввал 2001 йилда Россия Кубогининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган, аммо пенальтилар сериясида Москванинг "Локомотив" жамоасига ютқазиб қўйганди.

"Анжи"

Одил Аҳмедовнинг жамоадошлари жорий пайтда Россия премьерлигасида 27 та ўйиндан 50 очко тўплаган ҳолда ЦСКА ва "Зенит"дан кейин 3-ўринда боришмоқда.

"Анжи" бу йил Оврўпо Лигаси ўйинларида ҳам катта муваффақиятлар қозонишга умид қилган, аммо яқинда ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Англиянинг "Ньюкасл" жамоасига ютқазиб, чорак финалга чиқолмай, пастга қулаганди.

"Ньюкасл" устидан ғалаба қозонган тақдирда, Махачқалъа жамоаси ўз тарихида биринчи бор Оврўпо Лигасининг чорак финалига ҳам чиққан бўларди.

Айнан донгдор футболчиси Одил Аҳмедов сабаб, учрашув Ўзбекистонга катта қизиқишга сабаб бўлган ва ҳар икки ўйин ҳам Тошкентга тўғридан-тўғри олиб узатилганди.

Россиянинг бойвачча "Анжи" (Махачқалъа) клуби "Пахтакор" сардори ва Ўзбек миллий терма жамоаси юлдузи Одил Аҳмедов билан 2011 йилда расман тўрт йилга шартнома имзолаган.

"Анжи" Россия Олий лигасига 1999 йилда чиқишга муваффақ бўлган. Аммо орада беқарор ўйин кўрсатиб, биринчи лигага қулаган ва 2009 йилдагина яна Олий лигага қайтган.

Айрим хабарларга кўра, клуб соҳиби Сулейман Керимов мураббийлар, футболчиларнинг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига ўн миллионлаб доллар маблағ сарфлаш ниятидадир.

Бу мавзуда батафсилроқ