Луиза Галиулина яна жазоланадиган бўлди

Бу гал Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамаси ўзбекистонлик таниқли спорт гимнастикачисини икки йилга катта спортдан четлатишга қарор қилди.

Бунга Умумжаҳон Допингга қарши кураш идорасининг шикоят аризаси сабаб бўлган.

Ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси допинг қабул қилганлик айби билан ўтган йил Лондон Олимпиада Ўйинларидан четлатилганди.

Пешобидан спортчилар учун тақиқланган фуросимид моддаси қолдиқлари аниқлангач, Луиза Галиулина нақ беллашувлари чоғида Ўзбекистонга қайтариб юборилганди.

Бунинг ортидан Халқаро Гимнастика Федерацияси иккинчи текширув натижалари ҳам дастлабкисини тасдиқлаганини айтиб, ўзбекистонлик гимнастикачини ярим йилга катта спортдан четлатганди.

Ташкилотнинг ўтган йил ноябр ойидаги қарори 20 ёшли Луиза Галиулинанинг шу йил январ ойи якунига қадар халқаро турнирларда иштирок этолмаслигини англатарди.

Ўзбекистон Гимнастика Федерациясига эса, интизомий маҳкама тингловига кетган 2.000 Швейцария франки ёки 2.100 АҚШ доллари миқдоридаги сарф-харажатни тўлаши лозимлиги айтилганди.

Аммо, аён бўлишича, ўтган йил декабр ойида Умумжаҳон Допингга қарши кураш идораси Луиза Галиулинага қўйилган тақиқнинг 2 йилга узайтирилиши талаби билан Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамасига мурожаат қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, кеча сешанба куни бўлиб ўтган маҳкама жараёни ортидан Халқаро Гимнастика Федерацияси ўзбекистонлик гимнастикачи ишини ютқазганини айтган.

"Спорт Арбитраж маҳкамаси Халқаро Гимнастика Федерациясининг мавқеи ва бу иш юзасидан келтирган даъволарини хайрихоҳлик билан кўриб чиқди", дейилади маҳкама ҳукмида. "Халқаро Гимнастика Федерациясининг иддао этишича, Олимпиада Ўйинларидан четлатилиши биланоқ гимнастикачи етарлича жазосини олиб бўлган ва унинг яна узоқ муддат катта спортдан четлатилиши карьерасининг якун топишини англатиши мумкин".

Аммо, Халқаро Гимнастика Федерациясининг ушбу даъволарига қарамай, Спорт Арбитраж маҳкамаси Умумжаҳон Допингга қарши кураш идорасининг фойдасига ҳукм чиқарган ва уларнинг сўровини қондирган.

Гап нимада эди?

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Жасур Акрамов ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида юз берган ҳодисадан ҳайратда эканликлари ва Луиза Галиулинанинг фуросимид қабул қилиши учун ҳеч бир асос бўлмаганини айтганди.

"Фуросимид пешоб ҳайдовчи дори ҳисобланади. Уни одатда озиш ниятида бўлган спортчилар ёки одамлар қўллашади. Шунинг учун ҳам, бу препаратни фақат вазни ортиқча бўлган одам ичиши мумкин. Луиза Галиулинанинг ўзи 40 килога ҳам бормайдиган вазни бор. Унинг фуросимид ичишининг ҳеч қанақа сабаби йўқ эди-да", деганди жаноб Акрамов.

Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона спорт гимнастикачиси эди.

Луиза халқаро миқёсда ўтказилган қатор саралаш мусобақалари ортидан Ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Саралаш босқич беллашувларининг сўнггиси эса, Ўйинлардан икки ойча бурун Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтганди.

Луиза Галиулина 2005 йилда Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионати, 2010 йилги Хитой Осиё Ўйинларининг бронза медали совриндори саналади.

Спорт гимнастикаси бўйича 2011 йилда Бельгияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳам совринли учинчи ўринни олишга муваффақ бўлган.

Мураббийлари Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам яхши натижа кўрсатишига умид қилишаётганди.

Ўзбекистонлик спортчи 25 июлда - мусобақалар бошланишидан уч кун олдин допинг синовидан ўтганди.

Фуросимид допинг ҳисобланмайди. Хусусан, қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш учун ишлатилади.

Спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун қўлланилган ҳоллари ҳам бўлгани боис, фуросимид Умумжаҳон Допингга қарши кураш идораси томонидан тақиқланган.

Бу мавзуда батафсилроқ