Кумуш Раззоқова: 'Футболчилар ғалабани қўлдан беришмасин'

Image caption Ўзбекистонда тарихий деб баҳоланаётган ушбу ўйин Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади ва Жанубий Кореянинг "World Cup" стадионида бўлиб ўтади

Футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна саноқли соатлардан Жанубий Кореяга қарши қолган икки муҳим учрашувидан бирини ўтказади.

Ўзбекистонда тарихий деб баҳоланаётган ушбу ўйин Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади ва Жанубий Кореянинг "World Cup" стадионида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига берган сўнгги суҳбатида айтишича, "бугунги ўйинда Жанубий Кореяни мағлуб этиб, ўз олдларига қўйилган мақсадни муддатидан илгари уддалашни" режалашмоқда.

Жамоа ўз тарихида ҳалича бирор марта жаҳон чемпионатига чиқа олмаган.

Аммо, ўзбекистонлик футбол мутахассисларига кўра, сўнгги босқич саралаш беллашувларининг қолган икки учрашувида 4 очко жамғара олса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор ана шундай имкониятга эга бўлади.

Жорий пайтда эса, Жанубий Корея, Ўзбекистон ва Эрон "А" гуруҳига ажратилган 2 та йўлланмага асосий даъвогарлар бўлиб туришибди.

Олти ўйин ортидан гуруҳ пешқадамлари Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳисобида 11 тадан очко бўлса, Эроннни улардан фақат бир очко ажратиб турибди, холос.

Эрон гуруҳнинг бугунга режаланган иккинчи учрашувида ўз майдонида Ливанни қабул қилади.

Ўтган ҳафта “В” гуруҳида лозим 14 очкони муддатидан илгари тўплашга муваффақ бўлган Япония Осиё қитъасидан 2014 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олган илк ва ягона миллий терма жамоа бўлиб турибди.

Таниш рақиблар

Image caption Бугунги икки рақиб ўртасида сўнгги босқич саралаш беллашувларининг ўтган йил сентябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки учрашуви 2:2 дуранг ҳисоби билан якунланган

Жанубий Корея Осиёнинг жаҳон чемпионатида анчайин катта тажрибага эга саноқли миллий терма жамоаларидан бири саналади.

Жамоа қитъанинг 2010 йилги жаҳон биринчилиги саралаш босқич беллашувларини бирор бир мағлубиятсиз якунлаган ягона жамоаси ҳам бўлган.

Аммо Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги иштирокини бир ғалаба, бир мағлубият ва бир дуранг билан гуруҳ босқичидаёқ якунлаган.

Айни ўринда шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Жанубий Корея 1986 йилдан буён мунтазам равишда жаҳон чемпионатига йўлланма олиб келган.

Ўзи Япония билан бирга ҳаммезбонлик қилган 2002 йилги биринчилик ўйинларида эса, 4-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлган.

2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги босқич саралаш беллашувларида Жанубий Корея шу пайтгача учта ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият қайд этган.

Бугунги икки рақиб ўртасида сўнгги босқич саралаш беллашувларининг ўтган йил сентябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки учрашуви 2:2 дуранг ҳисоби билан якунланган.

Икковлон турли халқаро турнирлар доирасида шу пайтгача бир-бирларига қарши 7 бор майдонга тушишган.

Шунинг бештасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мағлуб бўлган. Биттасида ғалаба қозонган, яна бирида дуранг натижа қайд этган.

Image caption 'Мақсад - 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш'

Ўзбекистонлик етакчи футбол мутахассислари ҳам, Бош мураббий Миржалол Қосимов ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ҳал қилувчи ва тарихий учрашувга ҳар томонлама ҳозир эканини айтишмоқда.

Жумладан, Бош мураббий Миржалол Қосимовнинг таъкидлашича, ёмон об-ҳаво сабаб, Хитойдан Жанубий Кореяга парвозларининг бир кунга кечиккани ҳам шогирдларининг ўйинига салбий таъсир қилмайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Image caption "Мен уларга ғалаба тилардим, фақат ғалаба, ғалаба, ғалаба..."

Би-би-си Ўзбек Хизмати бугунги муҳим ўйин арафасида ўзбекистонлик юлдуз санъаткор, ижодкор ва футбол аҳлига микрофон тутиб, уларнинг миллий терма жамоага тилаклари ва кўнгилларидан кечаётган ўй-фикрлари билан қизиққан:

Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган хонанда Кумуш Раззоқова:“Уларга баланд парвозлар тилайман. Спортда ҳам баланд парвозлар бўлиши керак. Бутун Ўзбекистон улар учун қайғуради, улар учун ич-ичдан куйиниб, ишқибозлик қилади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, ҳамма телевизорларга ёпишиб олиб, уларга ич-ичдан барибир ғалаба тилайди. Ўша тилакларни бизларнинг спортчиларимиз сезишлари керак, деб биламан. Бунинг Ўзбекистон уларнинг орқасида, улар буни билишлари керак. Ғалабани қўлдан беришмасин. Мен уларга ғалаба тилардим, фақат ғалаба, ғалаба, ғалаба...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Мен уларга муваффақиятлар тилайман, яхши ўйин кўрсатишса, ютуқ бўлади..."

Ўзбекистонлик таниқли мураббий, Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов:“Биринчидан, бу – ҳамма ишни ҳал қиладиган ўйин. Нега деганда, Қатарни ҳам кутиш керак эмас, бошқа,..шу ўйин бутун масалани ҳал қилади. Шунинг учун болалар ҳам жавобгарлик, бу ўйиннинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунишади. Мен уларга муваффақиятлар тилайман, яхши ўйин кўрсатишса, ютуқ бўлади. Жуда бўлмаса, дуранг бўлсин, шунинг тарафдориман. Ўйинни албатта Тошкентда томоша қиламан. Аллақачон тайёргарлик қилиб, кутиб ётибман ўйинни. Ўзим ҳам худди ўйнагандек бўлиб, ўзимни майдонда деб сезиб, шунчалик ҳаяжонга тушаяпман. Нега деганда, бу ўйин бутун умр тарихда қолади. Бунақа имконият умуман бошқа бўлмайди. Булар бир-бирини жуда яхши билиб олишган. Энди, ҳамма фақат майдонда ўз кучини кўрсатиши керак. Болалар ҳам бор кучларини ташлашади...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Уларни, албатта, Худойимнинг ўзи ёрлақасин..."

Ўзбекистон Халқ артисти, таниқли санъаткор Афзал Рафиқов:“Ҳар бир ўйинда, хусусан, футболда ҳам омад жуда катта аҳамиятга эга. Шу боис ҳам, мен футболчиларимизга омад тилайман ва адашмасам, 1994 йили Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё чемпиони бўлганди. Ана шу ғалабани ёдда тутиб, шу ғалабани қўлга киритган инсонларнинг ҳурмати, Ўзбек халқининг ҳурмати жонларини жабборга бериб, шижоат билан майдонга тушишса, ўйлайманки, ғалаба биз томонда бўлади. Ва, албатта, Худойимнинг ўзи ёрлақасин...Бу ерда масъулият жудаям катта. Ўйин жуда катта нарсага боғлиқ бўлгани учун кўраман, Худо хоҳласа...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Бу йилги йил Ўзбекистон футболининг байрамига айланадиган йил бўлсин..."

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев:“Мен бир кекса футбол журналисти, футбол шарҳловчиси, футбол ҳаками сифатида ўзимизнинг жонажон терма жамоамизга, айниқса, йўлланмага яқин турган ҳозирги даврда омад, фақатгина омад тилайман. Худодан сўрайман, Ўзи қўллаб-қувватласин. Мана шу қолган икки ўйинни миллий терма жамоамиз мухлисларига катта бир байрам, катта бир совға қилиб, жаҳоннинг энг кучли 32 жамоаси орасидан ўрин олишларида омадлар тилаб қоламан. Илоҳим, йигитларимизнинг омадлари келсин, ҳаммамизни хурсанд қилишсин, бу йилги йил Ўзбекистон футболининг байрамига айланадиган йил бўлсин...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Уларга охиригача курашишларини тилардим..."

Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим:“Бўлсаям бўлади, бўлмасаям бўлади, дейдиган одамлардан эмасман. Мен ғалаба бўладими, дуранг бўладими, ҳар ҳолда бизнинг болалар охиригача фидокорлик билан, жонини жабборга бериб ўйнашларини аниқ биламан. Хусусан, мен Миржалол Қосимовнинг ўзини жуда яхши танийман. Оталарини биламан. Улар жуда ҳалол одамлар. Бир ишга жуда садоқат билан ёндашадиган, меҳнаткаш одамлар. Буларнинг меҳнатлари зое кетмайди, деб ўйлайман. Менимча, муҳими – бу йил жаҳон чемпионатига йўлланма олиш. Биз умид қилиб қоламиз. Ишқибоз ҳамма вақт умид қилади. Бу йигитлар ҳамма нарсага қодир йигитлар. Энди, буёғи Худодан, буёғи омаддан. Бу нарсаям футболда бор...Уларга оддийгина ўз ишларини жуда аъло даражада бажаришни, ўз ишларини сидқидилдан бажаришларини тилардим, охиригача курашишларини тилардим...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатига чиқишсин..."

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибози:“Тилагимиз – мана шу Жанубий Корея билан бўладиган ўйинда ҳамма нарсани ҳал қилиб, ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатига чиқишсин. Ўз уйида Жанубий Кореяга ҳам, барибир, ғалаба керак. Корея босимни ошириб, ҳужумкор ўйин кўрсатади. Шунинг учун ҳам, ҳимоядан ўйин кўрсатиб, қарши ҳужумдан фойдаланиб, гол уриб, ютиш керак-да. Асосан қарши ҳужумда ўйнасак, менимча, ютсак керак. Бошқача вариантда Жанубий Кореянинг ҳужумига, босимига дош бериш қийин бўлиб қолади. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳар қандай жамоа ўзининг бор кучини кўрсатиб ўйнайди. Ўзбекистон ҳам худди шундай ўйнаса, жон-жаҳди билан, бор кучини бериб ўйнаса, менимча, жаҳон чемпионатига чиқади...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Image caption "Умид қиламанки, футболчиларимиз халқнинг ишончини оқлашади..."

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийи Вадим Абрамов: "Сўзсиз, болалар бу ўйиннинг аҳамияти, ўз елкаларидаги масъулиятни жуда яхши англаб туришибди. Улар жуда кўп ишлашди ва узоқ йиллардан буён орзу қилган мақсадлари ёқасида туришибди. Мен бу тарихий учрашув арафасида уларга омад тилаган бўлардим. Чунки бу каби учрашувда омад ҳам озмунча аҳамият касб этмайди. Йигитларнинг ўйинига гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Рақиблари ожиз бўлишмаса-да, уларни енгишларига ишончим комил. Мен уларга чин дилдан Жанубий Кореяга қарши ўйинда жаҳон чемпионатига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритишларига имкон берувчи натижага эришишларини тилаб қолган бўлардим. Менимча, бу тилагимга 30 миллионли Ўзбекистон халқи ҳам қўшилади. Чунки уларнинг барчаси йигитларимиздан ғалаба кутишаяпти ва умид қиламанки, футболчиларимиз халқнинг ишончини оқлашади..."

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Осиё қитъасига жаъми 4.5 ўрин ажратилган бўлса, уни қўлга киритиш учун сўнгги босқич саралаш беллашувларида 10 миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда. Сўнгги босқич беллашувларининг сўнгги тур учрашувлари эса, 18 июн куни ўз поёнига етади. Худди шу куни Ўзбекистон ўз майдонида сўнгги рақиби Қатарни қабул қилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг Сеулда кеча – 10 июн куни берган матбуот анжуманида айтишича, ҳозир ўзларини ушбу баҳс қизиқтираётгани йўқ ва барча эътиборлари Жанубий Кореяга қарши ўйинга қаратилган.

Бу мавзуда батафсилроқ