Бразилия 2014: Жанубий Корея ва Эрон даҳанаки жангни қизитишмоқда

Image caption Хабарларга кўра, даҳанаки жанг Жанубий Корея Бош мураббийи Чой Канг Хининг чиқиши ортидан бошланиб кетган

Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олиш иштиёқида ёнган икки миллий терма жамоа мураббийлари орасидаги айтишув Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган.

Хабарларга кўра, даҳанаки жанг Жанубий Корея Бош мураббийи Чой Канг Хининг чиқиши ортидан бошланиб кетган.

Жаноб Чой сешанба кунги жангнинг "шиддатли бўлиши"га ваъда бериб, ўтган октябр ойида "жамоасига ёмон муносабатда бўлинган" Теҳрондаги мағлубиятлари учун ўч олиш истагида эканликларини айтган.

"Улар бизга яхши муомалада бўлишмади. Меҳмоннавозлик кўрсатишмади. Жаҳон чемпионатига чиқиш кимга насиб этишидан қатъиназар, мен Эронни мағлуб этмоқчиман", деб айтган Жанубий Корея бош мураббий Ўзбекистон билан сўнгги учрашувлари ортидан.

"Гапнинг рости, Ўзбекистондан кўра менга кўпроқ Эрон ёқмайди. Мен Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига умид қилиб қоламан".

Сўнгги учрашувида Ливанни 4:0 ҳисобида мағлуб этган Эрон жорий пайтда 13 очко тўплаб, Ўзбекистон тушган "А" гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди.

Ўтган ҳафта ҳал қилувчи учрашувини сафарда Жанубий Кореяга 0:1 ҳисобида бой берган Ўзбекистон эса, 11 очко тўплаб, учинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлмоқда.

"А" гуруҳи пешқадами Жанубий Корея ҳисобидаги очколар сони эса, 14 та.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Эроннинг 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиши учун Жанубий Кореяга қарши бугунги якуний учрашувида дуранг натижа қайд этишининг ўзи ҳам кифоя қилади.

Тўплар нисбати бўйича яхши мавқеъда экани боис, Жанубий Корея нафақат ютса ёки дуранг ўйнаса, балки-да ютқазса ҳам, барибир, иккита йўлланмадан бирини қўлга кирита олади.

"Чой Эрон халқидан узр сўрасин"

Image caption Хабарларга кўра, Карлош Кейруш жанубий кореяликларни Ўзбекистон миллий терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратмаганликда айблаган

Эрон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Сеулга қадам босиши биланоқ жанубий кореялик ҳамкасби ўзларидан кечирим сўраши лозимлигини баён қилган.

"Чой Канг Хининг айтишича, Эронда Жанубий Кореяга жамоасига яхши муносабатда бўлишмапти. Биз эса, қўлимиздан келганча меҳмоннавозлик қилган эдик. У эронликларни ҳақорат қилди", деб айтган Эрон жамоасининг португалиялик мураббийи Карлош Кейруш.

"Реал"(Мадрид) жамоаси собиқ Бош мураббийининг иддаолари эса, жанубий кореялик ҳамкасби билан ораларидаги даҳанаки жангнинг янада оловланиб кетишига сабаб бўлди.

Хабарларга кўра, Карлош Кейруш уларни Ўзбекистон миллий терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратмаганликда айблаган.

"Мен Чойга ҳадя қилиш учун Ўзбек футболчиларининг либосидан сотиб оламан", деб киноя қилган Эрон миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Ўзбекистон томони эса, ҳали барча имкониятлар йўқотилмаганини айтиб, бугунги якуний учрашувларида ўзлари Қатарни, Жанубий Корея Эронни енгишига умид қилмоқда.

Яна саноқли соатлардан сўнг тўрттовлон сўнгги босқич саралаш беллашувларининг ҳал қилувчи сўнгги учрашувини ўтказишади.

Ўзбекистон Тошкентда Қатарни, Жанубий Корея Ульсанда Эрон миллий терма жамоасини қабул қилади.

Ҳал қилувчи ҳар икки якуний учрашув ҳам бир вақтда - Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Ўйин арафасида айрим интернет нашрларида Эрон томонининг Ўзбекистон – Қатар ўйинини алоҳида диққат билан кузатишни сўраб, ФИФАга мурожаат қилгани ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ