Одил Аҳмедов: 'Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди'

Ўзбекистонлик юлдуз футболчи Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ўзига қизиқиш билдираётганига оид сўнгги пайтларда Россия ва Буюк Британия нашрларида пайдо бўлган кўплаб хабарларни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ана шундай шарҳлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ушбу хабарларда Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бўлган "Арсенал"нинг Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро тўлашга рози" экани айтилганди.

Хабарларда, "Арсенал" вакиллари "Анжи" клуби раҳбарияти ўзбекистонлик ярим ҳимоячининг жамоани тарк этишига тўсқинлик қилмаслигига орқа қилишаётгани" ҳам қистириб ўтилганди.

Одил Аҳмедовнинг ўзи ҳам Испаниянинг "Барселона"си бўладими ёки Лондоннинг "Арсенал"и, Оврўпонинг кучли жамоаларидан бирида тўп суриш истагини ошкора баён этиб келади.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Махачқалъанинг бойвачча "Анжи" жамоаси 2011 йилда Одил Аҳмедов билан тўрт йилга шартнома имзолаган.

Доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов соҳиблик қилувчи "Анжи" жамоасида ҳозир Одил Аҳмедов билан бир сафда манаман деган жаҳон футболи юлдузлари тўп суради.

Одил Аҳмедовнинг ўзи нима дейди?

Ўзбекистонлик номдор футболчи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ҳақиқатан ҳам ўзига қизиқиш билдирганини тасдиқлади.

"Энди, биласизми, футболда шунақа нарсаки, бу масалаларда кўпроқ клуб раҳбариятига чиқилади. Клуб билан келишгандан кейин, футболчининг ўзи билан гаплашади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистондаман. Шунинг учун ҳам, кўп нарсадан унчалик хабарим йўқ. 2-3 кун ичида Россияга бораман. Ўшанда ҳамма нарсага ойдинлик киритамиз", дейди Одил Аҳмедов.

"Олдимизда турган вазифа Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинлари бўлгани учун, бошқа нарсаларга эътибор қаратмай, бор эътиборни шунга қаратгандик".

Одил Аҳмедов ўзи учун пул муҳим эмаслиги, энг катта орзуси Оврўпо жамоаларида ўйнаш эканини алоҳида таъкидлайди.

"Қайси жамоада тўп суришимдан қатъиназар, барибир, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилардим. Улар сизга қизиқдими, ўшанга яраша ўйнаш керак, ўшанга яраша ҳаракат қилиб, буни исботлаш керак-да".

Бу биринчи гал эмас

Бундан икки йил аввал ҳам Ўзбекистон Футбол Уюшмаси президенти Мираброр Усмонов "Арсенал"нинг Одил Аҳмедовга қизиқиш билдираётганига оид хабар билан чиққанди. Буни Одил Аҳмедовнинг ўзи ҳам тасдиқлаганди.

"Арсенал" вакиллари менга ростдан ҳам қизиқиш билдиришди, улар менинг ҳамма ўйинларимни диққат билан ўрганишяпти", деб айтганди Одил.

Лондоннинг "Арсенал" жамоаси расман таклиф билан чиққан тақдирда, Одил Аҳмедов Англия премьерлигасига ўтган илк ўзбекистонлик футболчи бўлади.

Чунки шу пайтгача ўзбекистонлик бирор бир футболчи Англия премьерлигасида тўп сурган эмас.

Хабарларда айнан кубок ўйинларида кўрсатган маҳорати "Арсенал"нинг Одил Аҳмедовга қизиқиш билдирганига сабаб бўлгани айтилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2010 йилги Осиё Кубогида ўз тарихида илк бор ярим финалга кўтарилиб, қитъанинг юқори тўртлиги сафларига киришга муваффақ бўлган.

Бунинг ортидан Одилга Оврўпо, Россия, Туркия ва қатор араб давлатларининг етакчи клублари қизиқиш билдиришганди.

Одилнинг имкониятлари

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал" клубининг ҳамсоҳибларидан саналади.

У ўзининг бизнес ҳамкори Фарҳод Моширий билан бирга "Арсенал"нинг иккинчи энг йирик ҳиссадоридир.

Алишер Усмонов яқинда клубнинг Англия премьерлигасида кўрсатаётган сўнгги ўйинларидан норози экани, бунга клуб Директорлар кенгаши айбдор эканини айтганди.

Инглиз футболининг кўзга кўринган жамоаларидан бўлган "Арсенал" ўтган олти йил бадалида бирор бир йирик совринни қўлга киритолмаган.

Россиялик миллиардер вазиятни ўнглаш учун ҳиссадорларни "Арсенал"га кўпроқ сармоя киритишга ундаганди.

Жаноб Усмонов, ўз ўрнида, "Арсенал"нинг кучли ярим ҳимоячига эҳтиёжи борлигини айтиб ҳам таъкидлаб ўтганди.

Майдоннинг ҳар бир нуқтасида қойилмақом ўйин кўрсатишга қанчалик қодир эканини сўнгги Осиё Кубогида керагича намойиш этган Одил Аҳмедов эса, айнан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси ҳисобланади.

Устига устак "Арсенал" сардори Сеск Фабрегаснинг "Барселона"га қайтиши клуб раҳбариятини қийин аҳволда қолдирганди.

Сара футболчи

Сўнгги янгиликлар футбол оламида ёзги олди-сотдилар қизиган бир паллада ўртага чиқмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчилари Одил Аҳмедов маҳорат ва ўйинни бошқариш жиҳатдан "Арсенал"га муносиб ўйинчи эканини таъкидлашганди.

"Одил Аҳмедов потенциали жиҳатидан дунёнинг исталган жамоасида ўйнаб кета олиши мумкин, айни ўринда фақат муҳитга қанчалик мослашиб кета олиши омилини ҳисобга олиш керак. Чунки Одил биринчи марта хорижга чиқди, Россия жамоаларида ўйнади. Ҳозир "Анжи" таркибидаги муқим ўйинчига айланди. Россиялик футболчиларнинг Англия премьерлигасида асосий тартибда бемалол тўп сураётганликларини назарда тутсак, Одил ҳам бемалол ўйнаб кета олган бўларди", деганди ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Одил Аҳмедов икки карра "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом футболчиси" саналади.

2012 йилда ўзи тўп сураётган "Анжи" клубида ҳам "зўрларнинг зўри", деб топилган.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирганди.