Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон илк бор чорак финалда

  • 2 Июл 2013
Image caption Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқди

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Туркияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг нимчорак учрашувида юнонистонлик рақибларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Сўнгги ғалабаси ортидан, бу йилги жаҳон чемпионатида ўз тарихида илк бор нимчорак финалига чиққан жамоа биринчи бор чорак финалига ҳам чиқишга муваффақ бўлди.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ягона кубок учун курашини давом эттираётган 16 миллий терма жамоа орасидан бу шарафни қўлга киритган биринчи жамоа бўлди.

Тошкентдан таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев бугунги учрашувни Ўзбекистон футбол аҳли интиқлик билан кутгани, кеч тун эканига қарамай, ёшлар миллий терма жамоасининг ғалабаси деярли ҳар бир хонадонда катта қувончга сабаб бўлганини айтади:

Газиантеп шаҳрида бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувда ҳисобни Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси очди.

26-дақиқада киритилган илк тўпни Аббосбек Маҳсталиев ўз ҳисобига ёзди.

Орадан 7 дақиқа ўтиб, юнонлар 11 метрлик жарима тўпи ёрдамида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

Учрашувнинг 1-бўлими 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланди.

2-бўлимнинг 61-дақиқасида бу гал юнонлар дарвозасига қарши белгиланган 11 метрлик жарима тўпини Игорь Сергеев бехато тепди.

Айни шу дақиқада, ҳакамнинг хатоси билан яна бир сариқ карточка олган Дмитриос Коурмпелис майдонни тарк этди.

Орада Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасида ҳисобда янада олдинга чиқиб олишнинг бой берилган қатор имкониятлари бўлди.

Аммо 83-дақиқада Сардор Раҳмонов томонидан амалга оширилган яна бир 11 метрлик жарима тўпи ҳисобни Ўзбекистон фойдасига 3:1 га етказди.

86-дақиқада қизил карточка олиб, майдонни тарк этган Бобурбек Йўлдошев ва бугунги ўйинда сариқ карточкалари сони иккитага етган Сардор Раҳмоновлар чорак финал учрашувида майдонга тушмайдиган бўлишди.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси энди 6 июл куни чорак финал беллашувида Франция-Туркия учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади.

Икковлон орасидаги нимчорак учрашуви бироздан сўнг Газиантеп шаҳрида бўлиб ўтади.

Сўнгги дақиқалардагина Мексикани 2:1 ҳисобида мағлуб этган Испания эса, Ўзбекистондан кейин чорак финалига чиққан иккинчи миллий терма жамоа бўлди.

Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси ҳам айнан Аҳмаджон Мусаев ҳаммураббийлиги остида 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида тарихий натижа қайд этиб, илк бор биринчиликнинг чорак финалига чиққанди.

Башоратлар қандай эди?

Image caption Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов ёшларга ишонишини айтмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов бу каби плей-офф учрашувларида "яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган жамоа ютиб кетиши"ни айтади:

"Юнонлар Оврўпо чемпионатида 2-ўринни олиб, жаҳон чемпионатида иштирок этишаяпти. Ўйинларини кўрдик. Юнонлар ҳам жудаям кучли жамоа. Кўриниб турибди. Йигитлариям жудаям бақувват. Бунақа плей-офф учрашувларида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланилса, ўша жамоа ютиб кетади. Мен ўйлайманки, бу нарса йигитларимизнинг қўлида", дейди у.

Ўзбекистонлик Бош мураббий футболда башорат қилишни ёқтирмаслиги, лекин ўзбекистонлик ёшларга ишонишини айтади.

"Жудаям жамоавий ўйин кўрсатишаяпти. Албатта, мен бугунги ўйинда энг аввало йигитларга омад тилаб қоламан. Жамшид Искандаров ўйнамаслигига қарамай, ўйлайманки, жамоага Фомин ҳам қўшилади ва бугун қониқарли натижа бўлади. Ва, албатта, мен бунга ишонаман".

Image caption Ўзбекистон ёшларининг нимчорак финалидаги рақиби Юнонистон амалдаги Оврўпо вице-чемпиони ҳисобланади

"Футболда шу яратилган вазиятдан фойдаланиб, иложи борича рақибга имкон берилмаса, ўйлайманки, натижа биз тарафда бўлади", дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Ўзбекистонлик мураббий, "бунинг битта ўйин бўлиши, йўл қўйилган битта хато жудаям қимматга тушиши мумкинлиги"ни алоҳида таъкидлайди.

"Чунки, агар, кечаги ўйинни кўрган бўлсангиз, турклар енгилиб турганига қарамасдан, Австралияга қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита тўп уриб, жаҳон чемпионатидаги иштирокини давом эттиришмоқда. Шунинг учун ҳам, бунақа ўйинлар энг аввало жамоавий ўйин. Шу сабабдан ҳам, иложи борича, ҳимояда ҳамма ҳимояланиб, иложи борича тезкор ҳужум кўрсатиб, рақибнинг хатосидан унумли фойдаланиш лозим бўлади", дейди Миржалол Қосимов.

"Менимча, юнонлар ҳам унақа очиқ ўйин ўйнамайди. Барибир ҳам бу - биринчи плей-офф. Шунинг учун ҳам, 1-бўлимда Ўзбекистон ҳам, Юнонистон ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади, деб ўйлайман. Кўпроқ стандартлар ва қарши ҳужумда хатога йўл қўйилмаса, бас".

"Фақат ғалаба учун"

Image caption Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев "ҳар бир ўйинда майдонга фақат ғалаба учун тушишлари"ни алоҳида урғулаганди

Бундан аввал Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатларида Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев "ҳар бир ўйинда майдонга фақат ғалаба учун тушишлари"ни алоҳида урғулаганди.

Ўз олдларига қўйилган мақсадни очиқларкан, Аҳмаджон ака, "Узоқни кўзлашлари, лекин оёқнинг тагига ҳам қараб юрилмаса, қоқилиб қолиш мумкинлиги фалсафаси"га таянишларини айтганди.

2011 йилги жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқиб, тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси аъзоси Жавлон Мирабдуллаев илк бор ёшлар орасидаги дунё биринчилигининг чорак финалига чиқиш собиқ жамоадошларининг ўзларига боғлиқ эканини айтади:

Тарихий учрашув бугун - 2 июл куни Туркиянинг Газиантеп шаҳридаги "Комил Ўжак" стадионида Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошланади.

Ўзбекистон ёшлари Туркияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқич беллашувларида 3 ўйиндан 4 очко тўплаб, ўз тарихларида илк бор ва муддатидан илгари плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Жамоа илк учрашувида Янги Зеландияни йирик ҳисобда мағлуб этган, Хорватия билан дуранг ўйнаган ва Уругвайга қарши сўнгги ўйинини бой берганди.

Амалдаги Оврўпо вице-чемпиони бўлган Юнонистон эса, нимчорак финалига "Д" гуруҳидан 1-ўринни эгаллаган ҳолда чиққан.

Гуруҳ босқич беллашувларини Мексикага қарши ғалаба, Парагвай ва Мали билан дуранг ўйнаб, якунлаган.

Image caption Ўзбекистон-Юнонистон, Франция-Туркия учрашувини томоша қилиш учун стадионга 10.000га яқин томошабиннинг келиши кутилмоқда

Энг сўнггида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон-Юнонистон нимчорак ўйини ғолиби 6 июл куни чорак финалда Франция-Туркия учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, ёшлар орасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати 21 июн куни Туркияда старт олган ва 24 миллий терма жамоа ягона кубок учун курашларини бошлаб юборишганди.

Чорак финалга чиқиш учун эса, Франция, Туркия, Ўзбекистон, Юнонистон, Португалия, Гана, Хорватия, Чили, Ироқ, Парагвай, Колумбия, Жанубий Корея, Нигерия, Уругвай, Испания ва Мексика кураш олиб боришмоқда.

Бугун - 2 июл куни 16 жамоадан саккизтаси нимчорак финал беллашувларини ўтказишади.

Испания - Мексика, Ўзбекистон - Юнонистон, Нигерия - Уругвай ва Франция - Туркия бир-бирларига қарши майдонга тушишади.

Бу мавзуда батафсилроқ