Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон чорак финалда Францияга қарши

  • 3 Июл 2013

Жаҳон чемпионлиги учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси чорак финалда Францияга қарши тўп сурадиган бўлди.

Франция сешанба куни бўлиб ўтган нимчорак финали учрашувида мезбон Туркияни йирик (4:1) ҳисоб билан мағлуб этди.

Худди шу куни юнонистонлик рақибларини 1:3 ҳисобида енгган Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ҳам ўз тарихида илк бор чорак финалга чиқишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон - Франция чорак финал беллашуви эса, 6 июл куни Туркиянинг Ризе шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистонлик номдор мураббий, Ўзбек футболи афсонаси Биродар ака Абдураимов Ўзбекистон ёшларининг бўлажак рақибидан "хавотирда" эканини яширмайди.

"Мен мураббий сифатида хавотирга тушаяпман. Франция миллий терма жамоаси, ҳақиқатан тан олиш керак, кучли".

"Бу энг аввало уларнинг ўйин сифатида кўринади. Французлар, биринчидан, комбинацион ўйинни яхши кўради. Бундан ташқари, болаларининг техникаси кучли. Бўлмаса, мана, қаранг, турклар ўз уйида ўйнагани, футбол ишқибозлари қўллаб-қувватлаб туришганига қарамай, уларнинг дарвозасига биттамас, иккитамас, тўртта гол урди. Буни жуда катта муваффақият дейиш мумкин", дейди Биродар ака Абдураимов:

"Энди, балким, кеча туркларни ютгандан кейин, французлар мағрурланиб кетиши мумкин. Шу томонларидан бизнинг мураббийлар фойдаланиб олишса, балким, ёмон бўлмас эди".

Аммо, ўзбекистонлик номдор мураббий, "Франция қанча кучли бўлса, бизнинг болалар ҳам бўш келишмайди", деган фикрда.

"Бутун бор кучини ташлайди. Нега деганда, бу чорак финал учрашуви. Ютқазган жамоа чиқиб кетади. Ютган жамоа қолади. Агар французларга ҳам қарши яхши ўйин кўрсатсак, нур устига нур бўларди-да", дейди Биродар ака.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Биродар ака Абдураимов ҳаммураббийлиги остида ўз тарихида ҳозирча илк бор Осиё Ўйинлари чемпиони бўлган.

Франция Ёшлар миллий терма жамоаси "А" гуруҳида Ганани енгиб, АҚШ билан дуранг ўйнаб ва Испанияга ютқазиб, ўзбекистонлик футболчилар каби уч ўйиндан 4 очко билан нимчорак финалига чиққанди.

Аммо, айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, франциялик ёшлар жаҳон чемпионатининг яқин тарихида, яъни 1997 ва 2001 йилларда икки бор чорак финалига чиқишган.

2011 йилда эса, Франция тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалида тўп суриш бахтига муяссар бўлишган.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ўз тарихида бу галгиси билан учинчи бор иштирок этаётган бўлса, икки бор гуруҳ босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлган, аммо бу гал ўз тарихида илк бор нимчорак ва чорак финал босқичларига чиқишга муваффақ бўлган.

Чемпионат бошланишида жамоа Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, "Ҳар бир инсон каби барча миллий терма жамоаларни ҳурмат қилишлари, лекин уларнинг ҳеч биридан қўрқмасликлари, бунга етарлича асослари бор"лигини алоҳида таъкидлаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ