Аҳмаджон Мусаев: 'Мен йигитларга жуда ишонаман'

Image caption Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси

Туркияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида тарихий натижада қайд этиб, Тошкентга қайтган Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бундан буёғига ҳам шогирдларига ишонишини таъкидлади: (Суҳбатни тинглаш учун плейерни ўйнанг)

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси бу гал ўз тарихида илк бор жаҳон биринчилигининг ҳам нимчорак ва ҳам чорак финал босқичларига чиқишга муваффақ бўлди.

"Фақат бу жаҳон чемпионатида эмас, олдинроқ ҳам, яъни ҳар доим, "бу йигитларга ишонинглар", деб айтганман. Кейинчалик улар нафақат Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг ўзаги бўлади. Менинг ўз фикрим, икки, уч йилдан кейин улардан кўпчилиги Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бўлади", дейди Аҳмаджон ака Мусаев.

Ўзбекистонлик Бош мураббий 2016 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларигача вақтлари борлиги, ҳозир бироз ўтириб, қилинган ишларни таҳлил қилиб, нималарнинг устида ишлаш кераклиги хусусида бир тўхтамга келиш ниятида эканликларини айтади.

"Кейин Ўзбекистон Футбол Федерацияси билан келишган ҳолда Олимпиадага тайёргарлик бошланади. Ҳозир олдимиздан турган вазифа - қилинган ҳамма ишларни таҳлил қилиб олиш".

Айни ўринда шуни эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳалича ўз тарихида Олимпиада Ўйинларида тўп сурмаган.

Жамоа сўнгги Лондон Ёзги Олимпида Ўйинларига йўлланма олиш учун сўнггига қадар кураш олиб борган, бироқ плей-офф беллашувларида бу имкониятни бой берганди.

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ: ЧОРАК ФИНАЛГА ЙЎЛ (МАХСУС ФОТОРЕПОРТАЖИМИЗДА ТОМОША ҚИЛИНГ)

Францияга қарши ўйин

Image caption Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси чорак финал беллашувида Францияни енгса, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалига ҳам чиққан бўларди

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси чорак финал беллашувида Францияни енгса, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалига ҳам чиққан бўларди.

Аммо уч сара ўйинчисисиз майдонга тушган жамоа ўтган шанба куни бўлиб ўтган учрашувни французларга 0:4 ҳисобида бой берди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Францияга қарши учрашувларига баҳо бераркан, Аҳмаджон ака Мусаев, "ўйиндан ҳам, ўйин натижасидан ҳам қониқмагани"ни айтади.

"Лекин бунинг сабаблари бор. Ўзингиз биласиз, бу - баҳона сифатида эмас, дисквалификация бўлганликлари учун иккита марказий ҳимоячимиз майдонга туша олишмаганди. А ҳимоя яхши бўлмаса, бу - ҳар бир миллий терма жамоада ҳам, клубда ҳам катта йўқотиш бўлади".

"Мен битта нарсани айтаман, айрим инсонларнинг ҳали бизларга бор экан, деган гаплариям тўғри. Лекин жамоамиз "оптимал" таркибда бўлганда, ҳатто, "энди ноумид шайтон", деди, йигитларимизнинг ютишларига ҳам ишонардим", дейди ўзбекистонлик Бош мураббий.

"Бундан буёғига нимани устида ишлаш кераклиги ҳақида битта мен эмас, йигитларимиз ҳам ўйлаб кўришди. "Минг марта гапиргандан кўра, бир марта кўрган яхши", деганларидек, йигитларимизнинг ўзлари кўришди...".

"Жисмоний тарафдан ишлашимиз керак экан, бу - кўриниб қолди. Нега деганда, мусобақанинг охирига борганда, йигитларимизда толиқиш бўлди. Кейин бунинг устида ишлаш учун тиббиёт ходимларимиз кўп ишлар олиб боришлари керак. Ҳозирги пайтда спортда бу нарсага эришиш учун ёрдамчи ҳаракатлар бўлиши керак: фармакология,..хуллас, жисмоний жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим".

"Лекин йигитларимизда ўзаги бор, охиригача курашади, бу нарса бор. Демак, озгина ишласак бўлади. Ишлашга шароит ҳам, Худога шукр, бор. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Футбол Федерацияси жуда ҳаракат қилаяпти", дейди Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев.

Жаҳон чемпионати

Image caption Чорак финалга чиқиши ортидан, Осиё Футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ва ўзбек футбол жамоатчилигини табриклаб ҳам чиққанди

Ёшлар орасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати 21 июн куни Туркияда старт олган ва 24 миллий терма жамоа ягона кубок учун курашларини бошлаб юборишганди.

Янги жаҳон чемпионини аниқлаб берувчи финал беллашуви эса, 13 июл куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.

6 ва 7 июл кунлари бўлиб ўтган финал беллашувлари ортидан эса, ярим финалда Франция, Уругвай, Ироқ ва Гана миллий терма жамоаларининг тўп суришлари маълум бўлди.

10 июлда бўлиб ўтажак ярим финал ўйинларида Франция Чилига қарши майдонга тушса, Ироқ Уругвай билан финалга чиқиш учун кураш олиб боради.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, бу галги жаҳон чемпионатининг чорак финалига Осиё қитъасидан уч миллий терма жамоа - Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Ироқ чиқишга муваффақ бўлишганди.

Бунинг ортидан Осиё Футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ва ўзбек футбол жамоатчилигини табриклаб ҳам чиққанди.

"...Францияга қарши чорак финал ўйини арафасида мен Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасига энг яхши тилакларимни билдириб қоламан ва сиз Осиё байроғини бундан-да баланд кўтаришингизга ишонаман", деганди Шайх Салмон.

Чунки чорак финалга чиқишининг ўзи Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳоннинг энг кучли саккиз жамоаси сафидан ўрин олганини англатади.

Энди эса, Осиё қитъасидан фақат Ироққина жаҳон чемпионлиги мақоми учун ўз курашини давом эттирадиган бўлди.

Бу мавзуда батафсилроқ