"Анжи" энди маҳаллий футболчиларни етиштирмоқчи

Image caption Россия футболида бурилиш

Маҳачқаланинг "Анжи" футбол жамоаси эгаси Сулаймон Керимов жамоанинг бюджетини кескин қисқартириш ва маҳаллий футболчиларга ишонч юклаш стратегиясини қабул қилишини айтган.

"Талайгина қимматга тушган футболчилар жамоани тарк этажак, бюджет йилига 50-70 миллион долларга қадар қисқартирилади" - деб ёзган ўз Твиттерида "Анжи" бошқарувчилари йиғинининг раиси Константин Ремчуков.

"Биз оммавий равишда футболчиларни сотиш ҳақида гапираётганимиз йўқ, клубимиз барча контракт мажбуриятларини ҳурмат этади" - деб мухбиримизга изоҳлашган "Анжи" маъмуриятида.

2012 йили "Анжи"нинг бюджети 180 миллион долларни ташкил этиб, фақат Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоасидан (280 миллион) кам бўлган.

Ҳолландиялик Гуус Хиддинкнинг 13 июлда бош мураббий вазифасидан озод этилиши кетидан жамоани бошқа бир ҳолландиялик Рене Меленстен бошқариб турган эди. Бироқ энди унинг ўрнига Гаджи Гаджиев олинган.

Маълумки, "Анжи" таркибида дунёнинг энг донгдор футболчиларидан Самюэль Это'О (22 миллион евро), Лассина Траоре (16 миллион евро), Лассана Диарра (14 миллион евро), Юрий Жирков (11 миллион евро), аввалроқ эса Роберто Карлос каби машҳур ўйинчилар тўп суришган.

Константин Ремчуковнинг айтишича, "Анжи"даги ўзгаришларни Сулаймон Керимовнинг бу йил жамоа мавсумни мувафаққиятсиз бошлагани натижасида соғлиғининг кескин ёмонлашгани билан изоҳлаш мумкин.

"Анжи" жамоасида ўзбек футболининг юлдузи Одил Аҳмедов ҳам тўп суради.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, "Анжи" жамоаси 2011 йилда Одил Аҳмедов билан тўрт йилга шартнома имзолаган эди.

Аввалроқ янграган хабарларда Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бўлган "Арсенал"нинг Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро тўлашга рози экани айтилганди.

Хабарларда, "Арсенал" вакиллари "Анжи" клуби раҳбарияти ўзбекистонлик ярим ҳимоячининг жамоани тарк этишига тўсқинлик қилмаслигига орқа қилишаётгани" ҳам қистириб ўтилганди.

Ўзбекистонлик номдор футболчи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан илгарироқ юз берган суҳбатида Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ҳақиқатан ҳам ўзига қизиқиш билдирганини тасдиқлади.

"Энди, биласизми, футболда шунақа нарсаки, бу масалаларда кўпроқ клуб раҳбариятига чиқилади. Клуб билан келишгандан кейин, футболчининг ўзи билан гаплашади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистондаман. Шунинг учун ҳам, кўп нарсадан унчалик хабарим йўқ. 2-3 кун ичида Россияга бораман. Ўшанда ҳамма нарсага ойдинлик киритамиз", дейди Одил Аҳмедов.

"Олдимизда турган вазифа Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинлари бўлгани учун, бошқа нарсаларга эътибор қаратмай, бор эътиборни шунга қаратгандик".

Одил Аҳмедов ўзи учун пул муҳим эмаслиги, энг катта орзуси Оврўпо жамоаларида ўйнаш эканини алоҳида таъкидлайди.

"Қайси жамоада тўп суришимдан қатъиназар, барибир, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилардим. Улар сизга қизиқдими, ўшанга яраша ўйнаш керак, ўшанга яраша ҳаракат қилиб, буни исботлаш керак-да".