Бразилия 2014: Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби қўшалоқ ғалабага эришди

Image caption Иордания Фаластин ва Ливияга қарши ҳар икки ўртоқлик учрашувини ҳам ғалаба билан якунлади

2014 йилги жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан сўнгги йўлланмани қўлга киритишда Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби бўлган Иордания сентябр ойига режаланган плей-офф беллашувларидан аввал Ливияга қарши иккинчи ўртоқлик учрашувини ҳам ғалаба билан якунлади.

Жамоа 9 август куни Аммандаги "Қирол Абдуллоҳ" стадионида бўлиб ўтган ўйинда ливиялик рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Иордания 6 август куни Фаластинга қарши ўтказган илк халқаро ўртоқлик учрашувида ҳам йирик(4:1) ҳисоб билан ғалаба қозонганди.

Жамоа сентябр ойида Ўзбекистонга қарши майдонга тушишдан аввал 15 август куни Сурияга қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдагисини ҳам ўтказади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, ҳозирча бирор бир ўртоқлик учрашуви ўтказгани йўқ.

Жамоанинг туркиялик рақибларига қарши 14 август кунига режаланган ўртоқлик учрашуви яқинда бекор қилинганди.

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси шу ҳафта бошида бу ҳақда ўзининг расмий веб саҳифасида маълум қилган, аммо хабарда ўртоқлик учрашуви нега амалга ошмаслиги сабаблари келтирилмаганди.

Хабарда айтилишича, жорий пайтда 14 август куни бошқа бир ўртоқлик учрашуви уюштириш устида иш олиб борилмоқда.

Бироқ унинг қай бир миллий терма жамоага қарши бўлиши очиқланмаган.

Туркия Футбол уюшмаси эса, аввалроқ расмий веб саҳифасида бунинг сабабини ҳаво ҳароратининг юқорилиги ва Ўзбекистон Футбол Уюшмаси лозим шароитларни яратиб беролмаслигини билдиргани билан изоҳлаганди.

Тошкентдаги тайёргарлик

Image caption Аён бўлишича, Тошкентдаги йиғин давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик-назорат учрашувини ўтказишни режалаган

Агар, Ўзбекистон Футбол Уюшмасининг расмий хабарларига таянилса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз йиғинини 12 август куни Тошкентда бошлайди.

Хабарда терма жамоа аъзоларининг 14 августгача Тошкентнинг “ЖАР” стадионида машғулот ўтказишни режалашгани айтилади.

Аён бўлишича, ушбу йиғин давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик-назорат учрашувини ўтказишни кўзламоқда.

Иордания миллий терма жамоаси ўзлари ғалаба қозонган ҳар икки ўртоқлик учрашувига ҳам мисрлик янги Бош мураббийси Ҳуссам Ҳассан бошчилигида майдонга тушди.

Ҳуссам Ҳассан шу йил июл ойида 2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги босқич саралаш беллашувлари ортидан ироқлик мутахассис Аднан Ҳамад ўрнига Иордания миллий терма жамоасига Бош мураббий этиб тайинланганди.

Бош мураббий этиб тайинланиши ортидан, Ҳуссам Ҳассан Иордания терма жамоасини плей-офф босқичидан муваффақиятли олиб ўтиб, жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқишини таъкидлаганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бой берган сўнгги босқич саралаш беллашувлари якуний учрашувлари ортидан Бош мураббий Миржалол Қосимов ҳам “иложи борича бундан кейинги тўсиқдан ўтишга ҳаракат қилишлари, ҳали имконият бор экан, изланишда бўлишлари”ни урғулаганди.

Ўзбекистон ва Иордания миллий терма жамоалари ўртасидаги плей-офф беллашувларининг илк учрашуви 6 сентябр куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтказилади. Жавоб ўйини эса, 10 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтади.

Ғолиб чиққан жамоа эса, жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибини енгиши шарт бўлади. Бу жамоанинг энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

Ушбу тур беллашувлари эса, шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган. Илк ўйин Осиё қитъасида бўлиб ўтади.

Ўртоқлик учрашувлари эса, ҳар икки миллий терма жамоа учун ҳам плей-офф беллашувларига тайёргарлик кўришда муҳим аҳамиятга эга деб кўрилади.

Чунки ҳар икки рақиб ҳам ҳозирча жаҳон чемпионати финал босқич беллашувларида тўп суришмаган.

Якунида шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон сўнгги босқич саралаш учрашувларида 8 ўйиндан 14 очко, Иордания эса, 8 ўйиндан 10 очко тўплаб, плей-офф босқичида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритишган.