Бразилия 2014: Иордания-Ироқ ўйини бекор бўлди, Нестеров сафдан чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи jfa.com
Image caption Иордания август ойининг ўзида Фаластин ва Ливияга қарши иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, ҳар икковида ҳам ғалаба қозонган

Ўзбекистоннинг 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичидаги дастлабки рақиби Иорданиянинг Ироққа қарши сўнгги халқаро ўртоқлик учрашуви амалга ошмайдиган бўлди.

Бу ҳақда Иордания Футбол Уюшмаси расман хабар тарқатди.

Амалга ошган тақдирда, бу - Ўзбекистон билан шу йилнинг 6 ва 10 сентябр кунларига режаланган плей-офф босқичи беллашувлари олдидан Иордания ўтказган тўртинчи халқаро учрашув бўлган бўларди.

Ироқ билан 28 август кунига режаланган ўртоқлик учрашувининг Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтиши кутилганди.

Аён бўлишича, Иордания миллий терма жамоаси Бош мураббийи Ҳуссам Ҳассан легионер футболчилари майдонга туша олмасликлари боис, ўйинни фойдасиз, деб топган ва буни Иордания Футбол Уюшмасига билдирган.

Бунинг ортидан, узр сўраб, Ироқ Футбол Уюшмасига расмий мактуб йўлланган ва Ироқ томони ҳам бунга ижобий жавоб берган.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Иордания август ойининг ўзида Фаластин ва Ливияга қарши иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, ҳар икковида ҳам ғалаба қозонган.

2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-турида сафарда Сурия билан 1:1 дуранг ўйнаган.

Бу орада Ўзбекистоннинг бирор бир халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаётганига оид расмий хабарлар йўқ.

14 август куни Туркияга қарши режаланган халқаро ўртоқлик учрашуви эса, бекор қилинганди.

Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичи беллашувларига ҳозирлик сифатида 14 август куни Тошкентда ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказган. Уч кунлик йиғин ташкил қилганди.

Дарвозабон Нестеров сафда бўлмайди

Image caption 28 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Тошкентда навбатдаги йиғинини ўтказиши айтилмоқда

Расмий хабарларга кўра, тиззасидан олган жароҳати туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров нафақат Иорданияга қарши беллашувлар, балки мавсумнинг қолган қисмини ҳам ўтказиб юбориши мумкин.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида шу йил 6 ва 10 сентябр кунига режаланган плей-офф босқичи беллашувлари ғолиби Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибини ҳам енгиши шарт бўлади.

Ушбу тур беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган ва бу жамоанинг эса, энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, дарвозабон Игнатий Нестеров 2 август куни Олмонияга учиб кетади ва Мюнхен шаҳрида тиззасида жарроҳлик амалиёти ўтказади.

28 август куни эса, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Тошкентда навбатдаги йиғинини ўтказиши айтилмоқда.

Тошкентдаги илк йиғин ва ўртоқлик учрашувига Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоасининг қатор сара футболчилари дохил 26 нафар футболчи жалб этилган, аммо уларнинг орасида легионерлар йўқлиги айтилганди.

"ЖАР" стадионида кечган ўртоқлик учрашувида киритилган ҳар уч тўпни ҳам Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси етакчи ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ўз ҳисобига ёзганди.

Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси яқинда Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида тарихий, натижа қайд этиб, илк бор биринчиликнинг чорак финалига чиққанди.

Жамшид Искандеровнинг маҳорати биринчилик чоғида ҳам кўплаб футбол мутахассисларининг эътирофларига сабаб бўлганди.

Ҳозирча Иорданияга қарши майдонга тушажак ўзбекистонлик футболчиларнинг расмий рўйхати эълон қилингани йўқ.